Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳукумат ички ва ташқи сиёсатни тўлақонли мустақил равишда амалга оширган тақдирдагина давлат том маънода суверен бўлиши мумкинлигини чуқур англаган.
Шу тариқа, мустақилликка эришган Ўзбекистонни суверен давлат ва халқаро ҳуқуқнинг тўлақонли субъекти сифатида эътироф этилишга қаратилган мақсадли ишларни амалга ошириш энг муҳим ва кечиктириб бўлмайдиган вазифалардан бирига айланди.
Шу муносабат билан Ислом Абдуғаниевич инаугурация маросими ўтказилиши билан деярли бир кундан кейин, 1992 йил 6 январда Ўзбекистон Республикасини Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзолигига қабул қилиш тўғрисида БМТ Бош котиби Бутрос Бутрос Ғоли номига битилган мурожаатномага имзо чекди. Бу эса, Ўзбекистондаги ички ва унинг ташқарисидаги сиёсий вазият ўта таҳликали ва жуда нотинч бўлган шароитда эндигина Мустақилликка эришган давлат раҳбарининг дастлабки ва муҳим сиёсий қадами бўлди.
1992 йил 2 март куни БМТ Бош ассамблеясининг 82-ялпи мажлисида Ўзбекистонни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзолигига қабул қилиш тўғрисидаги қарордан иборат резолюция қабул қилинди. Ушбу воқеанинг муҳимлиги шундан иборатки, давлатлараро муносабатларнинг вужудга келган замонавий тизимида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг у ёки бу давлатни ўз сафига киритиш бўйича ижобий қарори ўз навбатида бошқа давлатлар томонидан тан олиш учун “сфетофорнинг яшил чироғи” бўлиб хизмат қилади.
Бундан ташқари, БМТ барча мамлакатлар учун ички масалалар ва минтақавий муаммолар, уларнинг ечими бўйича ўз позицияларини баён қилишида муҳим халқаро минбар бўлиб қолмоқда.
Масалан, 1993 йилда БМТ Бош ассамблеясининг 48-сессиясида илк маротаба сўзга чиққанида Ислом Каримов биринчи бўлиб ХХI аср вабоси ҳисобланган терроризмга ва у билан бевосита боғлиқ, хусусан фуқаролик уруши гирдобига кирган Афғонистон ҳудудидан тарқалаётган наркобизнесга қарши биргаликда курашиш зарурати ҳақида масалани ўртага қўйди, шунингдек Марказий Осиёда “хавфсизлик камари”ни шакллантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар таклиф қилди, шу жумладан ушбу минтақани ядро қуролидан холи зона деб эълон қилиш ташаббуси билан чиқди.
Таъкидлаш ўринлики, ўша вақтда Ғарбдаги кўпчилик Афғонистондаги мужоҳидларнинг ҳаракатини совет оккупантларига қарши курашувчилар сифатида қабул қиларди. Ҳатто Осама бин Ладен ҳам узоқ вақт давомида Ғарб учун қаҳрамон ҳисобланарди.
Ислом Каримов, биринчилардан бўлиб, БМТ юксак минбаридан туриб бутун дунёга терроризм хавфини, сиёсий манфаатларни кўзлаб бу иллатни қурол қилиб уйнашишнинг хатарли оқибатларини кўрсатиб берди.
Кейинчалик ушбу муҳим ташаббуслар Марказий Осиё минтақасида наркотрафикка қарши кураш бўйича минтақавий ахборот-мувофиқлаштириш марказини тузишда, Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий антитеррор тузилмаси кенгашининг (ШҲТ МАТК) қароргоҳини очишда, шунингдек, Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зонани шакллантиришда ўз аксини топди. 2014 йил 6 май куни БМТ нинг қароргоҳида Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона тўғрисида шартномага доир хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги қўшимча баённомага ядро қуролига эга бўлган давлатлар – Буюк Британия, Хитой, Россия, АҚШ ва Франция вакиллари имзо чекди ва бу масала ўзининг якуний юридик ечимини топди.
Умид Азизов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти
Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси
халқаро бўлим мудири