ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

БАҲОР, ИСЛОМ КАРИМОВ ВА ОҚСАРОЙ...


19.04.2024

Сарлавҳадаги бу учала сўзни ёнма-ён қўйганимиз боиси – битиклар сўнгида балки бироз ойдинлашар.

Баҳорни ким ҳам яхши кўрмайди: табиат қайтадан уйғонса, чаманзорлар яшнаса, еру кўк гулга кўмилса, боз яна “новдаларни безаб ғунчалар, тонгга айтса ҳаёт отини”, “чор атрофда эсарди еллар ва боғларда қушлар чийиллар” тахлит манзара ҳукмрон бўлиб турса... Бу мавзуда ашъордан кўпи борми, денг.

Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, Ислом Каримовдек – дунёнинг бор дўнг-у нишабини ҳассос даражада англаб, миллат етакчиси рутбасига етган одам – кўкламни, унинг инжа гўзалликларига ошно бўлмаслиги мумкин эдими?.. Бунга, хусусан, ундан мерос Оқсаройга, унинг – нафақат ичкарисидаги лолазору табиатнинг гўзал тасвирлари ила безатилган дизайни, балки бино атрофидаги табиат билан мумтоз тарзда уйғунлашган меъморий ансамблга боқиб, амин бўлиш мумкин.

Айтишларича, Ислом Каримов гулларни, айниқса, уни бировга ҳадя этишни жуда яхши кўрар, ўша одамнинг хурсанд бўлганини кўриб, бундан ўзиниям завқи ошир кетаркан. Умр йўлдоши Татьяна Каримова шундай хотирлайди: “Ислом Абдуғаниевич гўзалликни ҳис этибгина қолмай, гуллар, дарахтлар билан пинҳона гаплашарди. У нафақат ўзи, балки атрофидаги ёр-биродарлари ҳам – хиёбонда, дала ҳовлида ва ёхуд тоғда бўлсин, бу гўзалликдан баҳра олишини жуда-жуда хоҳларди, ўзи ясаган гулдастани дўстлари оиласига обориб беришини тайинлаб, тутқазиб юборарди. Айниқса, унинг гуллаган дарахтларга меҳри бўлакча эди. У учун гуллаган новдалар ичида энг чиройлиси – оппоқ бўлиб, яшнаган олча эди”.

Қарангки, бугун Ислом ака ёқтирган ўша олча-ю гилослар ҳам, настарину ўзи бир замонлар дунёнинг турли чеккаларидан атай келтирган – магнолия ва лола дарахтлариям қийғос гуллади, оқ қайину эманлар куртак ёзиб, ниш ҳам отди. У суйган лола-ю чучмомалар заминни қоплаб, дунёни рангин қилди. “Яхшидан боғ қолар”, деган сатр шунчаки ўйлаб топилмаган ахир...

Келинг, шунча гапдан сўнг, сувратларга боқиб, ўзингиз ҳам – бир пайтлар буюк инсон туйган завққа ошно бўлинг. Биргина иштибоҳ борки, қанийди сурат – фақат тасвирни эмас, анвойи ифору бўйни ҳам таратганда эди...

Темур Қурбонбоев олган суратлар