2 март куни Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида учрашув бўлиб ўтди.
Баҳор фаслининг дастлабки ойида очиқ машғулот шаклида ўтказилган тадбирнинг мавзуси ўз ўрни ва аҳамияти жиҳатидан долзарб саналади, яъни «Аёлни улуғлаш – мустақил Ўзбекистон сиёсатининг ажралмас қисми».
Мамлакатмизда аёллар хамиша эъзозда, давлат эътиборида бўлиб келган. Ҳозирги кунда бу йўналишдаги ишларнинг кўлами кенгайиб амалий ҳаракатлар фаол тус олган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинаётган фармон ва қарорларнинг аксариятида она-бола саломатлиги, оила фаровонлиги, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни билан боғлиқ масалалар алоҳида ўрин эгаллайди.
Зеро учрашувда таъкидланганидек, Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур каби буюк алломаларимизнинг бешигини ўзбек аёллари тебратган. Аёлни, онани улуғлаган юрт ўз фарзандини улуғлайди, фарзандини эъзозлаш эса ўз келажагини эъзозлаш демакдир.
Мана шундай эътирофларга бой бўлган учрашувда Ислом Каримов номидаги Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбарининг ўринбосари Турсунали Қўзиев, Ислом Каримов жамоат фонди вакили Ботир Убайдуллаев, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Тошкент давлат юридик институти профессори Феруза Мухитдинова, Ислом Каримов номидаги давлат стипендияси совриндорлари, коллеж ва лицей талабалари, депутатлар иштирок этди.
Т. Қўзиев ўз сўзида Ислом Каримов шарофати билан меъморчиликда она образи юксак қадр топганини алоҳида таъкидлаб, бу мавзуга аниқ мисоллар ёрдамида кенгроқ тўхталди.
Хусусан, Мустақиллик майдонидаги Бахтиёр она ва Мотамсаро она ҳайкалларининг яратилишида Ислом Каримовнинг бевосита иштироки билан боғлик хотиралар тилга олинди. Халк шоири Маҳмуд Тоир миллат бўлиб давлат бўлиб яшар эканмиз, Ислом Каримовга бўлган меҳримиз доимо яшайди. Тилимизни, динимизни, тарихимизни бизларга қайтарган инсон хотирасига нисбатан ўзгача муносабат бўлиши мумкин эмас. Хотирага ҳурмат борасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев барчамизга ўрнакдир, деб алоҳида таъкидлади. Баҳор, аёл ва муҳаббат, оналарга меҳр мавзуидаги шеърлар учрашувга ўзгача файз ва кўтаринки кайфият бағишлади.
Ботир Убайдуллаев Ислом Каримов жамоат фондининг фаолияти, бугунга қадар амалга оширилган ишларга батафсил тўхталиб, бундай учрашув ва суҳбатлар мамлакатимизнинг Биринчи Президентини яқинроқ билиш, унинг ўгитларига муносиб бўлишда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.
– Қанчадан-қанча зиёратгоҳлар бор юртимизда. Шулар қаторидан Оқсарой барчамиз учун қадрли ва мўътабар қадамжо сифатида муносиб ўрин эгаллайди, - деди профессор Феруза Мухитдинова. – Ислом Каримов аёлларда Ўзбекистон келажагини кўрган, бугун юртимиздаги ўзгариш ва янгиланишларнинг фаол иштирокчиси бўлиб, ёшларга берилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиб, яратилган шароитларнинг қадрига етайлик ва аждодларимизга муносиб бўлайлик.
ЎзХДП Марказий Кенгаши аъзоси, Мукаррам Иномова ва бошқа сўзга чиққанлар ҳам баҳор айёми арафасида мана шундай самимий учрашувлар инсонни маънан бойитишга хизмат қилишини айтиб ўтишди. Зеро шоир Маҳмуд Тоир таъкидлаганидек, ҳар бир суҳбатдан инсон яхши маънода улуғ бўлиб чиқиши керак.
Меҳмонлар Ислом Каримов ҳайкали пойига гуллар қўйиб, «Бутун оламни жо этган юрак» кўргазмасини томоша қилдилар.