ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ФАРҒОНАДА ЎТГАН ХАЛҚАРО АНЖУМАН


19.05.2025

Жорий йилнинг 15-17 май кунлари Фарғона шаҳрида “Central Asia – 2025: фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” XVIII халқаро конференцияси бўлиб ўтди. Буюк Британия, Германия, Малайзия, Россия каби 12 мамлакатнинг 30 дан зиёд вакиллари қатнашган анжуман ишида – Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси вакиллари сифатида – Ислом Каримов номидаги кутубхонадан мутахассислар иштирок этишди.

Конференцияда электрон ахборот ресурсларининг ўрни, улардан фойдаланиш орқали аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни такомиллаштириш, инновацион услуб ва технологиялар, илмий изланишлар бўйича фикрлар алмашиш, кутубхона муассасалари билан ўзаро самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Анжуманнинг очилиш маросимида сўз оларкан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Хўжаев – мамлакатимизда сўнгги уч йилда нашриётлар сони 120 тадан 600 тага етгани, бир йилда 11 минг номдаги китоблар чоп этилаётгани, мамлакатда 18 та ахборот-кутубхона маркази янгидан қурилганини айтиб, бу ишлар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифалардан эканини қайд этди.

Илмий секциялар, маҳорат дарслари, амалий семинарлар, ўртоқлик учрашувларига бой ўтган халқаро конференция саккизта шуъбага бўлиниб, ўз ишини давом эттирди. Унинг  иккинчи кунида Ислом Каримов номидаги кутубхона мудири Дилором Шукурова “Кутубхонашунослик ва библиографиянинг ривожланиши: халқаро ҳамкорлик, илмий тадқиқотлар ва маданий мерос” мавзусидаги шўъба ишида модераторлик вазифасини бажарди.

Конференция доирасида Фарғона шаҳар оромгоҳида “Халқаро китобхонлик фестивали” ҳам ўтказилиб, унда хорижлик ҳамда республикамизнинг кутубхона, архив ва ноширлик соҳалари мутахассислари, шунингдек, оддий китобхонлар қатнашишди.

Анжуман якунида мамлакатимизнинг бир гуруҳ кутубхона мутахассислари “Ахборот-кутубхона аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирландилар.