ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

БИР БИНО ТАРИХИ: ҚАБУЛЛАР УЙИДАН – КУТУБХОНАГАЧА


14.07.2025

Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасидаги таркибий тузилмалар ҳақида маълумот беришда давом этамиз. Бугун улардан бири – Ислом Каримов номидаги кутубхона ва у жойлашган бино тўғрисида ҳикоя қилсак.

Бинонинг тарихий аҳамияти шундаки, у Биринчи Президент Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбари этиб сайланган дастлабки даврда бунёд этилган меъморий обидалардан бири бўлиб, Олий Кенгашнинг 1991 йил 31 августдаги тарихий олтинчи сессияси ўтган бинонинг шундоқ ёнгинасида, Тошкентнинг машҳур Анҳори бўйида, теварак атрофини мажнунтоллар қуршаган соя-салқин ва баҳаво ҳудудда жойлашган. Дастлаб “Қабуллар уйи” деб аталган ушбу иншоот лойиҳасининг муаллифлари – А.Тўхтаев ва Д.Ким ҳисобланади. 1990 йилда барпо қилинган бино собиқ Иттифоқда ҳукм сурган – маҳобатли, мармар қопламали ягона тотал кўринишни ҳам, эндигина шаклланаётган миллий меъморий йўналишлар бўлмиш – шарқона орнаменталистика ва классицизмни ҳам, шунингдек, барокко, модернизм, конструкцивизм каби услубларни ҳам бирдек уйғунлаштиргани билан характерли. Шу жиҳати билан ҳам тарихий у, кейин бунақаси умуман қурилмаган.

Истиқлолнинг дастлабки йилларида бу бинодан ўзининг илк номланишига мутаносиб фойдаланилди: мамлакат Президенти кенг жамоатчилик вакиллари билан учрашди, Ўзбекистонга ташриф буюрган чет эл делегациялар раҳбарлари билан музокаралар олиб борди, хорижий элчилардан ишонч ёрлиқларини қабул қилди... Кейинроқ, бу каби тадбирлар – 1999 йилда қуриб битказилган “Оқсарой” қароргоҳига кўчирилгач, бино Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати ихтиёрига берилди. Айнан шу ерда Биринчи Президент томонидан маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари учун матбуот анжуманлари ва брифинглар ўтказилган.

Ва ниҳоят, уч қаватли, маҳобатли бу бинонинг “пешонасига” – бир замонлар фаолият кўрсатган ўша буюк шахс номи билан аталувчи кутубхона учун макон бўлиш ёзилган экан. Шундай бўлди ҳам. Маълумки, илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси қошида 2018 йилдан Ислом Каримов номидаги кутубхона фаолият олиб бормоқда. 2022 йилда эса кутубхона биноси тўлиқ таъмирланди ва реконструкция ишлари амалга оширилди.

Хозирги кунда китобхонларга автоматлаштирилган кутубхона тизими сифатида ҳизмат қилаётган мазкур зиё масканининг ҳар учала қаватидаги –китобхонларни қайд этиш зонаси, таълим зонаси, Коворкинг маркази, электрон ва умумий ўқув заллари, босма нашрларни рақамлаштириш бўлими ҳамда анжуманлар зали – китобхонлар хизматида.

Умумий жамғармаси 50 мингдан ортиқ китоб, 30 мингдан ортиқ журналлардан ташкил топган, тўлиқ матнли электрон китоблар сони 3 минг, аудио китоблар сони эса 100 дан ортиқни ташкил этадиган кутубхона ИРБИС 64+ электрон ахборот тизими, интерактив экранлар, портатив сканерлар, инфокиоск, фото-видеокамералар ва бошқа техник ускуналар билан тўлиқ таъминланган.

Унинг бошқа кутубхоналардан фарқли яна бир ўзига хослиги шундан иборатки, ўқув залида – бир пайтлар Ислом Каримовнинг шахсий кутубхонасида сақланган, дунёнинг таниқли шахслари, сиёсатчилари ва арбоблари, шоир ва ёзувчилари Биринчи Президентимизга ўз дастхатлари билан билан совға қилишган китобларнинг асл нусхалари сақланади. Уларни эса кутубхонага – бу ерда мунтазам равишда учрашув ва мулоқотлар ўтказиб турадиган фидойи инсон – Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова туҳфа этган. Хуллас, кутубхона бўйлаб сайр қилсангиз, бутун бошли тарих тилга киргандек туюлади.

Бугунги кунда бу маскан фақат қироатхона вазифасини бажарибгина қолмасдан, кутубхонада турли илмий-амалий конференция ва хотира кечалари, музокаралар, учрашув ва машваратлар ўтказиб келинади.

Улуғ инсон номи билан аталадиган, ҳар бурчида ўша шахс билан боғлиқ эзгу ишлар, қолаверса, унинг ўчмас хотираси сақланиб қолган – Ислом Каримов номидаги кутубхона фаолиятига разм солиб, буюк алломаларимиздан бирининг қуйидаги машҳур мисралари хаёлга келади:

“Қололмас жаҳон ичра мангу киши,

Фақат қолгуси яхши ному иши”.

 

Фарҳод Қурбонбоев ва Темур Қурбонбоев фотосуратлари