Ислом Абдуғаниевич ўз ҳаёти ва фаолиятининг мазмуни бўлган “Биздан озод ва обод Ватан қолсин!” деган эзгу ғояни илгари сурдилар ва бу даъват барчамизнинг қалбимиздан чуқур жой олди. У киши “Элим деб, юртим деб, ёниб яшаш керак” деган ўзининг ғоясига бир умр амал қилиб, келажак авлодлар учун буюк ибрат мактабини яратдилар.
(Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 31 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкалининг очилишига бағишланган тантанали маросимдаги сўзидан).
Мустақил давлатимиз асосчиси
Ўзбекистоннинг сўнгги 26 йилда эришган натижалари, кўрсатаётган тарихий феномени, айниқса, хорижликлар учун назарий ва амалий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга. Юртимиз 1991 йил 1 сентябрда дунё харитасида мустақил давлат сифатида пайдо бўлди. Собиқ шўро даврида ҳамда истиқлол йилларида мамлакатимизга ташриф буюрган киши республикада улкан ўзгаришлар юз берганига комил ишонч ҳосил қилиши, шубҳасиз. Ўтган йилларда шаҳару қишлоқларимиз қиёфаси тубдан ўзгариб, янги массивлар, ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилма объектлари бунёд этилди. Йўлларимизни ўзимизнинг замонавий автомобилларимиз эгаллади. Ўзбекистон нафақат ёш мамлакат, айни пайтда аҳолисининг ярмидан кўпи навқирон авлод вакиллари эканлиги билан истиқболли ҳисобланади.
Ватанимиз тарихий давлатчилик анъаналари ва миллий қадриятлари асосида замонавий давлат барпо қилиш йўлидан дадил бормоқда. Юртдошларимиз Ўзбекистон янада юксак марраларни забт этиши ҳамда келажакда дунёнинг ривожланган мамлакатлари қаторидан ўрин эгаллашига комил ишонч билан қарашаяпти.
Сир эмас, авваллари аксарият хорижлик мутахассислар ва журналистлар юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга, уларнинг бирон-бир натижа беришига шубҳа билан қарашарди. Ўзбекистонни “шаклланмаган давлат”, “авторитар режим” сингари айбловлар билан қоралашарди. “Ҳаммасини вақт кўрсатади”, дейди доно халқимиз. Вақт ўтиши билан ғанимларга хос гумонлар ўрнини соғлом ҳамда холис баҳо, муносабат эгаллади. Кейинчалик халқаро экспертлик чиқишларида “Ўзбекистонда, ҳақиқатан ҳам, сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий барқарорлик ҳукмрон”, “Ўзбекистон собиқ иттифоқ мамлакатлари орасида барқарор иқтисодиётни изчил барпо этаётган ҳамда уни ривожлантираётган давлатдир”, “Ўзбекистонга кўплаб давлатлар, чет эл корпорациялари ва компаниялари инвестиция киритишга қизиқиш билдирмоқда”, “Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида барқарорликни кафолатлайдиган асосий давлат ҳисобланади” сингари холис фикрлар баралла янграй бошлади.
Албатта, бундай ўзгаришларга ўз-ўзидан эришилгани йўқ. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган давлатчилик назарияси асосида мамлакат, жамият ҳамда давлатни янгилаш бўйича кўрилган изчил ва тизимли чора-тадбирлар, халқимизнинг ҳалол ҳамда заҳматли меҳнати ўз натижасини бермоқда.
Шу ўринда қайд этиш керакки, хорижий оммавий ахборот воситалари энг муҳим бир саволга холис ва тўлиқ жавоб бермади, бера олмайди ҳам. Яъни Ўзбекистон тарихан жуда қисқа даврда қандай қилиб замонавий талаб, таҳдид ҳамда хатарларга қарши тура оладиган давлатнинг мустаҳкам асосларини ярата олди? Бу масала нафақат ўтиш давридаги мамлакатлар, айни пайтда академик доиралар учун ҳам амалий аҳамиятга эга. Чунки Ўзбекистон ўзининг ноёб ва бебаҳо тажрибаси билан бир сифат босқичидан мутлақо янги — XXI аср талабларига жавоб берадиган юксак сифат босқичига ўтди. Аслида, юқоридаги саволларга Ислом Каримовнинг кўп сонли чиқишлари, интервьюларида жавоб берилган. Замонавий Ўзбекистоннинг юзага келиши мустақилликнинг илк йилларидан тараққиётнинг “ўзбек модели” илмий концепциясини ишлаб чиққан Биринчи Президентимиз номи билан бевосита боғлиқдир. Бу концепция учта муҳим жиҳат, жумладан:
1) СССРнинг ўтган аср 60-йилларидан бошланган иқтисодий таназзули сабабларини танқидий қайта кўриб чиқиш;
2) бозор иқтисодиёти босқичига ўтган Шарқий Европанинг собиқ социалистик мамлакатлари тажрибасини ўрганиш;
3) мамлакатдаги реал иқтисодий ҳолат, мавжуд имкониятлар, шунингдек, Ўзбекистоннинг тарихий хусусиятлари ҳамда халқимиз менталитетининг инобатга олиши билан аҳамиятлидир. Ислом Каримов мамлакат тараққиёт концепциясини ҳаётга татбиқ этишда Ўзбекистоннинг миллий манфаатлари, иқтисодий ва сиёсий мустақиллигини қатъий ҳимоя қилди. Шу боис ҳам барча “ўтиш даври мамлакатлари” учун ягона рецепт сифатида қўлланилган “шок терапияси”ни Ўзбекистон шароитида жорий этиб бўлмас эди.
