ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Инсон ҳар нарсадан улуғ, тинчлик ҳар нарсадан қимматли…


08.05.2019

20 йил муқаддам, 1999 йил 2 март куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов “9 майни Хотира ва Қадрлаш куни деб эълон қилиш тўғрисида”ги фармонга имзо чеккан эди.

 

Фашизм устидан қозонилган ғалабага ҳисса қўшган, Ватанимиз мустақиллиги учун жонини, бор куч-қувватини аямаган бирор бир фахрий, бирор бир киши унутилмаслиги керак. Уларнинг ҳар бирига муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиши шарт эканлиги фармонда белгилаб берилди.

 

Инсонни улуғлаш, инсоннинг қадрини жойига қўйиш, ўтганларнинг хотирасини ёдда сақлаш умумхалқ байрамининг асосий тамойилига айланди. Бу воқеа, ҳеч шубҳасиз, юртимизда тарихий хотирани тўлақонли тиклаш йўлида ҳаётнинг ўзи тақозо этган яна бир жиддий қадам бўлди. Шу муносабат билан пойтахтимизда, вилоят ва туманларда совет мафкурасини ўзида ифода этган эски ёдгорликлар ўрнига халқимизнинг руҳи ва қарашларига ҳамоҳанг бўлган Хотира майдонлари ташкил этилиб, Мотамсаро она ҳайкали ўрнатилди.

 

«Номаълум аскар», «бедарак йўқолган» деган ибораларга барҳам бериш кераклигини Ислом Каримов ўша кезлари кўп гапирарди. Қурбон бўлганлар, қайтмаганларнинг номини имкон борича, қурбимиз етганича тиклашга ҳаракат қиламиз, инсоний бурчимизни албатта бажарамиз, дер эди юртбошимиз. Ана шу майдонларда барпо этилган ёдгорлик мажмуаларида Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган юртдошларимизнинг номлари махсус ишланган лавҳаларга зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйилгани, улар ҳақидаги маълумотлар жамланган 35 жилддан иборат «Хотира» китоби чоп этилгани, айтиш мумкинки, мамлакатимиз тарихида ибратли маънавий воқеа бўлди.

 

Кўп гапириш мумкин бу айём ҳақида. Лекин, айнан Мустақиллик йиллари бу байрамнинг асосий сабабчилари уруш ва меҳнат фахрийларининг қадди ва қадри тикланди, 9 майнинг нуфузи ортиб, Умумхалқ байрами мақомига эга бўлди.

Фарход Курбонбоев олган суратлар