Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти таваллудининг 87 йиллиги нишонланган 30 январь арафасида – Ислом Каримов номидаги Илмий-маърифий мажмуа томонидан нашр этиладиган “Мерос ва ҳозирги замон” (“Наследие и современность”, “Heritage and modernity”) ахборот бюллетенининг янги сони босмадан чиқди. Мажмуа Васийлик кенгаши аъзоси, Биринчи Президент рафиқаси Татьяна Каримова ҳамда ташкилот раҳбари Темур Шириновлар мақолалари билан бошланган бюллетенда – мажмуа томонидан ўтган 2024 йилнинг иккинчи ярмида амалга оширилган ишлар маълумотларидан ташқари, Ислом Каримов ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги самимий эсдаликлар, Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича илмий тадқиқотлар, қолаверса, 2024 йил сўнгги чорагида мамлакатда ўтган парламент сайловлари муносабати билан, мустақиллик йилларидаги сайлов қонунчилиги ҳамда амалиёти бўйича амалга оширилган улкан миқёсли ислоҳотлар тўғрисидаги чиқишларга кенг ўрин берилган. |
![]() |
Жумладан, Татьяна Каримованинг “Устувор вазифа – жамият ривожи” мақоласида шундай фикрлар бор: “Дунё миқёсида олганда ҳам, тарихи, маданияти, менталитети, урф-одатлари, миллий таркиби-ю диний эътиқодлари ва бошқа жиҳатлари билан тубдан фарқланадиган мамлакатларнинг барчасига мос бўлган демократияни барпо этишнинг ягона усули йўқ. Ўрганиш, изланиш – ислоҳотлар жараёнларининг ўзида содир бўлади, у эса таҳлил ва мушкулотлар билан кечмоғи табиий. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бир галги чиқишида, “Кўпчилик демократияни турлича талқин қилади. Мен учун демократия – халқимиз тинчлиги, фаровонлиги, тенг ҳуқуқлилиги”, – дея таъкидлаган эди”.
Мажмуа раҳбари Темур Шириновнинг “Тарих – халқ маънавиятининг асоси” номли мақоласидаги мана бу мулоҳазалар эса юқоридаги фикрларнинг гўё мантиқий давомидек янграйди: “Халқимиз, миллатимиз мана шундай оламшумул ютуқлардан ғурурланса арзийди. Шонли тарих халқимизга миллий ғурур ҳиссини беради. Ота-боболаридан қолган тарихдан ғурурланиш учун, шу ҳиссиётларни уйғота оладиган тарихимиз миллат онгига мактаб ёшидан сингдирилмоғи лозим. Шунинг учун тарихимизнинг ушбу даврлари чуқур, кўтаринки руҳда, ҳатто лозим бўлса, бўрттириб ўқитилиши керак. Бунинг учун тарих дарсликлари ислоҳ қилиниши даркор”.
Нашрнинг анъанавий “Ёди ҳамиша ёдда” рукнида филология фанлари доктори Беруний Алимовнинг “Ислом Каримов фаолияти – Ўзбекистон имижида”, “Олтин мерос” халқаро хайрия фонди раиси, таниқли журналист Амирқул Каримовнинг “Мен билган Ислом Каримов”, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фаррух Расуловнинг “Ислом Каримов мақбараси ёнидаги ўйлар” номли хотиралари, шунингдек, Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжоннинг “Кўнглимдадур” шеъри ўрин олган.
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
“Талқин ва тадқиқотлар” рукни орқали эса олимлар – юридик фанлар доктори Фозилжон Отахонов, тарих фанлари бўйича фалсафа докторлари Ойбек Абдимўминов ва Ҳамро Раҳмоновларнинг – ҳуқуқшунослик, тарих, маънавият асослари борасидаги илмий тадқиқотлари бўйича мақолаларига ўрин берилган.
Ахборот бюллетенининг салмоқли қисмини ташкил этган “Мажмуа ҳаётидан лаҳзалар” бўлимидаги мақолалар орқали эса, одатдагидек, илмий-маърифий мажмуанинг ўтган – 2024 йил иккинчи ярмида амалга оширилган кенг қамровли фаолияти билан танишишингиз мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, аввал ҳеч қаерда чоп этилмаган фотоархивдан кенг фойдаланилган, табиийки, муаллифлари бошқа манбаларда ўртоқлашмаган хотиралар ўрин олган мазкур нашр билан танишган муштарий – Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий мажмуанинг фаол тус олаётган кундалик ҳаёти ҳақидаги тўлиқ ва объектив тасаввурга эга бўлиши шак-шубҳасиздир.
Т.Қурбонбоев фотосуратлари