2 июль – Ўзбекистоннинг давлат герби қабул қилинган кун. Бугун ўз туғромиз пайдо бўлганига роппа-роса 32 йил тўлди. 1992 йил айни шу куни Биринчи Президент Ислом Каримов томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида”ги қонунга имзо чекилган эди.
Ўша кундан бошлаб мамлакатимиз герби тасвири – давлат идоралари, чегара сарҳадлари, муҳрлар ва расмий бланкалар, расмий нашрлар, қоғоз ва танга пуллар, қимматли қоғозлар, фуқаролик паспорти ҳамда қонунда белгиланган бошқа ҳужжатлардан жой олиб келади.
Давлат герби – Конституция, байроқ, мадҳия, давлат тили сингари бош миллий рамзлардан бўлиб, мудом муқаддас ва улуғ саналиб келган. Герб – бу муайян бир давлатни бошқалардан ажратиб турадиган нишон, рамз, тимсол. Табиийки, ҳар қайси мамлакатда яшайдиган одам учун ўз давлати тимсоли суюмли ва бетакрор саналганидек, биз учун ҳам марказида – қадимдан бахт ва давлат қуши, эрк, саодат, ҳиммат, олижаноблик, омад белгиси ҳисобланган Ҳумо қуши тимсоли – шунчалар эъзозли. Дарвоқе, ҳазрат Навоий ҳам ўзининг “Лисон ут-тайр” достонида Ҳумони бахт ва иқбол, эзгулик ва улуғворлик келтирувчи қуш сифатида тасвирлаган.
Шу ўринда Биринчи Президентимизнинг Давлат герби яратилишида ва қабул қилинишида кўрсатган алоҳида жонбозлигини хотирлаш керак бўлади. У шахс ўша тарихий чоғларда таъкидлаб айтганидек, “Республикамизнинг давлат рамзлари қаторида герб ҳам – халқимиз шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этган, тинч ва осойишта, озод ва эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишонч ифодасидир”.
Сайёрамиз сарҳадларида Ўзбекистон деган давлат борлигини англатиб, боз устига, ўзида миллий-маданий анъаналарни мужассам қилган тимсоллардан бири бўлмиш – гербимизни, шу сингари бошқа бебаҳо ижтимоий-сиёсий қадриятларимиз бўлган давлат рамзларини Ватанимиз каби азиз ва муқаддас дея, эътироф этишимиз, эъзозлашимиз – ҳам фарз, ҳам қарз!
Бугун дунёда янги Ўзбекистон номи билан олиб борилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар – юртимиз давлат гербидаги эзгулик ва улуғворликка уйғун ва ҳамоҳанг экани билан аҳамиятлидир.