Хотира – улуғ тушунча. Айниқса, у миллат ва давлат тақдирида ўзига хос из қолдирган шахслар тўғрисида бўлса, у билан боғлиқ эсдаликлар, ёдномаларнинг – йиллар ўтган сайин қадри ошиб бораверади. Бундай шахслар фаолияти билан боғлиқ бадиий, публицистик, тарихий асарлар яратилиши, илмий изланишлар олиб борилиши эса – табиий жараён.
Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси кутубхонасида Туркия миллий мудофаа университети (Milli Savunma Üniversitesi) тадқиқотчиси Исмоил Пўлатнинг “Ислом Каримов даврида Ўзбекистоннинг миллий қурилиши” деб номланган докторлик илмий иши тақдимоти бўлиб ўтди. У Ўзбекистоннинг энг янги даври тарихини, аниқроғи, мустамлакадан озод бўлиб, мустақиллик қўлга киритилган дастлабки чорак асрни қамраб олган бўлиб, илмий ишда бу жараёнларни бевосита бошқарган миллат етакчиси фаолиятини – унинг бор мушкулотлари ва мураккабликлари билан таҳлил этишга ҳаракат қилинган.
Тадбирни очаркан, мажмуа раҳбари, тарих фанлари доктори, профессор Темур Ширинов илмий ишнинг ютуқлари ва ўзига хосликлари, кенг қамрови ҳамда жўғрофияси тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтди. “Докторлик иши яратилиши билан бевосита таниш одам сифатида айта оламанки, жараёнда туркиялик ёш тадқиқотчи салмоқли вақтини Ислом Каримов номли кутубхонада ўтказгани ҳам – унинг изланишдан тўхтамаслигидан, турфа гаджету сўнгги технологияларга боғланиб қолган салафларидан фарқли тарзда, тарихий воқеаларни бевосита давр гувоҳлари ва китоблар воситасида таҳлил қила билиш лаёқатидан далолат беради”, - дея таъкидлади у ўз чиқишида.
Мажмуа Васийлик кенгаши аъзоси, Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова ҳам тақдимот маросимида маъруза қилиб, хорижлик олимга ўз миннатдорчилигини билдирди. Нотиқ ўз чиқишида “Биз учун қадрдон ва дўст мамлакат Туркияда – мустақил давлат асосчиси бўлмиш Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти фаолиятига бағишланган илмий тадқиқотга ҳурмат билан муносабатда бўлингани мен учун алоҳида қадрли”, – дея дил сўзларини изҳор этди.
Шундан сўнг навбат – ўз илмий ишини тақдим этиш учун Исмоил Пўлатга берилди. Меҳмон маърузаси давомида – замонавий Туркияда унинг асосчиси Мустафо Камол Отатурк нечоғли қадр ва нуфузга эга бўлса, Ўзбекистон учун Ислом Каримов ҳам шунчалар эъзозда экани; мамлакат учун ғоят мураккаб, миллатлараро ва диний конфессиялараро тўқнашувлар авжига чиқиб, давлатчилик тақдири хавф остида қолган бир паллада тарих майдонига келган бу шахс ўз вақтида қатъий ва изчил сиёсат юритмаганида, бугунги Ўзбекистон харитаси ҳам буткул бошқача кўринишда бўлиб қолмоғи муқаррарлиги; унинг кўп векторли ички ва ташқи сиёсати маҳсули – бугунги тинч ва осойишта дунёвий давлат экани; илмий ишда яқин тарихнинг мазкур силсилаларига алоҳида ёндашилиб, улар имкон даражасида тадқиқ этилгани ҳақида сўзлади.
Тадбирда сўзга чиққан Халқаро Амир Темур жамоат фонди раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, Тошкент давлат Шарқшунослик университети декани, Ислом Каримовнинг турк тили бўйича собиқ таржимони Жумали Шабановлар – Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти ҳақидаги илмий тадқиқотлар шу билан тўхтаб қолмаслиги лозимлиги, бинобарин, Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасининг бу борадаги фаолияти ҳам таҳсинга сазоворлиги ҳақида гапириб, И.Каримовнинг халқаро, жумладан, Ўзбекистон-Туркия муносабатларида мустақил позицияси ва саъй-ҳаракатларидан ҳикоя қилувчи эсдаликларни сўзлаб беришди.
Тақдимотда сўз олган Ёдгорлик мажмуаси музей директори, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Ойбек Абдимўминов – хорижлик ҳамкасбининг илмий ишидаги ютуқлар билан бир қаторда, ундаги аҳамият берилиши лозим бўлган жиҳатлар тўғрисида ҳам батафсил илмий мулоҳаза юритди.
Конструктив мулоқотлар, илмий ёндашув ва самимий хотираларга бой тарзда ўтган тадбир якунида Татьяна Каримова туркиялик меҳмонга “Ислом Каримов номли кутубхонанинг энг фаол китобхони” йиллик мукофотини топширди.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, ўз умрини – юрт камоли, тинчлиги ва тараққиёти йўлига сарф қилган буюк инсон фаолияти – тадбир давомида бот-бот тилга олинганидек, келажакда кўплаб асарлар, илмий тадқиқотлар мавзуси бўлиб қолишига шак-шубҳа йўқ.
Т.Қурбонбоев олган суратлар