ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

АДОЛАТЛИ ЖАМИЯТНИНГ ЭРТАНГИ ПОСБОНЛАРИ


24.04.2026

Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрувчи меҳмонлар оқимини кузата туриб, бир ҳақиқатни эътироф этиш лозим. Бу ерга Биринчи Президентни хотирлаш ёки шунчаки унинг ҳаёти ва фаолиятига қизиқиш билдириб, қадам ранжида қилувчилар сафи шундоғам кўп. Аммо улар орасида – ҳуқуқ-тартибот соҳалари, суд органлари вакиллари, мудофаамиз қалқонлари ва ҳарбийлар айниқса, кўпчиликни ташкил этади. Улар мудом Биринчи Президент, айни пайтда замонавий Ўзбекистондаги хавфсизликнинг тамал тошини қўйган илк Олий Бош қўмондон хотирасини ўзгача ифтихор ва ғурур билан ёдга олишади.

Ҳаётини шу Ватан саодати ва унинг тинчлик-хотиржамлиги, жамиятда адолат мезонларининг устуворлиги йўлида тиккан бу шахснинг энг сўнгги маърузаларидан биридаги “Бизнинг бош мақсадимиз – фақат ҳуқуқий демократик давлат эмас, балки адолатли жамият қуриш. Халқимиз ҳар қандай қийинчиликка чидаши мумкин, аммо адолатсизликка чидай олмайди” деган гаплар ҳам бежизга айтилмаган эди.

Мажмуанинг бу галги меҳмонлари ҳам айнан ҳуқуқ-тартибот ходимлари, аниқроғи, Ички ишлар вазирлигининг Малака ошириш институти тингловчилари бўлди. Меҳмонлар “Бутун оламни жо қилган юрак” кўргазмасида, шунингдек, мажмуа таркибидаги кутубхона билан танишишди.

Кўргазмада улар Биринчи Президент фаолиятига оид турли санъат асарлари – картиналар, портретлар, фотосуратлар ва ҳайкалтарошлик намуналари билан танишиб, мустақиллик асосчиси ва меъморининг шону шавкатга тўлиқ, айни пайтда оддийлик қоришиқ буюклигидан дарак бергувчи ҳаётидан воқиф бўлишди.

Биринчи Президентнинг шахсий кутубхонасидан келтирилган, тарихий шахслар дастхатлари битилган ноёб асарлар, қолаверса, 50 мингдан ортиқ китоб ва 30 мингдан зиёд журналлардан фонддан ташкил топган – Ислом Каримов номидаги кутубхона ҳам бўлғуси адолат посбонларида ўзгача таасурот қолдирди. Бу эса уларнинг ҳайрати акс этган фотолардан ҳам маълум.

Т.Қурбонбоев фотосуратлари