ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ҲАМОН ХОТИРАЛАРДА ЯШАМОҚДА


25.07.2025

Ўзбекистон ва Хитой – қадим тараққиёт ўлкалари. Бугун замонавий дунё харитасида – тарих, маданият ва анъаналари муштарак бўлган бу икки давлат янгича шаклдаги ҳамкорлик ришталарини боғлаб келмоқда. Алоқалар олис Буюк Ипак йўлига бориб тақалса-да, уни қайта тиклаш тадориклари Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти номи билан боғлиқ. Чунки ўшал ришталардан давлатлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, инфратузилмани, савдо-сотиқни ривожлантириб, иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйишда фойдаланиш ғоясини илгари сурган шахс – айнан Ислом Каримов эди.

Шу боис ҳам Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси – бу галги Хитой делегациясининг Ўзбекистон тарихи ва маданияти билан танишув дастуридаги илк манзили бўлди. Буни ХХРнинг етакчи сармоявий ва қурилиш компанияларидан ташриф буюрган меҳмонлар ҳам тасдиқлайди.

Мао Танланг – делагация раҳбари:

– Мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги муносабатларни тиклаган буюк етакчи хотирасига ҳурмат бажо келтиришни ўзимизнинг бурчимиз, деб биламиз. Президент Ислом Каримов ҳозирги босқичдаги Ўзбекистон Республикаси билан ХХР ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик, стратегик шериклик ва мустаҳкам дўстлик муносабатларининг асосчисидир. Унинг фаолияти бизнинг юртда ҳам яхши маълум ва юксак ҳурмат-эҳтиромга эга. Алоқалар бугун янада кучайиб, талай қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Меҳмонлар “Бутун оламни жо қилган юрак” кўргазмаси намойиш этилаётган галереяда Ўзбекистоннинг халқаро муносабатлари ривожи солномаси билан танишишди. Чин юрти билан боғлиқ лавҳалар алоҳида ўрин тутган фотоматериалларда – Ислом Каримов ҳамда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзинпинь, қолаверса, ушбу мамлакатнинг бошқа кўплаб раҳбарлари билан учрашувларнинг энг ёрқин лаҳзалари акс этган.

Дарвоқе, Ислом Каримовнинг Хитойга давлат ташрифларидан бирида у Си Цзинпинь таваллуд топган Шэньси вилоятидаги қадимий Циан шаҳри билан яқиндан танишган, мустаҳкам дўстлик белгиси сифатида Ўзбекистоннинг Биринчи Президентига ушбу ўлканинг Фахрий фуқароси ёрлиғи топширилган эди. Бу галги – айнан Шэньси вилоятини тамсил қилаётган Хитой делегацияси аъзолари мазкур тарихий фактни – дўстлик ва ҳамкорликнинг тобора мустаҳкамланиб бораётгани рамзи сифатида алоҳида таъкидладилар.

Меҳмонларда Ислом Каримовдек мураккаб шахс қиёфасининг ўзига хос қирраларини очиб берган рассом ва ҳайкалтарошларнинг бадиий асарлари ҳам катта қизиқиш уйғотди.

Кўргазмада Биринчи Президент фаолияти давомида хорижий делегациялар томонидан тақдим этилган эсдалик совғалари ҳам намойиш этилган. Ана шундай туҳфалардан бири – Хитой чинни лаганида “Абадий ҳаёт орзуси” деган сўзлар битилган. Инсон зотининг абадиятга дахлдорлиги – ишларида, қолдирган меросида намоён бўлади. Инчунун, Ислом Каримов фақат она юртида эмас, рўйи заминнинг ҳар гўшасида хотирланади, улуғланади.

Ф.Қурбонбоев фотосуратлари