Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида “Хотира ва қадрлаш куни” арафасида бўлиб ўтган маърифий тадбир шундай номланди.
Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 79 йиллиги арафасида мамлакатимизда ўтказилаётган маросим ва учрашувлар – урушда ҳалок бўлган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафимизда туриб, Ватанимиз обрў-эътиборини юксалтиришга, қолаверса, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлашга қаратилаётгани маълум.
Тадбирни очаркан, мажмуа раҳбари, тарих фанлари доктори Темир Ширинов шу ва бошқа жиҳатлар ҳақида сўз юритди. Нотиқ ўз чиқишида Ўзбекистонда бир пайтлар кенг қўлланилган, собиқ иттифоқ даври руҳидаги “ғалаба”, “Улуғ Ватан уруши” тушунчалари ўрнига – ўтганларни хотирлаш, тирикларнинг эса қадрини жойига қўйишдек туйғуларни камол топтиришда ташаббускор бўлган Биринчи Президентимизнинг тарихий роли тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтди.
Тадбирда сўзлаган Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгашининг Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси ҳамда 62608-ҳарбий қисм вакиллари ҳам – Ислом Каримовнинг мустақил давлат мудофаа тизимининг асосчиси сифатидаги буюк хизматлари, унинг ғоят тинчликпарвар сиёсат юритгани, бугунгидек хотира тадбирлари – Ватан ҳимоячилари бўлмиш ёш аскарларнинг маънавий тарбиясида муҳим ўрин тутиши борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашишди.
Ёдгорлик мажмуаси музей директори Ойбек Абдимўминов эса – Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабага она ватанимиз Ўзбекистон томонидан қўшилган улкан ҳисса, хусусан, 1941 йил арафасида республика аҳолиси 6 миллион 800 мингдан зиёд бўлгани, шундан қарийб 2 миллиони фронтга отлангани, бу қаҳрамон инсонларнинг 500 мингдан зиёди жангларда ҳалок бўлгани, урушдан жабр кўрган 1 ярим миллиондан ортиқ кексалар, аёллар ва болалар республикага кўчириб келтирилгани каби ва бошқа тарихий маълумотларни фото ва жадваллар воситасида тақдимот қилди.
Тадбир сўнгида ҳарбий қисм аскарлари томонидан ватанпарварлик, қолаверса, Ислом Каримовнинг пок хотирасига бағишлаб ижро этилган шеърлар, куй-қўшиқларни тинглаб, беихтиёр ўз вақтида хотира ва қадрни улуғлаган буюк инсоннинг ўзи ҳам вақти келиб, улуғ бир хотирлашга муносиб кўрилажагига амин бўласан.
Т.Қурбонбоев олган суратлар