ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

“ҲИКМАТГА АЙЛАНГАН ФИКРЛАР”


04.09.2024

Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси томонидан “Ҳикматга айланган фикрлар” китоби нашрга тайёрланди ва босмадан чиқди.

Неча асрларки, халқимиз жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк бобокалонларимиз – Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Мусо ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Соҳибқирон Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби алломаларимиз ҳикматларини ўқиб, маънавий озуқа олиб, юксак хислат ва фазилат эгаси бўлишга интилиб келмоқда. Асрлар оша бизга ўтиб келаётган бу ҳикматлар инсонни – эзгуликка, хайрли ва савоб ишларга, миллий ва умуминсоний қадриятларни эъзозлашга, эл-юрт тотувлиги ва саодати йўлида фидойи бўлишга даъват этиши билан қадрлидир.

Шу нуқтаи назардан олиб қаралганда, “Ҳикматга айланган фикрлар” китобида – шу кунларда хотирасини ёдга олаётганимиз – Мустақиллигимиз асосчиси, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг маъруза ва нутқлари, жойлардаги учрашув ҳамда йиғилишларда билдирган фикр-мулоҳазалари, ўтган йиллар давомида йигирма уч жилдга йиғилган ва алоҳида нашр этилган асарларидан ўрин олган иқтибослар жамланган. Улар таниқли публицист, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети ўқитувчиси Нуриддин Очилов томонидан яхлит бир рисола шаклида тўпланди.

Китобдан ўрин олган ҳикматли иборалар ва иқтибослар “Юксак маънавият – енгилмас куч”, “Конституциявий давлат асослари”, “Иқтисод – ҳаётимиз кўзгуси”, “Раҳбарнинг муқаддас бурчи”, “Инсон, оила, аёл” каби ва бошқа мавзулар асосида, 18 та мавзу ва бобга ажратилиб тақдим этилган.

Мазкур китоб – энг янги тарихимиз тадқиқотчилари, Биринчи Президент ҳаёти ва фаолияти билан қизиқувчилар, умуман, кенг жамоатчилик учун бетакрор туҳфа бўла олади.