![]() |
![]() |
Ўтган ҳафта охирида пойтахтда бошланиб, Самарқанд ва Қаршида давом этган расмий хотира маросимлари якунлангач ҳам, Оқсарой қароргоҳи кираверишида қад ростлаган Биринчи Президент ҳайкали ёнига, унинг номи билан аталувчи мажмуанинг “Бутун оламни жо қилган юрак” кўргазмасига ҳамда Ислом Каримов номидаги кутубхонага келган юртдошларимизнинг саноғи йўқ. Улар – ўзлари эъзозлаган, яхши кўрган, бугунги муаззам ва хотиржам кунлар сабабчиси бўлган улуғ инсон хотирасини ёд олиш учун, ўз ихтиёрлари билан қадам ранжида қилган инсонлар.
Тоғларнинг буюклиги ундан узоқлашганинг сайин яққолроқ сезилади. Буюк сиймолар қадр-қиммати, уларнинг улуғворлиги ҳам шундай – йиллар оша ҳис этиб борилаверади. Бугун Ислом Каримовсиз ўнинчи йилга қадам қўйдик. Йиллар оша эса унинг – Ўзбекистондаги барқарорлик ва бағрикенглик сиёсати нечоғли улуғвор эканини янада теранроқ англаб бораётирмиз.
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
Буюк давлат ва сиёсат арбоби бошлаган эзгу ишлар изчил давом этмоқда. У барпо этган давлат равнақ топмоқда. Халқ у асослаб берган йўлдан оғишмай қадам ташлаётир. Унинг руҳи ҳамиша халқимиз билан бирга. Чунки мустақиллик ва Ислом Каримов – бир-бирига чамбарчас боғлиқ, бирини иккинчисидан асло ажратиб бўлмайдиган бир бутун тушунча. Яна ўн йиллар, юз йиллар ўтар, бу фикр мустаҳкамлангандан мустаҳкамланиб бораверади.
Бир қизиқ жиҳат – мажмуага келган зиёратчиларнинг салмоқли қисмини навқирон ёшлар, бир қарашда Ислом Каримов кимлигини билмаслиги табиийдек кўринган зурёдларимиз ташкил этади. Демак, билишаркан-да, ота-онаси, яқинларидан эшитишган экан-да. Энг муҳими, бир умр “Ёшлар – келажагимиз, Ўзбекистоннинг ҳамма ёшлари – менинг болаларим” дея куйиб-ёниб, умрини шу буюк ғояга бағишлаган инсоннинг хотираси ҳам тилдан-тилга, кўнгилдан-кўнгилга ўтиб, абад яшаб қолавераркан.
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
Фарғонанинг Риштон туманидан келган ҳунарманд кулол Шоҳруххон Ёқубовнинг ўзи меҳр билан ишлаган – Ислом Каримов тасвири туширилган лаганни кўргазмага туҳфа қилгани ҳам фикримизга яққол мисол бўла олади.
Эзгуликнинг умри боқий. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаб айтганидек, “Орадан йиллар, асрлар ўтади. Лекин буюк Йўлбошчимиз Ислом Каримовнинг мустақил Ўзбекистон давлатини барпо этиш ва уни ҳар томонлама равнақ топтириш йўлидаги беқиёс жасорати ва тарихий хизматларини халқимиз ҳеч қачон унутмайди. Юртбошимизнинг бебаҳо ғоялари, сиёсий мероси биз учун ҳамиша дастуриламал бўлиб хизмат қилади”.
Т.Қурбонбоев фотосуратлари









