ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Сабоҳат Мирова, меҳнат фахрийси


Мен меҳнат фахрийси, фалсафа фанлари номзоди, Мирова Сабоҳат Жўраевна, Ислом Абдуғаниевич Каримов Қашқадарё вилояти раҳбари бўлиб келганларида мен Москвада марказий комитет қошидаги ижтимоий фанлар академиясининг аспирантурасида таҳсил олаётган эдим. Оилавий шароитни ҳисобга олган ҳолда, турмуш ўртоғим, уч фарзандим билан биргаликда ҳаммамиз Москвага кетган эдик.

1988 йил учинчи босқичда таҳсил олаётган вақтимда ректоратдан Сизни марказий комитетга чақиришяпти, Қашқадарё вилоят партия комитетининг биринчи котиби Ислом Абдуғаниевич сиз билан суҳбат қилмоқчи эканлар, деган хабар кеди. Мен у вақтларда Ислом Абдуғаниевични яқиндан билмас эдим. У киши ҳам мени кўрмаган эдилар.

У киши билан суҳбат чоғида Ислом Абдуғаниевич:

- “Вилоят оқсоқоллари сизни вилоят партия комитетининг мафкура бўйича котиблигига тавсия қиляпти. Шунга нима дейсиз”,- дедилар.

Шунда менинг биринчи гапим шундай бўлди:

“Уддалай олармиканман?”

Улар қатъият билан айтдилар:

- “Уддалайсиз албатта, сабаби сиз ўқишга қадар вилоят ижро қўмитаси раисининг ўринбосари бўлиб ишлагансиз.

Хуллас, у киши ўзларининг таклифларини, йўл-йўриқларини кўрсатганларидан кейин мен жуда чуқур ўйланиб жавоб беришимга тўғри келди:

- Ислом Абдуғаниевич, таклиф учун катта раҳмат. Мен қўлимдан келганча ишлашга, сизнинг ишончингизни оқлашга ҳаракат қиламан. Лекин, мени ўқишим нима бўлади? Илмий иш бошлаганман, учинчи босқичда ўқияпман. Бу фақат менинг ишим эмас, менга ишонган турмуш ўртоғимнинг ишлари, фарзандларимнинг ишлари, қолаверса, менга кўмакдош бўлган онамнинг ишлари, деб айтдим.

Ислом ака “Сиз албатта ўқишни тугатасиз, сизга шароит яратамиз”, деган жавоб бердилар.

Шу билан мен ишга тушиб кетдим. Ҳамма вақтнинг ўзини қийинчиликлари, муаммолари бўлади. Ўша даврда оқимлар, билиб билмай қилинадиган ҳаракатлар кўпайиб қолган эди. “Бирлик”, “Эрк” деган уюшмалар пайдо бўлиб ниҳоятда тиғиз вақтда ишлашга тўғри келди. Шундай кунлар бўлардики, вилоят  партия комитетининг қошида тўпланиб эртаю кеч ишлардик. Варақалар, лозунглар (шиор) билан чиқишлар, тўпалонлар, жанжаллар билан келадиган ҳолатлар ҳам кўпайиб қолганди. Ислом Абдуғаниевич тасаввуримда ниҳоятда талабчан, жиддий, ишнинг кўзини биладиган, кенг фикрли инсон эдилар. Биз улар раҳбарликлари, кўмаклари, маслаҳатлари билан ишни давом эттирдик. Шундай бир мураккаб ҳолатлар бўлдики, мен Ислом Абдуғаниевич Каримов билан таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, радио, телевидение, спорт масалаларида бевосита биргаликда ишлаганман. Мана шу соҳаларга ниҳоятда синчковлик билан қараб кадрлар масаласига, мактабдаги таълим-тарбия ишларига, соғлиқни сақлаш соҳасига ёки қурилиш масалалирига эътибор қилардилар. Ҳозирги вақт билан солиштирадиган бўлсак, ниҳоятда оғир вазиятда ишлаган эдик. Камчиликлар кўп эди. Бу вазиятдан чиқишда Ислом Абдуғаниевич бизга ҳамиша кўмакдош бўлганлар, яхши маслаҳатлар берганлар, тўғри йўлни кўрсатганлар. Ўша йиллар Республикамизнинг бошига шундай бир оғир ҳолат тушдики – “Пахта иши” деган ташвишли кунлар бўлди. Мен она сифатида, аёл сифатида, хаяжонсиз, кўзимга ёш олмасдан айтишим қийинроқ, сабаби ўзим Китоб районидан ишга келганман. Мана шу Китоб районида ўндан ортиқ хўжалик бўладиган бўлса, фақат бир анорчилик билан шуғулланадиган хўжаликнинг раҳбари омон қолган. Қолган хўжаликларнинг раҳбарлари азобланган. Нафақат раҳбарлари оддий, оддий бригадирлар, оддий звено бошлиқлари, аёллар, қизлар, ёш гўдаклар айбсиз айбдор бўлиб, қора курсиларда ўтириб, жавоб беришларига тўғри келган.

