Бугун, 30 январь куни Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов 87 ёшга кирган бўлар эди.
Унинг рафиқаси Татьяна Каримова ҳар йили Биринчи Президентимиз таваллуд куни арафасида Самарқанднинг Ҳазрати Хизр мажмуасидаги Ислом Каримов қабрини зиёрат қилиши анъанага айланган. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бу ерда Ислом Каримовнинг давлат ва халқ олдидаги буюк хизматларига муносиб тарзда улуғвор мақбара бунёд этилган бўлиб, у Қуръон оятлари ва суралари билан безатилган.
29 январь куни Татьяна Акбаровна яқинлари ҳамроҳлигида Биринчи Президент қабрини зиёрат қилди. Зиёрат чоғида Қуръони Каримдан суралар ўқилиб, қабр пойига қирмизи атиргуллар қўйилди.
Татьяна Акбаровна Регистон майдони ёнида ўрнатилган Ислом Каримов ҳайкали пойига ҳам гулдаста қўйди.
Шунингдек, Самарқандда хотира маросимлари ҳам ўтказилди. Эҳсон дастурхони устида Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, меҳмонлар Ислом Каримовнинг атоқли давлат арбоби, ўзбек халқининг фидойи фарзанди сифатида мамлакатимиз шаклланиши ва ривожланишидаги беқиёс хизматлари тўғрисида сўз юритдилар.