Дунёга умид билан қадам қўйиб келаётган навниҳол
инсон ҳаётдан муносиб ўрнини топса, турмушидан,
тақдиридан, Ватанидан рози бўлиб яшайди, умр
бўйи бунёдкорлик фаолияти билан машғул бўлади.
Ислом Каримов
Ёшлар ҳар бир давлатнинг келажагини, салоҳиятини белгиловчи муҳим ижтимоий қатлам саналади. Зеро, ҳар бир жамиятнинг ҳолати, тақдири ва истиқболи унда яшаётган ёшларнинг салмоғи, маънавияти ва онглилиги даражаси билан белгиланади. Ёшлар жамиятнинг эртанги келажаги, унинг фаол аъзоси, таъбир жоиз бўлса жамият эртасининг муносиб ворисларидир. Мазкур нуқтаи назарга кўра ҳам ёшлар давлат ва жамият томонидан доимий эътиборда.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов мустақил республика раҳбари сифатида имзолаган илк қонунларидан бири айнан ёшлар масалаларига тегишли бўлди. 1991 йил 20 ноябрда “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонун ёшларнинг ижтимоий шаклланиши ва камол топиши, ижодий иқтидори жамият манфаатлари йўлида имкони борича тўла-тўкис рўёбга чиқиши учун ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, ташкилий жиҳатдан шарт-шароит яратиш ҳамда уларни кафолатлашни мақсад қилган эди. Шунингдек, Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ Биринчи Президент Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатда ёшлар ҳуқуқлари ҳимоясини кафолатлайдиган ҳуқуқий ва институционал база яратилди. 1992 йил 2 июлдаги “Таълим тўғрисида”ги, 1997 йил 29 августдаги “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида”ги, 2008 йил 7 январдаги “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги ва бошқа кўплаб қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Уларда ёшларнинг замонавий ўзгарувчан жамият шароитида ҳаётга мослашиши, жамият олдидаги масъулиятини англаган фуқароларни тарбиялаш учун ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, психологик ва педагогик шарт-шароитлар яратиш ифода этилди.
Биринчи Президент фармони билан 1999 йил 10 июнда Зулфия номидаги Давлат мукофотининг таъсис этилиши мамлакатимиз хотин-қизларига берилган катта имконият ва масъулият бўлди. Ушбу мукофот опа-сингилларимизга кўплаб имкониятлар эшигини очди. Жумладан, мустақил ижод қилиш, адабиёт, маданият, санъат ва илм-фан соҳасида ўз иқтидорини намойиш этиш имкониятини берди. Шунингдек, Биринчи Президентнинг ташаббуси билан 2008 йил Ёшлар йили деб эълон қилинди.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон аҳолисининг 60% дан ортиғини ёшлар ташкил этади. Шу сабабдан ҳам, ёшлар сиёсати давлат тараққиётининг узлуксизлигини таъминлашга қаратилган барча стратегия ва дастурларида алоҳида ўринга эга.
Бугун мамлакатимиз ёшлари томонидан эришилаётган улкан ютуқлар замирида истиқлолнинг илк йилларидан бошлаб ёшлар тарбияси, таълими, умуман, кадрлар тайёрлаш тизимига алоҳида эътибор қаратилгани мужассам. Давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда ёшларга берилаётган эътибор, уларга давлат томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик миқёси йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Айниқса, 2016 йил 14 сентябрда қабул қилинган янги таҳрирдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда амалга оширишда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
2017 йилда Президентимиз ташаббуслари билан 30 июнь – “Ёшлар куни“ этиб белгиланди ва “Ёшлар куни” байрами сифатида Мустақиллигимиз солномасидан муносиб ўрин эгаллади.
Жорий йилнинг 11 апрелида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш ҳамда улар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президент ёшлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилинишини таъкидлади. «Барча раҳбарлар бир нарсани билиб олсин: эртанги кунимиз эгалари бўлган ёшлар билан ишлаш - биз учун ҳаёт-мамот масаласи! Биз ёшларга бугунданоқ шароит қилиб бермасак, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича инқилобий ташаббусларни илгари сурмасак, Янги Ўзбекистонни қандай барпо қиламиз?» - деди давлатимиз раҳбари.
Ф.Курбанбаев суратлари