Улкан қурилиш майдони
Ислом Каримов сифат жиҳатидан мутлақо янги давлатни барпо қилишнинг яхлит концепциясини ҳамда уни амалга оширишнинг стратегик йўлларини ишлаб чиқди. Буюк келажакка эга бўлган кучли давлат — Ўзбекистонни барпо этиш учун мустақилликнинг дастлабки йилларидан тараққиётнинг “ўзбек модели”ни ҳаётга татбиқ қилишга киришди. Бу йўл иқтисодиётнинг сиёсатдан устунлиги, давлат бош ислоҳотчи бўлиши, жамият ҳаётининг барча жабҳасида қонун устуворлиги таъминланиши, кучли ижтимоий сиёсат ва бозор муносабатларига босқичма-босқич ўтиш каби тамойилларга асосланган.
Ислом Каримов ўша пайтлари Ўзбекистондаги вазият, шарт-шароитни тўғри баҳолаган ҳолда, 1992 йилда янги дунёга келган гўдак юришни ўрганиши учун бир йил керак бўлса, Ўзбекистон мустақилликнинг илк кунлариданоқ ўз оёғида туришга ҳамда мустақил ҳаракатланишга мажбур бўлганини таъкидлаган эди. Бу ҳам юртимиз мураккаб шароитда бўлганидан далолатдир. Бундай вазиятда юртдошларимиз миллатни, халқни буюк мақсадлар йўлида руҳан бирлаштирадиган лидерга муҳтож эди.
Мамлакатнинг тараққиёт йўлини белгилашда барча — давлат, жамият ва фуқаролар якдиллик билан қатнашди. Бу муштарак мақсадларга эришиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди. Зеро, давлат бош ислоҳотчи сифатида майдонга чиққан бўлса, жамият ўзини ўзи бошқариш йўли билан, яъни маҳалла институти тимсолида, фуқаролар эса келажаги ўз қўлида эканлигини чуқур дахлдорлик туйғуси билан англаб, кенг кўламли ўзгаришларда фаол иштирок этди.
Пировардида Ўзбекистон ҳудуди, Ислом Каримов таъбири билан айтганда, кўп миллатли халқимиз тер тўкаётган “улкан қурилиш майдони”га айланди. Бу ўзгаришлар Ўзбекистон халқи мамлакатнинг энг катта бойлиги, асосий бунёдкори эканлигини амалда кўрсатди.
Биринчи Президентимиз нафақат демократик, балки адолатли демократик давлат қуриш ғоясини илгари сурди. Бунда умумэътироф этилган демократик қадриятлар билан ўзбек халқининг миллий қадриятлари ва анъаналари уйғунлашди. Бинобарин, халқимиз азалдан юксак маънавияти, ижтимоий адолатга, илмга, маърифатга интилиши билан ажралиб туради.
Ислом Каримов амалга оширган давлатчилик сиёсатига эътибор қаратадиган бўлсак, учта узвий вазифа кўзга яққол ташланади. Авваламбор, кичик бизнесни ривожлантириш асосида рақобатдош миллий иқтисодиётни яратиш ҳамда дунё иқтисодий меҳнат тақсимотида муносиб ўрин эгаллаш пировард мақсад қилиб олинди. Айни пайтда мамлакатда демократик ислоҳотларни амалга ошириш ва ортга қайтмаслиги кафолати бўлган мулкдорлар синфини яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Ва ниҳоят, кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришга принципиал ёндашилди. Бу саъй-ҳаракатлар замирида халқимиз фаровонлигини таъминлаш мақсади мужассам эди. Шунинг учун Ўзбекистон Биринчи Президенти мамлакатда ислоҳотлар инсон ҳамда унинг манфаатларига қаратилганини қайта-қайта такрорларди.
