2000 йил 12 май. Пойтахтнинг Юнусобод туманида, телеминора қаршисидаги майдонда тумонат одам йиғилган. Боиси – бу масканда муаззам ва табаррук бир мажмуа – “Шаҳидлар хотираси” дея ном олган ёдгорликнинг тантанали очилиш маросими ўтказилмоқда эди. Ўрнатилган рамзий қабрнинг ҳам, умуман, мажмуани “табаррук” деб аташимизда ҳам ўзига хос рамзий маъно бор.
Бир пайтлар халқ орасида “Алвасти кўприк” дея совуқ ном олган жойда – одам зоти ҳатто кундуз куни ҳам ёлғиз ўтишга чўчиган, ҳайқириб оққан Бўзсув атрофидаги тепаликлар ҳайбат солиб турган масканда – Шўроларнинг қийноқ машинаси гуруллаб ишлаб турган йиллари миллат ойдинларини шафқатсизларча маҳв этишган. Одамлар юрагида мудҳиш из қолдирган қатағон йилларида бу кўримсиз жарликларда халқимизнинг минглаб асл фарзандлари, миллат фидойилари отилган, бекафан, бежаноза, ном-нишонсиз кўмиб ташланган. Улар орасида миллатимиз ифтихори бўлган Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон сингари юзлаб улуғ зотлар бўлган. Бевақт тугаган умрлар, тақдирлар, шаҳид кетган жонлар...
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ ёзувчиси Саид Аҳмад хотираларидан:
“У жойлар ташландиқ, биров яшамайдиган ерлар эди. Электр йўқ, кечалари беш-олти хўжаликдагина бўлган “бешинчи лампа” дейилган керосин чироқ уйларни аранг ёритарди. Ўспирин чоғларимда ўша ерда яшайдиган тоғамнинг уйига меҳмонга бордим. Ўзим тенги тоғаваччам, яна иккита бола билан кечгача ўйнаб юрдик. Дабдурустдан кўприкдан ҳеч кимни, от-араваларниям ўтказмай қўйишди. Бир пайт, қош қорайганда, тепаликлар оралаб, силкиниб-силкиниб юк машинаси кела бошлади. Қариндошим “Ана, яна отиладиган одамларни олиб келаяпти” деди. Биз қўрққанимиздан жарликдаги дарахтлар орасига бекиндик. Юк машинаси айни бизнинг тўғримизда тўхтади ва ундан одамларни туртиб-суртиб тушира кетишди. Маҳбуслардан биттаси ёмонроқ тушди шекилли, шўрлик додлаб юборди. Жарликнинг тепасига нақ еттита одамни санаб, қатор қилиб қўйишди. Бошлиғи русча команда берганидан сўнг етти марта милтиқ отилгани эшитилди. Маҳкумларнинг икки-учтаси ўлмай қолган бўлса керак, инграб додлай бошлади. Уларга яна ўқ узишди. Кейин кетмон, белкураклар билан ўша жойнинг ўзида ўликларни кўмишди. Биз дағ-дағ қалтираб, улар кетгач, уйга қайтганмиз”.
Бу хотираларни шунчаки ўқиб бўлмайди. Даҳшатга тушасан. Миллатнинг бошига шундай кўргуликларни солиш учун, унинг асл фарзандларини хўрлаб, бир халқ бошида оз эмас-кўп эмас, нақ етти марта қатағон қиличини ўйнатиш учун – тузум деганлари нечоғли маккор ва ғаддор бўлиши, қай шайтоннинг ёғини ялаши керак эди...
![]() |
![]() |
Бир вақтлар – орзуси тушовланган, қадри қоврилган, тили тутилган, дили нола-ю афғонга тўлган миллатнинг қадди-ю қадрини айнан Ислом Каримов кўтарди. Юқорида тилга олганимиз – “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуасининг барпо этилиши ана шундай олийжаноб мақсад йўлидаги ишларнинг инъикоси эди.
1999-2000 йилларда Биринчи Президент раҳбарлигида бу ерда кенг қамровли қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Отиб ташланган қатағон қурбонлари жасадларининг қолдиқлари қазиб олиниб, миллий қадриятларимизга мос эъзоз-эҳтиром билан қабристонларга дафн қилинди.
Роппа-роса чорак аср олдин барпо этилган хиёбон марказидаги зангори гумбазни айнан саккиз устун кўтариб тургани бежиз эмас. Бу – миллий жипслик рамзи. Гумбаз пештоқи остида “Ватан озодлиги йўлида шаҳид кетганлар хотираси мангу барҳаётдир” сўзлари битилган. Бу ҳикмат тарихнинг абадий ҳақиқатидан сабоқ беради – ҳар қайси инсон ҳаёти Ватан озодлиги, халқ фаровонлиги йўлидаги эзгу ишлар билан мазмунлидир.
