ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

БЎЛҒУСИ БОШҚАРУВ ВАКИЛЛАРИ – МАЖМУА МЕҲМОНИ


28.08.2024

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Давлат бошқаруви академияси – мамлакат Биринчи Президентининг 1995 йил 19 апрелдаги Фармони билан ташкил этилган. Мазкур даргоҳ ҳокимият органлари, вазирликлар, идоралар раҳбар кадрлар бўғинининг сиёсий, маънавий ва профессионал тайёргарлигини яхшилаш, шунингдек, давлат ва ижтимоий қурилиш истиқболларини асослашга доир илмий тадқиқотларни мувофиқлаштириш каби мақсадларга хизмат қилиши кўзда тутилган.

Шу кунларда Академия тингловчилари Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида бўлиб, мажмуанинг кутубхона фонди билан яқиндан танишди. Бу ерда Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган ноёб бадиий ва илмий нашрлар, архив ҳужжатлари, электрон ва видео ресурслар жамланган. Кутубхонадаги марказий ўринни – Биринчи Президент муаллифлигидаги асарлар ва унинг шахсий кутубхонасидаги китоблар эгаллайди. Кутубхона мудири Дилором Шукурова булар ҳақида батафсил сўзлаб берди.

Ўзбекистоннинг энг янги тарихи ҳақида сўзловчи манбаларнинг айнан Президент Матбуот хизмати собиқ биносида жойлашгани ҳам – рамзий маънога эга. Ислом Каримов истиқлолнинг дастлабки йилларида айнан шу масканда кенг жамоатчилик вакилларини қабул қилган, хорижий делегациялар билан учрашган, матбуот анжуманлари ўтказган. Давлат раҳбарига худди шу деворлар ичида – мустақиллигимизни биринчилардан бўлиб тан олган давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари ишонч ёрлиқларини топширишган.

Академия тингловчилари ҳар бир бурчаги яқин тарихдан гувоҳлик бериб турган бетакрор бино бўйлаб экскурсия уюштириб, архив суратларини қизиқиш билан томоша қилишди.

Кутубхонанинг коворкинг майдончасида бўлиб ўтган суҳбатда меҳмонларга – умуман, мажмуа ва кутубхона фаолияти, Биринчи Президент хотирасини абадийлаштириш бўйича Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан белгилаб берилган вазифалар тўғрисида батафсил сўзлаб берилди.

Учрашув давомида ҳозирги ўзгаришлар силсиласида – айни босқичдаги давлат қурилиши масалалари, хусусан, янги Ўзбекистоннинг келажагини қандай тасаввур этишимиз каби жиҳатлар юзасидан фикр алмашилди. Бу борада эса истиқлол тарихини ўрганишнинг ҳам аҳамияти мўл.

Тингловчилар мажмуа кутубхонаси – маърифат манбаи сифатида, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш учун қулай маскан бўлиб хизмат қилиши тўғрисидаги мулоҳазаларини билдиришди.

 

Ф.Қурбонбоев олган фотосуратлар