Йил давомида шундоқ ҳам зиёрат қилувчиларнинг қадами узилмайдиган – Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий мажмуа саҳни 30 январь – Биринчи Президент таваллуд куни арафасида, айниқса, ташриф буюрувчилар билан янада гавжум бўлади. Ўзи ва оила аъзолари билан, гуруҳ ёки делегация бўлиб келадиган меҳмонлар Мустақиллигимиз асосчисини хотирлаб, унинг ҳаёти ва фаолияти билан яқинроқ танишиш ниятида бўлишади.
Куни кеча кузатилган делегациялардан бири – Ўзбекистон Республикаси Одил Судлов академияси тингловчилари ва профессор-ўқитувчиларидан иборат бўлди. Мамлакат Президентининг 2025 йил 21 августдаги Фармони билан, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби негизида ташкил этилган академия зиммасига – суд тизими учун ҳар томонлама етук, замонавий билим ва зарур касбий кўникмаларга эга юқори малакали кадрлар тайёрлаш билан бирга, унда таҳсил олаётган тингловчи ва талабаларнинг юксак маънавий-ахлоқий салоҳиятини шакллантириш вазифаси ҳам юклатилган.
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
Бунда эса, шак-шубҳасиз, давлатимизнинг энг янги тарихи – мустақиллик даврини чуқур англаб етиш, инчунун, унинг осон бўлмаган дастлабки йилларидаги Биринчи Президент томонидан амалга оширилган оламшумул ислоҳотларни тугал ҳис этиш муҳим ўрин тутади.
Бўлғуси адолат посбонлари ва уларнинг устозлари мажмуанинг “Бутун оламни жо қилган юрак” кўргазмасида бўлиб, Биринчи Президентимизнинг ҳаёти ва фаолиятига оид турли санъат асарлари – картиналар, портретлар, фотолар, пейзаж ва ҳайкалтарошлик намуналари билан танишишди.
Меҳмонлар Ислом Каримов номидаги кутубхонада жаҳон миқёсидаги тарихий шахслар дастхатлари битилган ноёб асарлар, қолаверса, 50 мингдан ортиқ китоб ва 30 мингдан ортиқ журналлардан иборат фондга эга зиё маскани билан яқиндан танишишди.
Мажмуа раҳбари Темур Ширинов меҳмонларни қутларкан, жамиятдаги учта асосий ҳокимият тизимидан бири бўлмиш суд ҳокимиятининг асосий мезони – адолат экани мутлақ инкор қилиб бўлмас ҳақиқатлигини, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг эса ҳаётий мезони ҳам, буюк бобомиз Амир Темурдан мерос қилиб олган шиори ҳам айнан адолат бўлганини, шу боис бўлғуси адолат посбонларининг бу маскандаги танишуви ҳам мутлақо тасодиф эмаслиги ҳақида фикр юритди.
Мулоқот якунида меҳмонлар мажмуага ташаккурнома тақдим этишди, ўз навбатида уларга Ислом Каримов китоблари ва унинг фаолияти акс этган нашрлар туҳфа қилинди.
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
Т.Қурбонбоев фотосуратлари













