ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

“ФАРЗАНДЛАРИ СОҒЛОМ ЮРТ”


30.05.2025

Баркамол, соғлом авлодгина буюк келажагимиз гарови бўла олади. Бу – исбот талаб қилмайдиган аксиомадек гап. Рўйи заминда неки жонзот бўлса, ҳаммаси болам, деб яшайди, оғзида дон ташиб бўлса-да, полапонини боқади, ҳимоялаб вояга етказади. Сайёрадаги мавжудотлар орасида энг улуғ, энг мукаррам этиб яратилгани – инсон-ку, инчунун. Фарзандни ўз ортидан ёниб қолган чироқ, келажак деб билади у. Шу келажагининг бахти, иқболи йўлида бутун борлиғини, керак бўлса, умрини бағишлайди. Бу борада ҳам ўзбек миллатига етадигани кам.

Ўзбекистонимиз мустақилликка эришган ондан бошлаб, Биринчи Президент раҳбарлигида – миллат тақдири, мамлакат келажаги учун қайғуриб, бунинг учун зарур шарт-шароитларни яратиш – давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири, деб белгиланди. Бунинг амалдаги исботини, узоққа бормасдан, ҳатто йиллар номланиши ва ижросида ҳам кўриш мумкин. Қаранг – “Оила йили (1998),” “Аёллар йили” (1999), “Соғлом авлод йили” (2000), “Ҳомийлар ва шифокорлар йили” (2006), “Ёшлар йили” (2008), “Баркамол авлод йили” (2010), “Мустаҳкам оила йили” (2012), “Соғлом бола йили” (2014), “Соғлом она ва бола йили” (2016). Бутун бошли йилларни келажак ворислари манфаати йўлида номлаш замирида фақат бир мақсад – келажак тўғрисида чинакам қайғуриш ётган. Номланган йиллар муносабати билан қабул қилинган Давлат дастурлари эса – она ва бола саломатлиги, зурриёдларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва камолга етказиш каби эзгу мақсадларга хизмат қилди.

 

Мухтасар айтганда, Ислом Каримов учун она, бола ва оиланинг жамиятдаги мақоми, миллат генфондини сақлаб қолиш – исталган бошқа масаладан устун бўлган. Унга давлат даражасида эътибор қилиб, йиллар давомида катта куч, имконият ва маблағ йўналтирилган. Ҳатто буюк аждодимизнинг машҳур шиорини ҳам ўта моҳирлик билан ўзгартириб, муомалага киритганки, бунинг негизида ҳам ўшандоқ улуғвор маслакдан ўзга нарса бўлмаган: “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур, қудратли элнинг фарзандлари соғлом бўлур”. Амир Темурнинг машҳур иборасини шундоқ талқин этиш эса фақат Ислом Каримовнинг илкидан келарди. Энг муҳими, ният холис, боз устига эзгу эди. Шунинг учун ҳам айни кунгача эскирмади у ғоя.

Бугун ҳам Янги Ўзбекистоннинг келажаги бўлмиш ёш авлод вакиллари ҳар томонлама давлат ҳимоясида. Хусусан, 2021 йил 9 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Бола ҳуқуқларининг кафолотларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Шу асосда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Болалар омбудсмани институти фаолияти йўлга қўйилди. Болаларни қўллаб-қувватлаш фонди иш бошлади.

Фарзандлари эъзозда бўлган юртнинг истиқболи нурафшон бўлмоғи аниқ. Боиси, у  “ниҳоллар” улғайиб, эртага маҳобатли ва улкан “чинор”ларга айланади. Ва у чинорлар Ватанимизнинг муҳташам биносини янада қудратли ва мустаҳкам қилиб турувчи садоқат, ишонч ва ифтихор устунларига айланади. Бунга ҳеч бир шубҳа йўқ.

“Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан Ислом Каримов номидаги ёдгорлик мажмуасидаги “Бутун оламни жо қилган юрак” кўргазмасида Биринчи Президент фаолияти даврида ёш авлодга қаратилган эътибор лаҳзалари акс этган махсус фотоэкспозиция ташкил қилинди.

Ф.Қурбонбоев ва Т.Қурбонбоев фотосуратлари