Ўзбекистон Республикаси ДХХ чегара қўшинлари қўмондонлигида Биринчи Президент Ислом Каримов хотираси куни муносабати билан маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирга Ислом Каримов номидаги илмий-марифий ёдгорлик мажмуаси вакиллари ҳам таклиф этилдилар.
Даставвал меҳмонлар Чегара қўшинлари музейидаги бой экспонатлар билан танишишди. У ерда намойишга қўйилган, мустақилликнинг илк йилларидаги чегара қўшинлари тарихини акс эттирувчи ноёб фото- ва видеоматериаллар, ҳужжатлар ва артефактлар Ёдгорлик мажмуаси ходимларида катта қизиқиш уйғотди. Айтиш керакки, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони, Хавфсизлик кенгаши раиси Ислом Каримов фаолиятига бағишланган кўргазма музейнинг алоҳида бўлмасидан жой олган.
Шундан сўнг Қўмондонлик клубида, ҳарбий хизматчилар иштирокида, очиқ ва самимий мулоқот тарзида ўтган давра суҳбатида сўзга чиққанлар Мустақилликнинг илк йилларидаги залворли кунлар, мамлакатимиз Қуролли кучларига асос солиниши билан боғлиқ хотираларни ёдга олишди. Бу хотиралар марказида эса – табиийки, мустақил Ўзбекистон асосчиси Ислом Абдуғаниевич Каримов сиймосига бўлган чуқур ҳурмат ва эҳтиром бўлди.
Хотира кунига бағишланган видеофильм намойиши ҳамда Чегара қўшинлари ансамблининг чиқишлари – тадбирга ўзгача тантанавор руҳ, жўшқин ватанпарварлик кайфиятини улашди. Меҳмонларга Чегара қўшинлари қўмондонлиги номидан эсдалик совғалари топширилди.
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |