ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

“БИР ВАТАН, БИР ЭЛ, БИР БАЙРОҚ”


18.11.2025

Ўзбекистонда ўн кундан буён давом этаётган, мамлакатимиз тарихида алоҳида ўрин тутган 18 ноябрь – Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қабул қилинган кунга бағишланиб, бутун мамлакат бўйлаб ўтказилаётган байроқ эстафетасининг шиори худди шундоқ. Айни кунларда бу муҳим сана юртимизда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан – миллий қадрият, бирлик ва юксалиш тимсоли сифатида кенг нишонланмоқда.

Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида 18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан “Давлат рамзлари муқаддас ва улуғ” дея номланган давра суҳбати  бўлиб ўтди.

Аслида “муқаддас”, “улуғ” деган сифатлар шунчаки ишлатилмайди. Миллатни – миллат, элни – эл, давлатни – давлат қилиб турган тимсоллар ўзи кўп эмас: тил, байроқ, туғро, мадҳия. Биргина байроқни оладиган бўлсак ҳам, у – миллат ялови, бизга жондек азиз, нондек мўътабар. Бугун байроқ қабул қилинган куннинг 34 йиллигини байрам қилаётганимиз билан, унинг тарихи, илдизлари, байроқда жамулжам бўлган белгилар – минг йилларга, асрларни қаритган қадриятларга, ҳув ўша Турк ҳоқонликларига, Хоразмийларга, байроқ учун жонини тиккан Нажмиддин Куброларга, Темурийларга, Шайбоний-у Бобурийларнинг тимсолларига бориб тақалади.

Демак, рамзларнинг муқаддаслиги ҳам, улуғлиғи ҳам – қанчалик табиий бўлса, шунчалар кўҳна. Биргина мисол. “Темур тузуклари”да таъкидланишича, Соҳибқирон даврида душман устидан шижоат ва мардлик кўрсатиб, ғалаба қозонган амирлар ва сипоҳийларга давлат тимсоллари – туғ ва ноғора инъом қилинган. Бу Амир Темур давлатида салтанат рамзлари нечоғлик баланд мақом тутгани ва улар қандай катта ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий аҳамият касб этганидан далолат беради.

34 йилки, бу рўйи заминда ўзбек деган халқ, давлат тузган миллат борлигини аён қилиб, дунё узра мағрур ҳилпираб, намоён қилиб турган – байроғимиз қабул қилинишида эса шак-шубҳасиз, мустақиллигимиз асосчиси, Биринчи Президентнинг буюк ўрни бор. Ислом Каримов ундаги ҳар бир белгига, шаклга, рангга – қалб-қўрини, идрокини, борлиғини бағишлаган. Тарихчиларнинг шоҳидлик беришларича, Биринчи Президент байроқ бўйича эълон қилинган умумхалқ муҳокамаси давомида тушган таклифларнинг асосий ғояларини мужассамлаштириб, давлат байроғидаги учта асосий рангни – мовий, оқ ва яшил йўл-йўлларни ўз қўли билан чизиб, комиссияга тақдим этган. Ушбу ташаббус эса Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини қабул қилишда асос вазифасини бажарган.

Бевосита мажмуада бўлиб ўтган тадбирга қайтадиган бўлсак, унда иштирок этиб, маъруза қилган ҳар бир олимнинг фикр-мулоҳазаларида, илмий далиллари ва таҳлилларида – юқорида қайд этганимиз мушоҳадалар у ёки бу шаклда ўрин олди. Фанлар Академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти, “Ўзархив” агентлиги, Жамоат хавфсизлиги университети, Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети профессор-ўқитувчилари, изланувчилари, курсантлари ва талабалари иштирок этган анжуманда – миллий давлатчиликда давлат рамзларининг ўрни ва аҳамияти, уларнинг тарихи, қонунчиликда белгиланган ҳуқуқий жиҳатлари ва масъулияти каби мавзуларда сўз борди.

Анжуманда намойиш қилинган, Ислом Каримовнинг бевосита миллий байроғимиз ҳақида айтган мулоҳазалари ҳамда самимий лаҳзалар акс этган ҳужжатли фильм иштирокчиларда ғоят илиқ таасурот қолдирди.

Тадбирда ҳозир бўлганларнинг аксариятини ёшлар ташкил этгани эса эътиборга лойиқ қувончли ҳодисадир. Чунки миллат ғурури, муқаддас ори, рамзларнинг улуғлигини биринчи галда – келажагимиз ворислари, эртамиз эгалари бўлмиш – ёш авлод чуқур англаб етмоғи, кўксига тумор қилиб олмоғи даркор. Чунки аждодлар орзу-армони, халқимизнинг бугуни, ўлмас хотираси, иймон-эътиқоди, келажакка бўлган комил ишончи – айнан ёшлар тимсолида – юракдан-юракка, кўнгилдан-кўнгилга ўтиб, яшаб қолмоғи керак!

Дарвоқе, тадбир доирасида 18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинган кунга бағишланиб, ташкил этилган махсус фотоэкспозиция ҳам меҳмонларга манзур бўлди.

Фарҳод Қурбонбоев ва Темур Қурбонбоев фотосуратлари