ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ДЎСТЛИК КАЛОМИ БИЛАН


12.03.2025

Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси Канададаги ўзбеклар жамияти билан ҳам фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Торонтода ўтган хотира кечалари, ахборот ва делегациялар алмашинуви ҳамда бошқа лойиҳалар – узоқ муддатли самимий алоқалар самараси. Мамнуният билан айтиш мумкинки, бугун Ўзбекистон, унинг тарихи, халқи ва урф-одатлари билан яқиндан танишиш истагида бўлган канадаликлар сони ортиб бормоқда.

Куни кеча Монреаль шаҳрида таҳсил олаётган бир гуруҳ мактаб ўқувчилари мажмуада ғоят илиқ кутиб олинди. Танишув мустақиллик солномасининг бирламчи, асл манбаларини кўздан кечиришдан бошланиб, экскурсия ҳам шунга монанд тарзда ўтказилди.

Ундан олдин эса ўспирин йигит-қизлар Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти хотирасига ҳурмат бажо келтириб, унинг ҳайкали пойига гул қўйишди. Канадалик мактаб ўқувчилари Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова билан учрашиб, мустақилликнинг дастлабки чорак асрида мамлакатда кечган воқеаларнинг бевосита гувоҳи бўлган инсон хотираларига мароқ билан қулоқ тутишди. Табиийки, учрашув қизғин савол-жавобларга бой кечди. Намойиш этилган ҳужжатли ва анимацион фильмлар юртимизнинг бетакрор тарихи ҳақидаги таассуротларни янада бойитди.

Саёҳат ташкилотчиси, Канададаги ўзбеклар жамияти директори Нодира Йўлдошева шундай дейди: “Канадалик ёшларни Ватанимнинг шонли тарихи ва бугуни билан таништириш истаги анча аввал пайдо бўлганди. 2023 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Ўзбекистонлик ватандошлар ўртасида Нью-Йорк шаҳрида ўтган,  камина ҳам иштирок этган учрашувда – хорижлик сайёҳлар оқимини кенгайтириш таклифи билдирилган эди. Шундан сўнг Канададаги мактабларда бир нечта учрашувлар ўтказдим, Ўзбекистон, умуман, бу заминда кечаётган катта ўзгаришлар ҳақида гапириб бердим. Монреаль мактабларидан бирининг ўқувчилари Ўзбекистонга саёҳат қилиш истагини билдиришди. Шу тариқа, мана, сафар ҳам кўп куттирмади”.

Мажмуадаги “Бутун оламни жо қилган юрак” кўргазмасида намойишга қўйилган рассомлар, ҳайкалтарошлар ижод маҳсуллари, фотосуратлар – мустақил давлат асосчиси сиймосини, унинг характерини очиб беради. Ўз халқининг фидойи, оташқалб фарзанди бўлган Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи ушбу кўргазма ҳам хорижлик навқирон меҳмонларда илиқ тасаввур уйғотди.

“Таассуротларимиз бир олам. Бу юртнинг одамлари жуда меҳмондўст экан. Биз сафар давомида ажойиб мамлакат – Ўзбекистонни кашф қилдик, унга меҳримиз тушди. Биламизки, давлатнинг шаклланишида Биринчи Президентнинг ўрни катта”, – дейди меҳмонлардан бири Анна Чабот.

Канадалик мактаб ўқувчилари қизиқарли экскурсия учун миннатдорчилик билдириб, уммон ортига ўзлари билан серқуёш Ўзбекистоннинг бир бўлаги, яъни илиқ ва ёрқин таассуротларни олиб боражакларини таъкидлашди.

Т.Қурбонбоев олган фотолар