Ислом Каримов билан 1951 йилнинг 1 сентябрида 21-мактабда танишганман. Синфимизда ўқиш учун шароит бўлса-да, юпун эдик, қорнимиз нонга тўймасди. Уруш асоратлари шундоққина сезилиб турар, ким нима топса, кийиб келарди. Ҳеч ким бир-бирини камситмасди.
Очиқ айтаман, биз ҳам ҳамма болалардек ўйинқароқ бўлганмиз. Дарслардан сўнг кўча чангитиб чопар эдик. Баъзан дарслардан қочган вақтларимиз ҳам бўлган. Аммо Ислом ўта босиқ, тартибли эди. Саккизинчи синфга ўтганимиздан кейин у бутунлай ўзгарди, ҳақиқий йигитга айланди. Бунга уни синфком этиб сайлаганимиз сабаб бўлди. У ўзи ва синфи, болаларнинг тартиби, ўқишга келиб-кетиши, мактаб тадбирларида илғор бўлиши учун бор масъулиятни зиммасига олди. Бу вақтда Ислом Каримов бизларга тарбиявий соат дарсини ўтар, турли мавзуларда маъруза ўқир, яхши ўқиш, синф обрўсини ўйлаш, мақсадларимизни аниқлаб олишга даъват қиларди. У рус тилини жуда тез ўзлаштирди. Унинг русча равон ва мантиқли гапириши, озода кийиниши кўпчиликнинг ҳавасини уйғотарди. Шу даврлардан Ислом Каримовнинг ўзига бўлган ишончи ортиб, мақсадлари қатъийлашиб, йўлбошчилик фазилати юзага чиқа бошлаган бўлса ажабмас.
Аввал ҳам, ҳозир ҳам синфдаги охирги парталарда "иккичи" ўқувчилар ўтиради. Ислом Каримов аълочи ўқувчи бўлса-да, негадир фақат орқа партада ўтирар, унинг бу одати у мактабни битиргунча давом этди. Ўша эски, қора рангли парта Биринчи Президентимиз шарофати билан ҳозир эътиборга молик жиҳоз сифатида мактаб музейидан жой эгаллаган.
Ислом Каримов болалигида бизнинг уйимизда кўп бўлган. Охирги марта уйимга 1982 йилнинг ёзида республика Давлат план комитети раҳбарининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаётганида келганди. У Самарқанд орқали Қаршига кетаётган экан. Суҳбатлашдик, чой ичдик. Мен бирга ўтирган яқинларимга уни таништириб, ҳазиллашдим: "Эсингиздан чиқмасин, сизлар бугун бўлажак молия вазири билан бирга чой ичяпсизлар". Ўн-ўн беш дақиқа гаплашдик. Ёшлигимиз, Самарқанд кўчалари, устозларни эсладик. Ислом билан болаларча беғубор қалб эҳтироси ила хайрлашдик...
Биз ҳеч қачон ҳеч кимга Президентнинг синфдошларимиз деб мақтанмаганмиз. Унга ҳамиша соғлиқ, сабр-матонат, ишларига барака тилаганмиз, холос. Бирор нарса умидвор ҳам бўлмаганмиз. Ахир, устозларимиз ва Ислом Каримовнинг ўзи ҳам ҳаммамизни ҳалол ва одил бўлишга ундаган-да. У Президент бўлгандан кейин ҳам ўз мақсадига содиқ қолди. Ўзида матонат топиб, жасорат кўрсатиб ишлади. Биз қалбимиз ғурурга тўлиб яшадик. Синфдош дўстимиз билан фахрландик. Шундай мард инсон билан ёнма-ён ўқиганим, замондош бўлганимдан бахтиёр яшайман.