ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

«Сен ҳам бизни соғиндингми…»


22.03.2018

Халқ шоири Абдулла Ориповнинг шеъридаги «сенсиз мен ҳам баҳор ҳам ғариб, сен баҳорни соғинмадингми» каби сатрлар айни Наврўзга қарата мурожаат қилиб ёзилганини бугун ёдга олиш ўринлидир. Наврўзни нишонлаш тугул бир пайтлари бу айём ҳақида ёзиш ҳам мушкул бўлганини ёши улуғлар яхши билади.

Биз Наврўз олдида кўп йиллар қарздор бўлиб яшадик. Туғри уни одамлар ўзи билганича баҳорий таомлар билан қарши олиб, мана Наврўз келди, баҳор ҳам кириб келди дея қувонганларини инкор этиб бўлмайди. Лекин, энг олий инсоний қадриятлар, миллий анъаналарни ўзида мужассам этган айёмни ўзгача тарзда, унинг ўрни ва аҳамияти, мақомига мос тарзда нишонлашни тасаввур ҳам қила олмасдик.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг қатъияти, шижоати туфайлигина Наврўз юртимизга, халқимизга қайтарилди.

1990 йили Собиқ Иттифоқ республикалари ичида биринчи бўлиб Ўзбекистонда Наврўз умумхалқ байрами ва дам олиш куни деб эълон қилиниши том маънода жасоратга тенг қарор бўлганини тан олиш керак. Бундай қадамни фақат ўз юртининг фидоийси, фақат ўз халқининг чин раҳнамосигина қўйиши мумкин эди. Тарихий қарорнинг, ўта халқчил ғоянинг муаллифи Ислом Каримов учун бу ниҳоятда муҳим ва ўта зарур қадам эди. Ўзлигимизни англаш, тарихий ҳақиқатни тиклаш, Ўзбекистонда тинчлик, барқарорлик, бағрикенглик, миллатлараро тотувликни сақлашда Наврўз каби қадриятларнинг кучи ва таъсирини бу инсон жуда чуқур билган ва бу санани муносиб нишонланиши учун бор имкониятларни ишга солган. Давлатни-давлат, халқни-халқ, миллатни-миллат сифатида тан олиш учун уларнинг номигина кифоя қилмайди. Буюк тарихи, беназир маданияти, улуғ аждодлари, учмас қадриятлари билангина давлат ва халқ дунё миқёсида ҳурмат қозониши мумкин. Ислом Каримов кўплаб асарларида бу ҳақда алоҳида тўхталган. Амалда ҳам, Биринчи Президентимиз бу борадаги ўз қарашларини қатъий ва принципиал тарзда ҳимоя қиларди.

Истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ Наврўз айёми энг улуғ, энг азиз байрамимиз Мустақиллик куни каби қадрли саналардан бири сифатида нишонлана бошлади.

Ёруғ ниятлар билан бошланган эзгу амаллар зое кетмади. 2009 йили Наврўз инсониятнинг маданий мероси сифатида ЮНЕСКО ташкилотининг репрезентатив руйхатига киритилди.

2010 йилда эса, Бирлашган Миллатлар ташкилоти томонидан 21 март Халқаро Наврўз куни деб эълон килинди.

Ислом Каримовнинг ташаббуси халқаро миқёсда тан олинди.

Энг муҳими, соғинганимиз Наврўз халқимизнинг бағрига қайтиб, унинг ардоғида бўлган, барчамиз жону-дилимиз билан нишонлайдиган байрамга айланди.

Чунки Наврўзда гина-қудратлар унутилади, кўнгиллар яхшиликка, қўллар саҳоватга интилади, кексаларга ҳурмат, муҳтожларга меҳр-мурувват кўрсатилади. Умуман халқимизга хос бўлган энг гўзал фазилатлар ўзини тўлиқ намоён этадиган кундир бу кун.

Бугунга келиб Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг саъйи-ҳаракатлари билан Наврўз айёмининг нишонланиши мазмунан ва шаклан, янада бойитилди. Расмиятчиликдан холи халқ сайилларининг қамрови кенгайиб, миллий удум ва анъаналаримизнинг янги-янги қирраларини ўзида намоён этаётган тадбирлар одамларга олам-олам қувонч бағишламоқда.