Жаҳонга не-не бетакрор аллома-ю шоирларни етиштириб берган халқимиз ўзининг машаққатларга тўла тарихи давомида беназир саркардаларни ҳам вояга етказди. Юртимизни босқинчилардан муҳофаза қилиш каби олижаноб мақсад йўлида мардонавор қўшинлар шаклланди. Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик сингари жасур лашкарбошиларнинг номлари миннатдор халқимиз юрагидан абадий жой олди. Айниқса, дунёда биринчи мунтазам армия тузган Соҳибқирон бобомиз Амир Темурнинг ҳарбий даҳоси яққол кўзга ташланади. Бу зотнинг ҳарб илмидаги бетакрор заковати ҳанузгача жаҳон саркардалари учун сабоқ мактаби бўлиб келмоқда.
“Бугун, мана шу шонли байрам кунида буюк давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ёрқин хотирасига барчамиз яна бир бор ҳурмат бажо келтирамиз. Ўтган 25 йил давомида Қуролли Кучларимизни барпо этиш йўлида қўлга киритган беқиёс ютуқларимиз азиз Юртбошимизнинг номи билан чамбарчас боғлиқ эканини чуқур миннатдорчилик билан эсга оламиз.
Ўзбекистон мустақилликка эришган биринчи кунларда айнан Ислом Абдуғаниевич намоён этган принципиал позиция, сиёсий ирода ва азму шижоат туфайли миллий армиямизга асос солинди. 1992 йил 14 январда юртимиз ҳудудида жойлашган барча ҳарбий тузилмалар Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий тасарруфига ўтказилди. Мана, 25 йилдирки, ана шу тарихий кун Қуролли Кучларимиз пойдевори қўйилган, истиқлолимиз солномасига олтин ҳарфлар билан ёзилган буюк сана сифатида байрам қилинмоқда.”
Биринчи Президентимиз ўша оғир йилларда “Ўзининг буюк тарихи ва аждодларига муносиб ворис бўлган халқимиз мамлакат хавфсизлигини таъминлашга қодир армияни ярата олади”, деб катта ишонч билан айтган эдилар.
Бугунги кунда ана шу улкан ишончга ҳар томонлама лойиқ бўлган Қуролли Кучларимиз ташкил этилганини барчамиз кўриб турибмиз.
Ҳақиқатан ҳам, тарихан қисқа муддатда мамлакатимиз мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги, чегараларимиз дахлсизлигини, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган миллий армия барпо этилди, деб ғурур ва ифтихор билан айтишга бугун барча асосларимиз бор.
(Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига байрам табригидан)
Ҳурматли аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар, Қуролли Кучларимиз фахрийлари!
Қадрли юртдошлар!
Ўз ҳаётини Ватанни ҳимоя қилишдек энг улуғ ва олижаноб ишга бағишлаган сиз, азизларни, бутун халқимизни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан чин қалбдан самимий муборакбод этамиз.
Сиз, ҳурматли ҳарбий хизматчиларга – аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар, Қуролли Кучларимиз фахрийларига Ватанимизга сидқидилдан хизмат қилишдек шарафли вазифани адо этишда мустаҳкам соғлик, улкан зафарлар, куч-ғайрат, оилаларингизга эса файз-барака ва бахт-саодат ёр бўлишини тилаймиз.
Шу билан бирга Сиз азиз китобхонларни, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов кутубхонаси томонидан тайёрланган “Мустақиллигимизнинг ишончли қалқони” мавзусидаги виртуал китоблар кўргазмаси билан танишишга таклиф этамиз.
Ф.Курбанбаев олган суратлар.