2018 йил 22-23 январь кунлари Урганч ва Нукус шаҳарларида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган юбилей тадбирлари бўлиб ўтди.
Ушбу тадбирлар Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди, Хоразм вилояти ҳокимлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик компанияси томонидан давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 ноябрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил қилинди.
Тадбирларда сўзга чиққан Хоразм вилояти ҳокими Илгизар Собиров, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Қахрамон Сариев, Ислом Каримов номидаги Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси Ҳомийлик Кенгаши аъзоси Татьяна Акбаровна Каримова мамлакатимиз раҳбарияти томонидан мустақил Ўзбекистон Биринчи Президенти хотирасини абадийлаштириш масалаларига берилаётган эътиборни юқори баҳоладилар.
Т.А.Каримова мустақил давлат асосчиси номи билан ҳаётнинг янги ҳаёт мазмуни, тинчлик ва барқарорлик, болаларимизнинг бахтли бугунги куни ва келажаги боғланган минтақаларда бўлиб ўтган илиқ ва самимий учрашувлар учун миннатдорлик билдирди.
Оқсоқоллар, ёш авлод вакиллари ҳам айнан шу ҳақда фикр юритишди. Ислом Абдуғаниевич Каримов билан мулоқотда бўлиш ва ишлаш бахтига муяссар бўлган кишилар ўз хотиралари билан ўртоқлашди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Сайёра Шарафовна Рашидова Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ташаббуси билан фуқаролик жамияти асослари қурилгани тўғрисида сўзлаб берди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили бўлиб ишлаганида у Президент Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган авваламбор, инсон манфаатларига асосланган демократик, ҳуқуқий давлат шакллантириш ғояларини ҳаётга татбиқ этган.
Фан, маданият арбоблари, фахрийлар ва нефть ва газ соҳаси мутахассислари, жамоатчилик вакиллари Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг мустақилликни қўлга киритиш, “ўзбек модели” асосида ўз тараққиёт йўлини танлашдаги тарихий ўрни ва аҳамияти ҳақида гапиришди. Хусусан, мамлакатимизнинг истиқлол йилларида чуқур таркибий ўзгаришлар юз берган нефть ва газ соҳасидаги ютуқлари таъкидлаб ўтилди.
Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти раҳбарлигида амалга оширилган инфратузилмадаги ўзгаришлар янги корхоналар жойлаштириш ва умуман иқтисодиётни ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш имконини берди, минтақаларда бой минерал хомашё захираларини ўзлаштириш доирасини кенгайтирди. Бу эса, ўз навбатида, аҳоли бандлиги даражасини ошириб, ижтимоий инфратузилма ривожига шароитлар яратди.
Тадбир иштирокчиларига Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди. Фото экспозицияси ҳам Ислом Каримовнинг ушбу минтақалар ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида ёрқин далили бўлди.