ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

“Бахтиёрлар диёри” кўрик-танловининг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди


03.12.2019

Жорий йил 28 ноябрь куни Тошкент давлат иқтисодиёт университети анжуманлар саройида Касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчи-ёшлари ўртасида “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида “Бахтиёрлар диёри” номли кўрик танловининг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

 

Кўрик-танлови Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарори ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Олий ва Ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида 2019 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар дастури”ижросини таъминлаш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.

 

Танловнинг саралаш босқичи 2019 йил март-май ойларида Қоракалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида ўтказилиб, Мустақиллик даври шароитида ёшларга берилаётган имкониятлардан тўғри фойдаланиш, беш муҳим ташаббус доирасида амалга оширилаётган ишларни ўсиб келаётган ёш авлод вакиллари орасида кенг тарғиб қилиш, ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ва мақсадли ташкил этиш, улар ўртасида дўстлик ва ижодий яқинликни ўрнатиш, ёшлар маънавиятини янада юксалтиришга қаратилди.

 

Якуний гала концерт ва ғолибларни тақдирлаш маросимида “Бахтиёрлар диёри” номли танловнинг ҳудудий босқичида жойларда иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритган 13 нафар вилоят, шаҳар ва туманлардаги академик лицей ҳамда касб-ҳунар коллежларининг энг фаол жамоалари ўзларининг бир-биридан қизиқарли чиқишлари билан иштирок этдилар.

 

Ёш ўғил-қизлар мамлакатимизда олиб борилаётган бугунги ислоҳотлар, юксалиш даври самараларини Ватанимиз ривожидаги янгиликлар, ўзлари яшаётган ҳудудлар, таҳсил олаётган таълим муассасаларидаги ўзгаришлар мисолида кўрсатиб бердилар.

Тадбир ниҳоясида иштирокчи жамоаларга диплом, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.