Ўша вақтлари Абдурахмон Пўлатов деган ёш йигит вафот этди. Жаназасига борганимиздаги ҳолат – нафақат инсоннинг ҳаётдан кўз юмгани, балки бир этак боланинг чирқираб, хароба уйда қолгани ҳали ҳамон кўз олдимда. Ёки Улуғбек номли хўжалик раҳбари Маликов ҳам ёш йигит бўлиб у ҳам ўша вақтлари вафот этди. Кекса раҳбарлардан Холиков (ҳозирда хаёт, лекин ўшанда икки кўзи кўрмай қолган) ўша қайғу ва аламлар таъсирида ҳозир ҳам кўзи ожизлик азобини бошдан ўтказяптилар. Булар ҳақида гапирадиган бўлсак ниҳоятда кўп гапиришимиз мумкин. Лекин бир ҳолатни эслаб ўтмасам бўлмайди. Чунки бу воқеа ҳеч кўз ўнгимдан кетмайди.

Ҳазрат Давронов узоқ йиллар Касби туманидан Лев Толстой номидаги 8-мактаб директори бўлиб ишлаган. Турмуш ўртоғи Рўзиева Ойсара билан биргаликда 8 нафар фарзандини тарбиялади. 1986-1987 йилларда шу туманнинг 15-совхози 2-бўлими бошлиғи бўлиб атиги 6 ой ишлаган эдики, ўша йили Ҳазрат Давронов “десантчилар” томонидан 6 йилга қамалиб, мол-мулки мусодара қилинди. Фарзандларининг каттаси Фахриддин Қарши шаҳридаги Ирригация институтида талаба эди. Ҳамма нарса шу ёш йигитнинг бўйнида қолди. Отаси қамалганидан кейин ўқишни ташлади, Ҳ.Давронов ишлаган бўлимда бригадир бўлиб ишлаб онаси ва укаларини боқишга мажбур бўлди.

Шу йилларда Ҳазрат аканинг оиласи (рафиқаси – О.Рузиева) болалари билан чайлада яшаб ўғлига кўмаклашган вақтда Республикамизнинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов Қашқадарё вилоят партия қўмитасига биринчи котиб бўлиб келдилар. Ислом Каримов бўлимдаги ўқ ариқларни кўздан кечириб юрганларида, чайлада ўтирган 4-5 ёшли Гулруҳнинг кўзи у кишига тушиб, “шу киши отамга ўхшар эканлар” деб йиғлаб бағриларига отилган ва “менинг дадамни қайтаринг, илтимос” деб фарёд қилган. Ислом Абдуғаниевич бу ҳолатни йиғлаб кузатиб турган онаи зорга қараб: “Сиз мени қабулимга боринг” деб тайинлаганлар ва қизчани  қўлларига кўтариб “мен дадангни албатта қайтараман”, деб Гулруҳни тинчлантирганлар.

