Милодий 1336 йил 9 апрель куни Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) яқинидаги Хўжа Илғор қишлоғида туғилган моҳир саркарда, давлат арбоби, илм-фан, маданият ҳомийси бўлган Амир Темур ибн Амир Тарағай буюк тарихий шахслардан биридир. Ҳазрат соҳибқирон марказлашган давлатга асос солди, уни ҳар томонлама мустаҳкамлаб, ривожлантириб, буюк салтанатнинг ҳукмдори сифатида миллатлар ва халқларни бирлаштирди. Туронзамин Амир Темур даврида Буюк Ипак йўлининг қайноқ, гавжум, файзли-баракали гўшалардан бирига айланди.
1403 йили Самарқандга сафар қилган Испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг ёзишича, ўша даврда Амир Темур кўл остидаги мамлакат ва шаҳарларнинг умумий аҳволи, аҳолининг кун кечириши, барпо этилган бинолар: қасрлар, масжид ва мадрасалар, савдо расталари ва устахоналар; Амир Темур саройида амалда бўлган тартиб – қоидалар ҳақида эътиборга молик маълумотлар келтирилган.
Испан элчисининг ёзишича, Амир Темур “Қайси бир мамлакатни забт этган ва бўйсундирган бўлса, уларнинг ҳаммасидан одамларни Самарқанд ва унинг атрофидаги ерларга жойлаштирди. Шоҳ ҳар хил ҳунармандларни йиғишга, айниқса, кўп ҳаракат қилди. XIV аср охирларидаёқ қурилишда бирга ишлаган маҳаллий ва келгинди меъморлар, усталар ўртасида ўзаро таъсир ва ўзига хос ижодий амалий бирдамлик юзага келган. XV аср бошларидаёқ умумий бадиий мактаблар шаклланган. Натижада наинки меъморчилик, наққошлик, ўймакорлик ва бошқа қатор ҳунарларда, балки мусаввирчилик, мусиқа, рақс, томоша санъатларида ҳам кескин юксалишлар юз берди." Буни аксар олимлар уйғониш даври, темурийлар ренессанси деб атайдилар.
Шўро замонида Амир Темур бошқарувига оид ёрқин саҳифалар атайин ёдга олинмаган, унинг фаолияти бирёқлама, нохолис тадқиқ этилиб, фақат унинг ҳарбий юришларига урғу берилган.
Мустақиллик йилларида юртимизда тарихни ёзма манбалар асосида тадқиқ этишга эътибор кучайди, аждодларимиз томонидан узоқ ўтмишда яратилган маданий-маънавий меросни ўрганиш ва тарғиб қилиш долзарб масалалар қаторига қўйилди. Илм-фан, маданият ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг унутилган номлари қайта тикланди.
1991 йили Ислом Каримовнинг саъй-ҳаракатлари билан тарихий адолат қарор топиб, Соҳибқироннинг улуғвор сиймоси бор бўй-басти ила намоён бўлди.
1996 йили Биринчи Президентимиз ташаббуси билан, ЮНЕСКО шафелигида буюк саркарда таваллудининг 660 йиллигига бағишланган бир қатор тадбирлар ўтказилди. Тошкентда Амир Темур ҳайкали қад ростлади, Темурийлар тарихи давлат музейи барпо этилди, халқаро илмий анжуман ташкил қилинди. Қолаверса, Амир Темур ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи “Темур тузуклари”, “Зафарнома” каби асарлар, мақолалар ҳамда бошқа нашрлар дунё юзини кўрди. Ҳозирда мамлакатимизда Амир Темур номидаги халқаро хайрия жамғармаси фаолият юритиб келмоқда. Бундан ташқари, Амир Темур ордени таъсис этилган. Самарқанд ва Шаҳрисабзда Буюк аждодимизнинг ҳайкаллари ўрнатилиб, пойтахт ва бошқа шаҳарларнинг марказий кўчаларига Амир Темур номи берилди.
Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов темурийлар тарихи давлат музейининг очилиши маросимида шундай деган эди: «Кимки ўзбек номини, ўзбек миллатининг куч-қудратини, адолатпарварлигини, чексиз имкониятларини, унинг умумбашарият ривожига қўшган ҳиссасини, шу асосда келажакка ишончини англамоқчи бўлса, Амир Темур сиймосини эслаши керак!»
Президентимизнинг “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида шундай дейилади “… буюк боболаримизнинг маънавий олами хусусида фикр юритилганда, Соҳибқирон Амир Темур ҳақида алоҳида тўхталишимиз табиийдир. Чунки тенгсиз азму шижоат, мардлик ва донишмандлик рамзи бўлган бу мумтоз сиймо буюк салтанат барпо этиб, давлатчилик борасида ўзидан ҳам амалий, ҳам назарий мерос қолдирди, илму фан, маданият, бунёдкорлик, дин ва маънавият ривожига кенг йўл очди.”
1996 йили Президент Ислом Каримов расмий ташриф билан, шунингдек, ЮНЕСКО бош қароргоҳида “Темурийлар даврида илм-фан, маданият ва маорифнинг гуллаб-яшнаши” ҳафталиги доирасида ташкил этилган илмий анжуман ва кўргазмада иштирок этиш учун Парижга борган эди. Мазкур тадбирлар иштирокчиси, Амир Темур номидаги халқаро хайрия жамғармаси раиси Нозим Ҳабибуллаев ўша воқеаларни шундай хотирлайди:
– Ислом Абдуғаниевич тадбирлар бошланишига бир кун қолганда Франция пойтахтига келдилар. У киши Франция раҳбарияти билан ўтган расмий учрашувлар эртасига кўргазманинг очилиш маросимида қатнашдилар. Кутилмаганда кўргазмага Франция Президенти Жак Ширак ташриф буюрмоқчи экани ҳақида хабар келиб қолди. Буни қарангки, Президент Ширак келган пайтда экскурсоводларни ҳеч қаердан топиб бўлмади. Кейинроқ маълум бўлишича, ҳудудни кутилмаганда ўраб олган француз хавфсизлик хизмати уларни залга киритмаган экан. Ислом Абдуғаниевич бу вазиятдан зудлик билан чиқиш йўлини топдилар ва ўзлари юқори мартабали меҳмонни кўргазма зали бўйлаб олиб юриб, ҳар бир экспонат ҳақида батафсил ҳикоя қилиб бердилар.
У киши термурийлар даври тарихи ҳақида 40 дақиқа давомида сўзладилар. Жак Ширак Ўзбекистон Президентининг тарих борасидаги чуқур билимига тан берди. Сал кейинроқ Франция етакчиси Амир Темур ва Темурийлар даврига ғоят қизиқиб қолгани, шунингдек, бу каби ҳолатлардан оқилона чиқиб кета олиш учун Ўзбекистон раҳбари каби ўз мамлакати тарихини чуқур ўрганишни кўнглига тукканини эътироф этди.
Бу – Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг шуҳратини халқаро майдонда танитиш йўлидаги дастлабки қадамлар эди.
Фарход Курбонбоев олган суратлар