ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ИЛМ ВА ЗИЁ МАСКАНИ


21.05.2024

Бугун замонавий дунёда ахборот олиш учун бизга энг сўнгги технологиялар кўмакка келмоғи тайин. Уларнинг аҳамиятини зиғирча камситмаган ҳолда бир ҳақиқатни тан олиш керак: илмнинг ҳам, ўша энг замонавий воситаларнинг ҳам, маънавиятнинг ҳам асоси – китоб. У – эгалланажак билимлар ибтидоси, у – юксакликка элтувчи нур, у – зиёга бошловчи йўлчи юлдуз. Кутубхоначилик ишига халқаро ҳамжамият томонидан кўрсатилаётган эътибор ҳам китобнинг ана шу тенгсиз аҳамияти боис бўлса керак.

Жиззах шаҳрида “Central Asia – 2024”: фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” XVII Халқаро конференцияси бўлиб ўтди. Хорижий мамлакатлардан келган халқаро экспертлар, кутубхона ва ахборот-ресурс марказлари, нашриётлар, архивлар, музейлар вакиллари, олимлар ва мутахассислар қатнашган анжуманда Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси делегацияси ҳам иштирок этди.

Тадбир ташкилотчилари – Президент ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Алишер Навоий номидаги миллий кутубхона, Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳисобланиб, улар томонидан соҳа бўйича ўзига хос мулоқот майдони яратилди.

Дастлаб бўлиб ўтган ялпи мажлисда ҳар бир давлат вакили ўз фаолиятлари юзасидан тақдимотлар ўтказди. Хусусан, тизимда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш, кутубхоначи кадрларни тайёрлашда таълим муассасалари билан ҳамкорлик, виртуал ўқув залларининг афзалликлари, хусусий ва маҳалла кутубхоналари истиқболлари бўйича маърузалар тақдим этилди. Маърузалар номлари ҳам бир-биридан қизиқарли ва долзарб эдики, мисол тарзида “Ижтимоий медиа тармоқлар даврида китоб ўқиш: инқироз ёки ренессанс”, “2024: бугун ёшлар нега кутубхонага боришмоқда”, “Болалар кутубхонаси шаклидаги волонтёрлик” кабиларни санаш мумкин.

Бевосита Ёдгорлик мажмуаси кутубхонасига келсак, бугун унинг фондида 60 мингдан зиёд китоб, 10 мингга яқин журнал, электрон ва видео ресурслар, Биринчи Президент ҳаёти ва фаолиятига дахлдор архив материаллари мавжуд. Ислом Каримов номидаги кутубхона бугунги кунда Биринчи Президентнинг ўзи 2002 йил 12 апрелдаги қарори билан асос солган – Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ўша йили имзоланган “Илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент Фармони эса – Ўзбекистоннинг илмий ва технологик салоҳиятини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратиш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалардаги ислоҳотларнинг стратегик вазифалари ва устувор йўналишларига мувофиқ ҳолда мамлакат илмий-техникавий тараққиётини таъминлаш, олиб борилаётган илмий тадқиқотлар ва технологик ишланмалар савияси, сифати ва самарадорлигини ошириш, улардан амалиётда кенг фойдаланиш учун ўз вақтида замин яратиб берган эди.

Мамлакат Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2019 йил 10 июндаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори эса – бу масалага янги Ўзбекистонда ҳам жиддий аҳамият берилаётганига далил бўла олади. Ушбу қарор ижроси юзасидан таълим муассасалари кутубхоналарини адабиётлар билан тўлдириш, ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналарининг аудио вариантларини яратиш, «Библиобус»лар фаолиятини йўлга қўйиш, QR-кодлар ёрдамида электрон китоблардан фойдаланиш, кутубхоначилик соҳасида миллий ва халқаро тадбирларни ташкил этиш сингари муҳим ишлар амалга оширилди.

Бевосита Жиззахдаги анжуманга қайтадиган бўлсак, Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси мутахассислари “Кутубхонадаги ахборотлаштириш жараёнларидаги модуль ахборот тизими” мавзуси бўйича маҳорат дарсларида иштирок этиб, бевосита унинг ташкилотчиси бўлмиш – Россиянинг ID logic компанияси сертификатига эга бўлишди. Бундан ташқари Республика тиббиёт кутубхонаси билан мунтазам тажриба алмашиш, кутубхонанинг электрон йиғма каталогини ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Белоруссия кутубхоналар Ассоциацияси раиси Вадим Гигин билан бўлиб ўтган конструктив мулоқот чоғида Ислом Каримов номидаги кутубхонанинг ахборот технологиялар борасидаги фаолиятини RFID ташкилоти томонидан техник қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир давомида ялпи мажлислар, шўъба йиғилишлари, “Ахборот-кутубхона аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Халқаро конференция доирасидаги шўъба йиғилишларида “Энг фаол маърузачи”ларга Миллий кутубхона томонидан сертификатлар топширилди.