ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Биринчи Президентимиз фаолияти солномаси – мустақил Ўзбекистоннинг янги тарихи


11.01.2018

1.JPG

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 ноябрдаги "Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси тегишли вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда “Ислом Каримов хотирасига бағишланган энг яхши илмий-оммабоп мақола” танловини эълон қилган эди. 
 
Танловга мамлакатимиз ва хориж оммавий ахборот воситаларида чоп этилган, интернет нашрларида эълон қилинган кўплаб материаллар, илмий-оммабоп мақолалар, Биринчи Президентимизнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган китоб ва рисолалар келиб тушган. Нуфузли ҳайъат аъзолари томонидан уларнинг энг яхшилари сараланиб, 2018 йилнинг I чорагида танлов ғолибларининг номлари эълон қилинади. 
 
Шундай китоблардан бири “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйида чоп этилган “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов фаолияти хроникаси (Солнома)”дир. 
 
Мазкур нашр Ислом Каримовнинг Ўзбекистон раҳбари сифатидаги йигирма етти йиллик фаолият хроникасини ўзида мужассам этган. Солномани варақлар экансиз, Биринчи Президентимиз мамлакатимизнинг мураккаб ва таҳликали даврида ҳам, шонли зафарларга бой пайтида ҳам халқ билан бирга бўлгани, халқнинг дарду ташвиши, қувончу шодлиги, орзу-истакларини худди ўзиникидек қабул қилгани, “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” деган эзгу ғояларига содиқ қолгани, шу юрт, шу эл учун ўзи айтмоқчи “ёниб яшаш керак”лигини амалда исботлаганига гувоҳ бўласиз. 
 
Мана улардан айримлари: 
 
“1989 йил 25 июнь. Ислом Каримов Фарғона вилоятидаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол билан танишиш мақсадида ушбу вилоятда бўлди. Ўзбекистон раҳбари вилоятнинг шаҳар ва қишлоқларига бориб, юзага келган нотинч вазият туфайли жабр кўрган одамлар билан суҳбатлашди, аҳволни барқарорлаштириш, мавжуд ижтимоий муаммоларни ҳал этиш бўйича маҳаллий раҳбарларга аниқ кўрсатмалар берди” 
 
“1990 йил 20 июнь. Ўзбекистон ССР Олий Советининг иккинчи сессиясида Мустақиллик декларацияси қабул қилинди. Декларацияда ҳуқуқий ва демократик давлат мустақиллигининг устуворлиги, Ўзбекистоннинг иттифоқдош республикалар ва бошқа давлатлар билан муносабатлари шартномалар асосида белгиланиши ва давлат белгилари (герб, байроқ, мадҳия)ни ўзи таъсис этиши қайд этилди.” 
 
“1991 йил 31 август. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Республика Олий Кенгашининг навбатдан ташқари олтинчи сессиясида маъруза қилди. Ушбу сессияда мамлакатимиз ҳаётида буюк тарихий воқеа содир бўлди. Юртбошимиз бутун дунёга Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини эълон қилди. 1 сентябрь – Мустақиллик куни умумхалқ байрами этиб белгиланди”. 
 
Ислом Каримовнинг фаолияти давомидаги мамлакатимиз ҳаётидаги бундай тарихий, асрларга татигулик янгиланиш ва ўзгаришлар ҳақида яна кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин. Асосийси, буларнинг барчаси Биринчи Президентимизнинг жасорати, матонати, мардлик ва олижаноблик фазилатлари, ноёб истеъдоди, одиллиги ва донишмандлиги, узоқни кўра билиши ва Ватанимизга, халқимизга садоқати, унинг келажаги буюк бўлишига улкан ва қатъий ишончи туфайли рўй берди. 
 
80-йиллар охири 90-йиллар бошидаги оғир ва машаққатли даврларда, ўзининг пуч ғоялари билан барчанинг “оғзига лой шуваб” келган “буюк империя”нинг пойдевори нураб, бутун бошли халқлар, миллатлар оёққа қалқиб, қатор мамлакатларда вазият издан чиқиб, танг аҳвол юзага келганда ҳам Биринчи Президентимиз юксак минбарлардан туриб, халқни хотиржамликка, бундай пайтда ақл билан иш тутишга, ҳар қандай вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишга чорлади, даъват этди. Аждодларимизнинг асрий орзуси мустақиллик, эркинлик ва озодликни ҳадя этди, халқни ўзининг юксак умуминсоний ғоялари атрофида бирлаштира олди. 
 
Буюк давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, халқимизнинг азиз фарзанди Ислом Каримов бутун фаолиятини, ҳаётини Ватанимизнинг озодлиги, тинчлик-осойишталиги, халқимизнинг бахтли ва фаровон ҳаёт кечириши учун бахшида қилди. Тарихан қисқа даврда Ўзбекистон илгариги ўзини боқишга, ўзини ҳимоя қилишга қурби етмаган, иқтисодиёти бирёқлама ривожланган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олиб, аҳолининг ҳаёт даражаси ғоят ачинарли аҳволга тушиб қолган қолоқ республикадан тез ва барқарор суръатлар билан тараққий этиб бораётган, жаҳон ҳамжамиятида ўзига муносиб ўрин эгаллаган, қудратли давлатга айланиши, мустақиллик йилларида халқимиз улкан ютуқ ва марраларга эришиши – буларнинг барчаси Биринчи Президентимиз номи ва фаолияти билан узвий боғлиқ. Ҳатто умрларининг охирги кунларида ҳам, соғлиғи ёмонлашган пайтда ҳам халқига, эл-юртига садоқатини, фидойилигини, меҳр-муҳаббатини намоён этди: 
 
“2016 йил 31 август. Президент Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқига байрам табриги йўллади. 
 
Давлатимиз раҳбарининг байрам табриги 1 сентябрь куни матбуотда чоп этилди”... 
 
Биринчи Президентимизнинг ўзи бошлаб берган улуғ йўлнинг қутлуғ йигирма бешинчи довонидаги ушбу табригида шундай сўзлар бор эди: 
 
“Қадрли ва муҳтарам ватандошларим! 
 
Сизларни, бутун халқимизни Мустақиллик куни билан яна бир бор табриклаб, барчангизга тинчлик-омонлик, бахту саодат, хонадонларингизга, эл-юртимизга файзу барака тилайман. 
 
Барча эзгу ишларимизда Яратганнинг ўзи қўлласин, ўзи мададкор бўлсин! 
 
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз омон бўлсин! 
 
Мустақиллигимиз абадий бўлсин!” 
 
Халқимиз омон экан, Биринчи Президентимизнинг бу тилаклари, албатта, ижобат бўлади: мустақиллигимиз абадий бўлади. Халқимиз Биринчи Президентимиз орзу қилган буюк келажак сари дадил одимлашда, озод ва обод Ватанни кўз қорачиғида асраб, эртанги авлодларга безавол етказишда, бу йўлда бир-бирига елкадош, маслакдош бўлиб ҳаракат қилишда давом этаверади. 
 
Байрам Айтмуродов