ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

“ИККИ ТИЛДА СЎЗЛАШУВЧИ БИР ХАЛҚ”


23.10.2024

Ўзбекистон ва Тожикистон – умумий тарих ва муштарак маънавий қадрият, урф-одатлар, кўп асрлик ҳурмат анъаналари бирлаштириб турадиган, тарихан Буюк ипак йўлининг ўта муҳим бўғини ҳисобланган Марказий Осиёнинг икки давлати. Маъжозий маънода айтганда, бизни –  “икки тилда сўзлашувчи бир халқ”, дея таърифлаш мумкин.

Ўтган асрлар давомида халқларимиз Турк хоқонлиги, Aраб халифалиги, Сомонийлар, Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Хоразмшоҳлар, Темурийлар, Шайбонийлар, Aштархонийлар ҳукмронлигида, Бухоро, Хива ва Қўқон хонликлари, шунингдек, Россия империяси ва Совет Иттифоқи таркибида бўлган. Аммо барча даврларда ҳам ўзбек ва тожик халқлари азалий дўстлик ҳамда яхши қўшничилик анъаналарини давом эттириб, ўз яшаш тажрибасига эга миллатлар сифатида – ёнма-ён, аҳил ва иноқ умр кечиришган.

Мустақилликка эришгач, давлатлараро ҳамкорликни ривожлантириш йўлида янги босқич очилди – 1992 йил 22 октябрда мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди.

Сўнгги йилларда ҳар иккала юрт раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмоннинг сиёсий иродаси ва биргаликдаги қатъий саъй-ҳаракатлари боис ўзаро муносабатларни янада тараққий эттириш стратегиясини белгилаш ва уни амалга оширишда ўта муҳим қадамлар қўйиб келинмоқда.

Жорий йилнинг 22 октябрь куни Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий мажмуага – унинг фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида, Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси Низом Мирзозода раҳбарлигидаги қўшни давлат делегацияси ташриф буюрди.

Мажмуа очилишидаги тажриба, унинг мақсади, ташкилий тузилмаси ҳамда вазифалари билан яқиндан танишиш ниятида келган меҳмонлар дастлаб Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси, икки халқ учун ҳам бирдек ҳурмат ва эҳтиромга сазовор бўлган улуғ шахс – Ислом Каримов ҳайкали, шунингдек, у узоқ йиллар бевосита фаолият юритган Оқсарой қароргоҳини зиёрат қилишди.

Ҳозир музейга айлантирилган бу бино 1997-1999 йилларда қурилган бўлиб, буюк Соҳибқирон Амир Темур барпо этган тарихий Оқсарой шарафига шу номни олган. Уч қаватли, баландлиги 29 метрдан иборат оқ мармар бино замонавий услубда барпо этилган, умумий майдони 5270 квадрат метрни ташкил этади. Ислом Каримов бу бинода 1999-2016 йилларда ўз фаолиятини олиб борган.

Меҳмонлар раҳбари лутф қилганидек, айнан 22 октябрда, давлатларимиз ўртасидаги дипломатик алоқалар ўрнатилганига роппа-роса 32 йил тўлган кунда – ўша ҳамкорлик пойдеворини қўйган тарихий шахслардан бирининг ўчмас номи ва амалга оширган буюк ишлари ёдга олинаётганида ҳам рамзий маъно бор.

Мажмуа Васийлик кенгаши аъзоси, Биринчи Президент рафиқаси Татьяна Каримова тожикистонлик меҳмонларга – мажмуа биносининг яратилиши, Ислом Каримов давлат раҳбари сифатидаги онгли умрининг салмоқли қисмини айнан шу ерда кечиргани ва табиийки, Ўзбекистон учун тарихий аҳамиятга эга қарорлар айни шу бинода қабул қилингани, бугунга келиб, бу иншоотнинг – Мустақиллик асосчиси номи билан аталадиган илмий-маърифий мажмуага айлантирилгани, айни юксак эътибор учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевдан миннатдор эканлигини жонли ва ҳаётий мисоллар билан сўзлаб берди.

Мажмуа раҳбари, тарих фанлари доктори, профессор Темур Ширинов ҳам ўз навбатида қардош мамлакатнинг юксак мартабали меҳмонларини ўзбек заминида қутлашдан мамнун эканини изҳор этиб, тарихчи олим сифатида бу каби масканлар – энг янги тарихимизнинг жонли ва ҳаётий кўзгуси экани, айни кезда шу каби тарихий ва илмий-маърифий иншоотлар яратиш бўйича ўзаро маълумотлар алмашиш масалаларида ҳамкорликка тайёр эканини билдирди.

Меҳмонлар Ёдгорлик мажмуасининг Кўргазмалар залида бўлиб, “Бутун оламни жо қилган юрак” номли галерея ҳамда унинг негизида намойишга қўйилган Биринчи Президентимизнинг ҳаёти ва фаолиятига оид турли санъат асарлари – картиналар, портретлар, фотолар, пейзаж ва ҳайкалтарошлик намуналари билан яқиндан танишишди. Шу ернинг ўзида меҳмонлар учун қўйилган эсдалик китобига ўз таассуротларини битиб қолдиришди.

Шундан сўнг, бир пайтлар Биринчи Президентнинг “Қабуллар уйи” сифатида фойдаланилган, бугунги кунда Ислом Каримов номидаги кутубхона жойлашган тарихий бино бўйлаб саёҳат ташкил қилинди. Ислом Каримовнинг шахсий кутубхонасидан келтирилган, жаҳон миқёсидаги тарихий шахслар дастхатлари битилган ноёб асарлар, қолаверса, кутубхона фонди 50 мингдан ортиқ  китоб ва 30 мингдан ортиқ журналлардан ташкил топган, тўлиқ матнли электрон китоблар сони эса 3 мингдан ошган зиё маскани ҳам Тожикистонлик дўстларимизда катта таасурот қолдирди.

Дарвоқе, ўзаро эсдалик совғалар алмашинуви маросими чоғида меҳмонлар делегацияси раҳбари томонидан айтилган мана бу гап – ташриф тафсилотларига ҳам, у бўйича қилган мулоҳазаларимизга ҳам мантиқий нуқта қўя олади: “Ўз тарихини кўз қорачиғидек, боз устига, мана шундай юксак даражада авайлаб асрай олиш ҳам – буюк ўзбек халқининг донишмандлигига яна бир бор исбот бўла олади”.

Т.Қурбонбоев олган фотолар