Бой илмий мерос
Ислом Каримовнинг илмий мероси Ўзбекистонни янада тараққий топтиришда ўзига хос компас вазифасини бажаради, десак, муболаға эмас. Биринчи Президентимиз асарларини ўқиб, қайта-қайта мутолаа қилиб, амин бўласизки, унинг давлат, жамият ва индивидга назарий қарашларини ўрганиш мамлакат бугуни ҳамда келажаги учун долзарб аҳамиятга эгадир. Бошқача айтганда, Ислом Каримовнинг илмий мероси чуқур ўрганилиши келажак тараққиёти учун интеллектуал асос бўлиб хизмат қилади.
Унинг илмий мероси айни пайтда Марказий Осиё минтақаси учун ҳам катта аҳамият касб этади. Минтақа мамлакатлари ўзига хос имкониятларга, ресурсларга эга бўлса-да, уларни умумий тарих, тил, дин, муштарак маданият, урф-одатлар бирлаштириб туради. Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ўз саъй-ҳаракатларини бирлаштириш орқали минтақани дунё иқтисодиёти ҳамда сиёсатининг ажралмас қисми даражасигача, яъни инсон шаънига ҳурмат ва қонун устувор бўлган босқичига олиб чиқиши мумкин.
Ислом Каримовнинг замонавий халқаро вазият ҳақидаги қарашлари глобал миқёсдаги қатор муаммоларни ҳал этишга асос бўлиб хизмат қилиши табиий. Чунки бугун иқтисодий ва технологик тараққиётга эришган кўплаб мамлакатлар, очиқ тан олинмоқдаки, маънавий таназзулни бошидан кечираяпти, аксарият ривожланаётган давлатлар қашшоқлик ёқасига бориб қолган, дунё ҳамжамияти ижтимоий тенгсизликдан азият чекаяпти. Ижтимоий ҳамда гуманитар фанларни Ислом Каримовнинг иқтисодий, сиёсий ва ахлоқий қарашлари билан бойитиш ҳамда уларни амалий қўллаш мақсадида ҳар йили Ислом Каримов илмий меросини ўрганишга бағишланган республика ҳамда халқаро назарий-амалий конференциялар, давра суҳбатларини ташкил қилиш яхши натижа берган бўлар эди.
Шу нуқтаи назардан, Ислом Каримовнинг кўп сонли асарларини тизимлаштириш зарур. Улардаги фикрлар, ғоялар тўлиқ ва яхлит фалсафани ўзида ифода этишини англаш керак. Масалан, иқтисодиёт, ҳуқуқ, давлат фалсафаси, жамият фалсафаси аниқ ва равшан ўқилади. Буни этика, аксилогия (қадриятлар фалсафаси), инсон ҳуқуқлари фалсафаси мисолида ҳам кўриш мумкин. Фан ҳаётимиз сингари кўп қиррали. Шунинг учун турли авлод ҳамда мамлакат вакиллари бўлмиш олимлар Ислом Каримов фалсафасининг янгидан-янги қирраларини кашф этиши, шубҳасиз.
Миллий давлатчилигимиз тамал тошини назарий жиҳатдан асослаб берган Ўзбекистон Биринчи Президенти илмий меросини асраб-авайлаш — ҳаётий зарурат. Бинобарин, Ўзбекистон халқи Шавкат Мирзиёев бошчилигида ҳам инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун бўлган кучли давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлидан дадил боради. Ислом Каримов ташқи сиёсатда минтақавий хавфсизлик ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг асосини белгилаб берди. Яқин ва узоқ хориж давлатлари, аввало, Марказий Осиё мамлакатлари билан дўстона ҳамда манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш мамлакатимиз ташқи сиёсатининг муҳим йўналиши бўлиб қолди.
Ўзбекистон кўплаб мамлакатлар учун қонун устувор бўлган, ижтимоий адолат қарор топган, инсонпарварлик, тинчликсеварлик ва инсон шаънига ҳурмат олий қадрият саналган давлат ҳамда жамият намунасига айланиши мумкин.
Ислом Каримов 20 йил бурун шундай сўзларни айтган эди: “Бизнинг ўз кемамиз, унинг елкани, бошқариладиган рули бор. Белгиланган йўл ҳам бор”. Ватанини севган киши, хоҳ Ўзбекистонда яшасин, хоҳ хорижда, шундай иш тутиши керакки, токи елкан кемани доимо мамлакатимизни ҳар томонлама модернизация қилиш, таркибий ўзгаришлар ва демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ҳамда юртимиз мустақиллигини янада мустаҳкамлаш сари йўналтириб борсин.
Ботир ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти
директори ўринбосари.
Қобил ХИДИРОВ.