Биз буюк қомусий олим Абу Али ибн Сино туғилган Афшона қишлоғида жойлашган тиббиёт коллежида ўқиётганимиз ва билим масканимизга Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташриф буюргани билан фахрланамиз.
Буюк давлат ва сиёсат арбоби, Биринчи Президентимиз таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан Пешку туманидаги Афшона тиббиёт коллежида ўтказилган маданий-маърифий тадбирда ўқувчилар шундай дил сўзларини изҳор этди.
2007 йилнинг 14 июни мазкур билим маскани учун унутилмас кун бўлган эди. Ўшанда бу ерга буюк Йўлбошчимиз ташриф буюриб, ўқитувчи ва ўқувчилар билан суҳбатлашган, ёшларни жамиятда ўз ўрнини топишга, улуғ аждодимиз Абу Али ибн Синога муносиб ворис бўлишга даъват этганди.
Тадбирда мустақил давлатимиз асосчисининг юртни таназзул ёқасидан тараққиёт йўлига олиб чиққани, халқимиз фаровонлиги йўлида фидойилик кўрсатгани ҳақида ёшларга сўзлаб берилди. Бугун Президентимиз ташаббуси билан таълим тизимида амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиланишлар соҳада сифат самарадорлигини оширишга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Афшона тиббиёт коллежида Пешку, Бухоро, Вобкент, Ромитан, Жондор ва бошқа туманлардан 1 минг 700 дан зиёд ёш замонавий шароитларда таълим олмоқда. Тадбирда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда Биринчи Президентимиз ҳаёти ва фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди.
Биринчи Президентимиз асарлари кўргазмаси ташкил этилди.
Эркин Ёдгоров, ЎзА