Бу дунёда аёл зотига қасида битган, унинг сиймосини суврату ҳайкалларга муҳрлаган халқлар кўп бўлиши мумкин. Бу рўйи заминда аёл шаънини асраб, уни пинҳон назарлардан иҳота қилган миллатлар ҳам мўл бўлмоғи табиий. Ва ниҳоят, замонавий забонга ағдарганда, “гендер тенглиги” аталмиш тутумлар етовида, азбаройи замон зайли боис, аёлдан саркор сайлаган давлатлар ҳам кам эмас. Лекин...
Аёлни, онадек мўътабар зотни – ўз ҳурлигининг тимсолига, бош рамзига айлантирган, бу билан ОНА аталмиш меҳварни бошига тож қилган миллат – айнан ўзбек халқи, Ўзбекистон бўлади. Бу тутум айнан мустақиллик йилларидан бошланган, демоқ сал ноўнғай, чунки буюк тарихимиз аро – Тўмарислар, Туркон хотунлар, Бибихониму Гулбаданбегимлар, Зебуннисо-ю Гавҳаршодбегимлар, Нодираи даврону Увайсийлар ўтган. Аммо хотин-қизларга ғамхўрлик ва эътиборни – давлат сиёсати даражасига кўтариб, тараққиётнинг бош тамойилларидан бирига айлантириш – айнан мустақиллик билан, айнан унинг асосчиси, Ислом Каримов номи билан боғлиқ.
Фаолияти давомида “Аёл – табиатнинг мўъжизаси” дея меҳр ила таърифлашдан чарчамаган Биринчи Президент ҳатто умри поёнида, 2016 йилда ҳам мамлакат хотин-қизларига йўллаган табригида – “Юртимизнинг кексаю ёш барча-барча эркак зоти, мард ўғлонлари ҳақиқатан ҳам Яратганнинг мўъжизаси бўлмиш аёл сиймоси олдида, авваламбор, меҳрибон оналаримиз олдида бош эгиб, таъзим бажо келтирамиз”, дея ўз туйғусини яшириб ўтирмаган, онасини эслаганда, кўзига ёш олган жўмард инсон эди.
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
Бу ҳақиқатни Халқаро хотин-қизлар куни арафасида Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрган меҳмонлар – мустақилликнинг илк ва кейинги йилларида Республика хотин-қизлар қўмитасини бошқарган – Дилбар Ғуломова ҳамда Светлана Иномовалар қайта-қайта эътироф этишди. Мажмуа Ҳомийлик кенгаши аъзоси Татьяна Каримова меҳмонларни қутларкан, уларнинг айнан 8 март байрами арафасида мажмуага ташриф буюришганида ҳам ўзига хос рамзий маъно борлигидан мамнунлигини яширмади.
1995-2004 йилларда Бош вазир ўринбосари – Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида ишлаган Дилбар Ғуломова Биринчи Президентнинг аёлларга ғамхўрликни давлат сиёсати даражасига кўтаргани тўғрисида тўлқинланиб сўз юритаркан, жумладан, шундай деди:
“Очиғи, Ислом Абдуғаниевич Республика раҳбарлигига келгунга қадар ҳам ҳудудларда хотин-қизлар қўмиталари жамоатчилик асосида фаолият юритар, аммо уларнинг раҳбарлари маош олмай ишлашарди. Биринчи Президентимизнинг аёллар сиёсатига берган юксак эътиборини биргина мисол билан тушунтиришим мумкинки, у киши қўмитани ҳукумат таркибига киритибгина қолмасдан, унинг раҳбарига – мамлакат бўйлаб сўзи ўтсин, дея, Бош вазир ўринбосари мақомини берди. Бундан ташқари, бутун бошли йилларни – “Оила йили”, “Аёллар йили”, “Соғлом авлод йили”, “Оналар ва болалар йили”, “Соғлом она ва бола йили” каби ва бошқа номлар билан атаб, махсус Давлат дастурлари қабул қилинди, миллиардлаб маблағлар ажратилди. Буларнинг ҳаммаси – аёл шаъни, унинг мақоми ва эъзози учун бўлган”.
![]() |
![]() |
Меҳмон мамлакатда соҳани бошқарган йилларида хотин-қизлар масаласига бағишлаб, хориж давлатларида ўтган кўплаб халқаро анжуманларда иштирок этганини хотирларкан, уларнинг аксариятида Ўзбекистондаги бу сиёсат ҳайрат ва олқишларга сазовор бўлганини ажиб бир орзиқиш ила эслади.
“Адашмасам, икки мингинчи йилларнинг бошида, БМТнинг аёлларга бағишланган анжуманида иштирок этганимда, маърузам давомида – 1999 йилда Ўзбекистонда иқтидорли ёш қизларимиз учун алоҳида, Зулфия номидаги давлат мукофоти таъсис этилгани ҳақида айтганимда, залдагилар ҳайрат ва ҳавас билан хитоб қилиб юборишган эди. Бу мукофот тарихи тўғрисида тўхталадиган бўлсам, уни биз дастлаб шунчаки рағбатлантириш танлови тариқасида, тарихда ўтган улуғ аёлларимиз номи билан аталадиган жамоатчилик мукофоти, дея Президентга таклиф киритганмиз. Мукофотни ўзбек халқининг улуғ вакиласи Зулфияхоним номи билан аташ ҳам, уни “давлат мукофоти” даражасига олиб чиқиш таклифи ҳам, мукофот эвазига бериладиган имтиёзлар ҳам – Биринчи Президентимиздан чиққан эди, – дея хотирлайди меҳмон.
Мулоқот давомида ўтган йилларнинг кўп хотиралари ёдга олинди, талай одамлар эсланди. Ва яна эътироф этилдики, истиқлолнинг илк йилларидан бошланган – аёл зотини улуғлаб, эъзозлаш сиёсати бугунги кунда ҳам изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, Зулфия мукофотининг ўзини олсак ҳам, 2018 йилдан бошлаб у аввалгидек – ҳар бир вилоятдан биттадан эмас, иккитадан – таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари соҳалари ва жамоатчилик фаолиятида алоҳида ютуқларга эришган иқтидорли хотин-қизларга бериладиган бўлди.
Бу йилги байрам арафасида ҳам 28 нафар фаол қизларимизга Зулфия мукофоти тақдим этилганидан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 3 март кунги Фармони билан – Янги Ўзбекистонни барпо этиш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш йўлида алоҳида ташаббус ва ибрат кўрсатиб келаётган, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш, ёшларимизни она Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга катта ҳисса қўшаётган бир гуруҳ хотин-қизларимиз – давлатимизнинг фахрий унвонларига, орден ва медалларига сазовор бўлишди.
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
Биз эса ўз навбатида мўътабар онахонларимиз, мунис опа-сингилларимизни баҳорнинг илк аёми – Халқаро хотин-қизлар байрами билан, юрак-юракдан самимий қутлаймиз. Зеро, аёл таърифини шоирдан орттириб айтмоқ мушкул:
“Аёлни сев, остонасин ўп,
Қаср қурма, кўнглини сўра –
Бало келса, туриб беради.
Аёлни сев, ўламан, дегин,
Ишқ яратган парвардигордан –
Сенга умр тилаб беради...”
Ф.Қурбонбоев ва Т.Қурбонбоев фотосуратлари









