ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

“АМИР ТЕМУРНИНГ ЖАҲОН ҲАРБИЙ САНЪАТИГА ҚЎШГАН ҲИССАСИ”


13.04.2026

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги қарорига асосан эълон қилинган “Амир Темур ойлиги” доирасидаги тадбирлардан бири – Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетида ташкил этилган халқаро илмий-амалий конференция худди шу мавзуга бағишланди. Тадбирда темуршунос олимлар, тадқиқотчилар, давлат ва жамоат ташкилотлари, халқаро дипломатик корпус вакиллари, ҳарбий атташелар, мамлакатимиз куч тузилмаларининг раҳбарлари иштирок этди.

Буюк давлат арбоби ва моҳир саркарда Амир Темурнинг бой тарихий мероси, унинг ҳарбий санъат, давлат бошқаруви, қўшинни ташкил этиш, интизом ва Ватан ҳимояси борасидаги қарашларини ўрганишга бағишланган халқаро анжуманда Соҳибқирон томонидан шакллантирилган ҳарбий тафаккур, стратегик ёндашув ва бошқарув тамойиллари нафақат ўз даврида, балки бугун ҳам муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.

Тадбир доирасида буюк бобомизнинг жаҳон ҳарбий санъати ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси, миллий давлатчилик ва ҳарбий анъаналаримиз тараққиётида тутган ўрни тўғрисида мулоҳазалар билдирилди.

Конференция ишида Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси етакчи илмий ходими, санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (РhD) Манушак Арушанова “Амир Темур ҳайкалларини яратишдаги уч хил ёндашув” мавзусида маъруза қилди.

Анжуманда, шунингдек, “Амир Темурнинг жанг стратегияси”, “Амир Темур ва Темурийлар даврида ижтимоий, маданий ва ҳарбий-сиёсий вазият”, “Амир Темурнинг қалъаларни эгаллаш маҳорати” каби ўнлаб мавзулар юзасидан маърузалар тингланди.