Ойсара Рўзиева Қашқадарё вилояти партия комитетининг биринчи котиби қабулига келганларида оёқяланг ҳолда хонага кириб келганлар.

“Нега оёқялангсиз, шундай келаяпсизми?” – деганларида, у: “Йўқ мени калишим йиртиқ бўлгани учун эшик олдига ечиб келдим” деган жавобни берган.

Ўша вақтда Ҳазрат ака Давронов қамоқ жазосини Наманган вилоятининг Поп туманида ўтаётган эдилар.

Ҳазрат аканинг оила аъзолари Ислом Абдуғаниевичга мурожаат қилганларидан кейин, у киши 6 ой ичида қамоқдан озод этилган.

Аллоҳ насиб қилган экан Ҳ.Давронов яна узоқ йиллар шу совхознинг 36-мактабида директор вазифасида ишлади. Гулруҳ қизларини эса, то вафот этгунларича “Менинг халоскорим” – деб атар, Ислом акани доимо дуо қилар эдилар.

Ҳазрат ака Давронов 2005 йилда вафот этдилар. 1982 йилда туғилган Гулруҳ ҳозирда Касби туманидан Косон туманига турмушга чиқиб, ўша туманда истиқомат қилади. 1 нафар фарзанди бор.

Бундай холатларни эслаш инсон учун ниҳоятда оғир. Таъкидлаганимдек, Ислом Абдуғаниевич талабчан ҳодим, бир гапли шахс эдилар. Инсонийликни ҳеч унутмайдиган бир ажойиб раҳбар эдилар. Мен шундай ҳазрати инсон билан ишлаганимдан, кўп нарсани ўрганганимдан фахрланаман. Илоҳим жойлари жаннатдан бўлсин, руҳлари шод бўлсин. Ҳозирги замон билан биз ишлаган вақтларни эсласак, ер билан осмонча фарқ бор. Кекса бир аёл сифатида минглаб шукрона айтиб, Оллоҳим мана шу кунларга етказганига шукур қиламан.

Бугун бир ажойиб инсон, кексани кекса, ёшни ёш сифатида ҳурматини ўз ўрнига қўядиган, кадрлар қадрига етадиган, уларни асраб авайлайдиган, умуман инсон номини улуғлайдиган Биринчи Президентимиз ишларини давом эттираётган халқимизнинг жонкуяр фарзанди Президентимиз Мирзиёев Шавкат Миромоновични ўзбек онаси сифатида дуо қиламан. Фаолиятларига омад тилаб, Илоҳим олиб бораётган ишларига кўз тегмасин, деймиз. Шунчалик катта-катта ислоҳотлар, кўплаб қарорлар, қонунлар чиқаряптики, менинг назаримда ҳаммасининг негизида инсон омили ётибди. У кишининг олиб бораётган ишларидаги бир жиҳат – келган кунлариданоқ, қўшни республикалар билан ҳамкорликни яхшилашлари, дўстлик кўприкларини яратишлари, ёшларга катта эътибор беришлари, олим-зиёлиларнинг қадрига етганликлари барчани ниҳоятда қувонтирди.

Мен бизнинг фарзандларимиз, невараларимиз ишончли қўллардалигидан ҳурсандман. Доимо, улар тенги йўқ миллатнинг фарзанди бўлганликларидан фахрланиб юришларини, мен ўзбекман дейишларини, Ватанини, халқини севишларини, эл-юрти корига ярайдиган солиҳ ва солиҳа фарзандлар бўлишларини тилаб қоламан. Оллоҳим шу кунларга етказгани рост бўлсин. Тинчлигимизга кўз тегмасин. Ўрталаримиздаги меҳр-оқибат йўқолмасин. Ўтганларимизнинг руҳлари шод бўлиб, сизу бизни Яратганнинг ўзи қўлласин.