Ёдгорлик марказида нақшинкор миллий безаклар тортилган ўймакор қабр тоши қўйилган. Бу – Ватанимиз истиқлоли, халқимизнинг эркин, фаровон ва барқарор ҳаётини, бугунги нурафшон кунларни орзу қилиб, жон фидо қилган аждодларимизнинг рамзий қабридир.
Ёдгорлик мажмуи очилиш маросимида Ислом Каримовнинг “Ана шу азиз аждодларимизнинг арвоҳлари шунча йиллар давомида ҳаловат ва ором топмасдан, мана шундай кунларни кутар эди. Биз уларнинг ушалмаган орзу-армонлари олдида, орадан шунча вақт ўтган бўлса-да, ҳали-ҳануз дил яраси битмаган, кўз ёшлари тинмаган, ўша айрилиқнинг дарду ғами билан яшаб келаётган қавму қариндошлари, яқинлари, зурриётлари олдида, Яратган олдида бугун ўз инсоний бурчимизни адо этмоқдамиз”, деган сўзлари тарихий адолат тикланганининг ифодаси эди.
Бу йўлдаги ҳаракатлар фақат мажмуа очилиши билан чекланиб қолингани йўқ. Ҳар йили энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Мустақиллик куни арафасида бу масканда эл-юртимиз озодлиги йўлида жон фидо қилган боболаримизнинг муборак руҳларини шод этиш эзгу анъанага айланган. Биринчи Президентнинг 2001 йил 1 майдаги фармони асосида 31 август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида белгиланди. Айни шу куни ош тортилиб, қатағон йилларида шаҳид кетган аждодларимиз руҳи покларига Қуръон тиловат қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 8 ноябрдаги қарори асосида мажмуа таркибида “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи ҳам ташкил этилди. У 2002 йил 31 августда – мамлакатда илк бор нишонланган “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни”да тантанали равишда очилди.
2007 йилнинг 31 августида Ислом Каримов қатағон қурбонлари тарихи ва аччиқ қисматини янада кенгроқ ўрганиш ва акс эттириш мақсадида унга қўшимча бино қуриш ҳақида фикр билдирди. 2008 йил 5 май куни қабул қилинган Президент Қарори ижроси ўлароқ музейда катта ўзгаришлар амалга оширилди. Унинг қайта таъмирланган ва кенгайтирилган биноси қўш гумбазли, экспозиция учун мўлжалланган 3 та залдан иборат бўлиб, атрофини ўйма нақшинкор айвон ўраб туради. Айвоннинг тўрт тарафидан 42 та миллий нақшлар ўйилган, бўйи 5 ярим метрли устунлар кўтариб туради. Бинонинг экспозиция заллари умумий майдони 960 квадрат метрни ташкил этади. Бугун мингдан ортиқ ноёб экспонатларни ўзида мужассам этган музей халқимиз тарихининг аччиқ ҳақиқатларидан сўзламоқда.
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
Бугунги кунда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бу эзгу ишлар кўлами янада кенгаймоқда: улуғ аждодларимиз мангу қўним топган манзилларда кенг қамровли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда, замонавий ёдгорлик мажмуалари барпо этилаётир, миллий адабиётимиз, халқимиз тарихини ўрганиш ва кенг тарғиб этишга катта аҳамият қаратилмоқда. Биргина мисол: кейинги йилларда Ўзбекистон Олий суди томонидан 1030 дан зиёд мустабид тузум қатағонига учраган ватандошларимиз номи оқланди. Бу эса тарихий адолатни тиклаш йўлидаги янги қадамдир.
Зотан, давлат раҳбари таъкидлаганидек, “Бугунги кунда Янги Ўзбекистонда инсон қадри улуғланадиган адолатли, эркин ва обод жамият, халқпарвар давлат, фаровон ҳаёт барпо этишга қаратилган ислоҳотларимиз жадид боболаримизнинг эзгу ғоя ва дастурларига ҳар жиҳатдан уйғун ва ҳамоҳангдир”.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Ватан озодлиги ва тараққиёти йўлида жонларини тиккан аждодлар хотираси мангуликка дахлдор экан, уларнинг улуғ ёдини миллат кўксида муҳрлаган шахсларнинг эзгу ишлари ҳам ўша миллат кўксида абадул абад қолаверади.
Ф.Қурбонбоев фотосуратлари