ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

БИРИНЧИ ПРЕЗИДЕНТ ХОТИРЛАНДИ


08.05.2026

9 май санаси юртимизда Биринчи Президентимизнинг 1999 йил 2 майдаги фармони асосида умумхалқ байрами сифатида нишонланиб, шу куни миллат хотирасини тиклаш, уруш ва қатағон қурбонлари руҳини ёд этиш, инсон қадрини улуғлаш борасидаги қатор тадбирлар ўтказилиши анъанага айланган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 16 апрелдаги “9 май – Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди. Унда хотира обидаларини обод этиш, нуронийларни қадрлаш, ёшлар қалбида тарихий хотира ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилган кенг қамровли вазифалар белгилаб берилгани эътиборлидир.

Сана арафасида Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ҳам ғоят гавжум бўлди. Мажмуага ташриф буюраётган юртдошларимиз мустақиллик асосчиси, қолаверса, 9 майни – Хотира ва қадрлаш куни сифатида белгилаб берган буюк шахс хотирасини ёдга олиб, унга ҳурмат бажо келтириш учун келишмоқда.

Бугун Ёдгорлик мажмуаси жамоаси ҳам – ташкилот раҳбари, тарих фанлари доктори, профессор Темур Ширинов раҳбарлигида Биринчи Президентимиз хотирасини ёд этиб, Оқсарой қароргоҳидаги Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйишди.

Т.Қурбонбоев олган фотолар