ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

АЭРОПОРТДАН ТЎҒРИ ЁДГОРЛИК МАЖМУАСИГА


22.08.2025

Ўзбекистонга Хитой Халқ Республикасидан келган бу галги делегация аъзолари аэропортдан тўғри Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси томон йўл олди. Гап шундаки, Хитой Сиёсий маслаҳат кенгашининг Шэньси провинцияси Фупи шаҳри вакиллари бўлмиш бир гуруҳ депутатлар мамлакатимиз билан танишувни айнан шу маскандан бошлашга қарор қилишди.

Меҳмонлар таъкидлаганидек, қадим тамаддунларга эга икки юрт ўртасидаги тарихий, савдо-иқтисодий ва маданий алоқалар қайта тикланувида ташаббускор бўлган Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти хотирасини – Чин юртида юксак қадрлашади. Буюк шахснинг бу хизматлари ҳақидаги – меҳмонлар тилидан янглаган шу каби эътирофлар Ислом Каримов ҳайкали олдиданоқ бошланди.

Шундан сўнг хитойлик парламентарийлар “Бутун оламни жо қилган юрак” кўргазмаси билан танишишди. Биринчи Президентимиз ҳаёти ва фаолиятига оид бадиий портретлар, ҳайкалтарошлик ва фотосуратлар жам бўлган галереяда Ўзбекистон ҳамда Хитой ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга бағишланган алоҳида стенд намойиш этилган бўлиб, унда Ислом Каримов ва Си Цзиньпиннинг ўзаро давлатлараро ташрифлари хроникаси акс этган.

Биринчи Президентнинг ўтган аср 90-йиллари бошида хорижий, жумладан, Хитой делегациялари раҳбарлари билан музокаралар ўтказган, дипломатик миссиялар раҳбарларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилган тарихий бино – собиқ Қабуллар уйида жойлашган Ислом Каримов кутубхонаси фаолияти ҳам меҳмонларда улкан таассурот қолдирди. Кутубхона мудири Дилором Шукурованинг кенг маълумотларни қамраб олган таништируви ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Ислом Каримовнинг 1996 йилда Хитойда нашр этилган “Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлида” асари, шунингдек, ХХР раҳбари Си Цзиньпиннинг “Давлат бошқаруви тўғрисида”ги асари ҳамда “Ден Сяопин” китоблари меҳмонлар учун кутилмаган туҳфа бўлди. Ислом Каримовнинг шахсий кутубхонасидан ўрин олган бу китобларни эса унинг рафиқаси Татьяна Каримова совға қилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган мажмуанинг фаолияти тўғрисида аввал ҳам эшитган эдик. Биласизми, хотирани асраб-авайлаш, буюк ишларни давом эттириш – жуда эзгу иш. Тарихдан маълумки, Буюк Ипак йўли қадимги Циань ва Самарқанд шаҳарларидан бошланган. Давлатларимиз раҳбарларининг ташаббуси билан мазкур йўналишлар қайта тикланди. Биз ҳамкорликнинг янги имкониятларини ўрганиш ва шериклик муносабатларини кенгайтиришни режалаштирмоқдамиз. Ўзбекистонга ҳам шунинг учун келганмиз. Ҳаммамиз Си Цзиньпинь таваллуд топган шаҳарданмиз. У ўз вақтида Ислом Каримов давлат ташрифи давомида ташриф буюрган Шеньси провинциясида жойлашган, – деди Хитой парламентарийси аъзоси Гао Лонг.

Меҳмонлар мажмуа фаолияти ҳақида Хитой жамоатчилигига янада кенгроқ маълумотларни тақдим этиш ниятида экани, бугунги мулоқотлар келажакда –илмий-тадқиқот ишлари олиб бориладиган майдон сари бошлаб боришига ишонч билдиришди.

Темур Қурбонбоев фотосуратлари