ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

БУЮК КЕЛАЖАК ГАРОВИ


31.05.2024

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни эканини яхши биламиз. Эътибор берган бўлсангиз, худди шу куни ҳаммамиз фарзанду невараларга фавқулодда меҳрибон, ғамхўр ва эътиборли бўлиб қоламиз. Аслида у эътибор дегани ҳар куни, тонгдан то шом қадар бўлмоғи кераклигини – турмуш ташвишлари билан бўлиб, ёддан кўтаришимиз ҳам бор гап. Аслида бундай бўлиши керак эмас. Ахир зурриёд дегани – орзу-умидлар нишони, нурли уфқ даракчиси, армоннинг ушалиш объекти, бир сўз билан, келажак-ку!..

Бир гап айтсак, уни лофга йўйманг. Биласизми, дунё харитасида Ўзбекистон деган давлат пайдо бўлиши биланоқ, айнан болалар, соғлом ва баркамол авлод қайғуси мудом энг устувор вазифа бўлиб келган: оғир-енгиллигидан қатъий назар – ҳар қандай шароитда, ҳар дам, ҳар он. Қуйида келтириладиган сана, факт ва мисоллар эса азбаройи айни даъвони асослаш учундир.

Агар Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни санаси 1950 йилдан бошлаб нишонланаётгани, 1989 йил 20 ноябрда БМТ  Бош Ассамблеяси томонидан “Болалар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенция қабул қилинганини эътиборга олсак, Ўзбекистон мазкур ҳужжатни 1992 йил 9 декабрда ратификация қилиши – мустақил мамлакатда болаларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий мақомини шакллантириш йўлидаги муҳим дебоча бўлди. Яна бир томони, мамлакат Биринчи Президенти Ислом Каримов учун – она, бола ва оиланинг жамиятдаги мақоми, миллат генфондини сақлаб қолиш – исталган бирор масаладан устун бўлиб келган. Унга давлат даражасида эътибор қилиб, йиллар давомида катта куч, имконият ва маблағ йўналтирилган.

Тарихдаги илк давлат мукофоти ҳам шунга дахлдор эдики, 1993 йилда “Соғлом авлод учун” 1- ва 2-даражали орденлари таъсис этилди. Шундай ном билан аталган республика хайрия жамғармасига ҳам асос солинди. Бу каби устувор муносабатга – йилларни номлаш тадрижига боқиб ҳам гувоҳ бўлиш мумкин: “Оила йили” (1998 й.), “Аёллар йили” (1999 й.), “Соғлом авлод йили” (2000 й.), “Оналар ва болалар йили” (2001 й.), “Ёшлар йили” (2008 й.), “Баркамол авлод йили” (2010 й.), “Соғлом бола йили” (2014 й.), “Соғлом она ва бола йили” (2016 й.). Фақат номлаш билан чекланилгани йўқ, балки шу йиллар билан боғлиқ бутун бошли Давлат дастурлари қабул қилиниб, барча эътибор-у маблағ ўша улуғвор маслакка қаратилди.

У маслакнинг бор ғояси, ҳамма нек нияти ва ҳозир айтилган улуғворлиги ушбу – шиорга айланиб кетган даъватда мужассам эди: “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт!”. Тамом-вассалом.

Бу улуғ мақсад йўлида спортнинг беқиёс ҳиссаси ҳам ўз вақтида англаб етилди. Биринчи Президент Ислом Каримовнинг 24 октябрь 2002 йилдаги фармони асосида Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилгани – ёш авлоднинг жисмоний ва маънавий саломатлигини шакллантириш, соғлом турмуш тарзи ва спортга меҳр-муҳаббатни сингдириш йўлида яна бир муҳим қадам бўлди. Бундан ташқари мамлакат таълим муассасалари ўртасида ташкил этилган уч босқичли – “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва “Универсиада” спорт ўйинларида иштирок этиш – ўз даврида Ўзбекистондаги ҳар бир ўғил-қиз учун шараф бўлган.

Кўламдор эътибор ва ҳаракатларнинг натижасини эса биргина мисолда гувоҳи бўлиш мумкин: мамлакатимизда 1991-2015 йиллар давомида – оналар ўлими 3,1 баробар, болалар ўлими эса 3,2 баробар камайди. Халқаро нуфузли ташкилот – “Save the Children” (“Болаларни асрайлик”) томонидан тузилган жаҳон рейтингида Ўзбекистон – ўсиб келаётган ёш авлод саломатлиги ҳақида энг кўп ғамхўрлик кўрсатаётган давлатлар ўнталигига кирди.

Истиқлолнинг илк йилларида тамал тоши қўйилган масалага эътибор бугунги кунда ҳам долзарбликдан тушгани йўқ. Янги Ўзбекистоннинг келажаги бўлмиш ёш авлод вакиллари ҳар томонлама давлат ҳимоясида. Мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев саъй-ҳаракати билан ўқувчилар ўртасида уларнинг жисмоний ва маънавий камолоти йўлидаги “Беш ташаббус”нинг қулоч ёйгани, 2021 йил 9 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бола ҳуқуқларининг кафолотларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон қабул қилингани фикримиз далили. Ҳужжат асосида бола ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Болалар омбудсмани институти фаолияти йўлга қўйилди. Болаларни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилди.

Хулоса қилиб айтганда, баркамол, соғлом авлод – соғлом келажак, соғлом миллат дегани. Бинобарин, фақат соғлом халқ, соғлом миллатгина буюк ишларга қодир бўлади.

 

Ф.Қурбонбоев олган суратлар