ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Ражабов Эсонбой, Қашқадарё вилояти Касаба уюшмаси ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг раиси


1984-1986 йилларда Қашқадарё вилояти ниҳоятда оғир аҳволда қолган пайтлар эди. Ўшанда, шу уч йил давомида, биринчидан Қашқадарёда қурғоқчилик бўлган, иккинчидан Марказий прокуратурадан Гдлян бошчилигида жуда катта гуруҳ келиб, Ўзбекистонда “пахта иши”  деган бир тавқи-лаънатни очиб Қашқадарё раҳбарларининг кўплари қамалган ёки терговда бўлган оғир пайт эди. Мана худди шундай бир пайтда 1986 йилнинг охирида - декабрь ойида Биринчи Президентимиз мухтарам Ислом Абдуғаниевич Каримов жойлари жаннатда бўлсин, шу киши Қашқадарё вилоятига биринчи раҳбар бўлиб келдилар.

Биринчи раҳбар бўлиб келган пайтларида, мана шу уч йил давомида Қашқадарё вилояти тамоман ўтирган, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам, халқ хўжалиги соҳасида ҳам, чорвачиликда ҳам, барча соҳаларда Қашқадарё вилояти орқага кетган пайтлар эди. Ислом Абдуғаниевич келиб ишни халқ билан мулоқат қилишдан, халқни дардини эшитишдан бошладилар. Мен шу ерда бир воқеа эсимга тушди: у киши биринчи раҳбар бўлиб келганларида, биринчи йиғилишларида  катта залда контингент раҳбарларини йиғиб, у киши гапираётганларида деярли уч йил давомида ёғмаган ёмғир жуда бир чиройли ёға бошлади. Шунда раҳбарларимизнинг, ҳаммамизнинг кайфиятимиз кўтарилиб: “мана уч йилдан бери қурғоқчилик эди, Ислом Абдуғаниевичнинг пой-қадамлари ёқди”, деб ҳаммамиз хурсанд бўлдик. Шу ёға бошлаганича йил давомида ёғингарчилик сероб бўлди.

Натижада, шу қуриб қолган ерларимиз, қуриб қолган дов-дарахтларимизга жон кира бошлади. Ва  Ислом Абдуғаниевичнинг биринчи қилган ишлари халқимиз билан, раҳбарлар билан маслаҳат қилиб вилоятимизда “деҳқонлар кенгаши” (кейинчалик “пахтакорлар кенгаши”) деган бир кенгаш туздилар. Шу кенгашга район партия биринчи котиблари, ижро қўмитаси раислари, хўжалик раҳбарлари, хўжалик аграномлари, бригадирлар, сувчилар, шу қишлоқ хўжалигини яхши биладиган одамлар мана шу деҳқонлар кенгашига аъзо этиб сайланди. Ва мана шу деҳқонлар кенгаши қишлоқ хўжалиги бўйича ишларни қайси агротехника қоидаси бошланадиган бўлса, шулар йиғилиб, иккита автобусга ўтириб, туманларни бир айланиб кўриб, сўнг бир жойда йиғилиб маслаҳат қилиб олинарди. Шундай қилиш керак, мана шундай қилиш керак, шундай қилса яхши бўлади деб ишларни мувофиқлаштириларди. Натижада  ўша 1987 йилнинг ўзида, ҳали келганларига бир йил бўлмасдан мана шу ғалла режаларимиз, пахта режаларимиз ортиғи билан бажарилди ва халқимизнинг ишончи тикланиб, яна ишонч қўшила бошлади – бу биринчи қилган ишлари.

Бундан ташқари юқорида айтганимдек, халқимиз тушкин кайфиятда эди. Кимнидир отаси қамалган, кимнидир амакиси, акаси, тоғаси қамалган, шундай бир сарсон бўлиб юрилган пайтда, Ислом Абдуғаниевич одамларни қабул қилиб, уларнинг дардини эшита бошлади. Кўплаб ноҳақ қамалган одамларни ўша йилнинг ўзидаёқ қамоқдан чиқариш имкониятини яратиб, қамоқдан озод қилишгача борилди. Албатта бу ўзларининг уч йил давомидаги иш фаолиятларининг асосий кўрсаткичи – шу халқнинг дардини эшитиб, халқнинг дардига малҳам бўлганликлари бўлди. Бундан ташқари бу киши фақат қишлоқ хўжалиги ёки бошқа, деб ўтирмасдан, ниҳоят даражада ободонлаштиришга, қурилишга катта эътибор қаратдилар.

Эсимда бор,  мана шу ҳозирги Қарши шаҳридаги “Янги бозор” деб аталадиган бозоримиз ташландиқ аҳволда бўлиб ётган эди. Шуни реконстурция қилиб, қайта қуриб катта бозор қурилди. Марказий кўчамизнинг ўзи ҳам тор, кичкина кўча эди. Шу кўчамиз ҳам ободонлаштирилиб катта бир яхши кўчага айлантирилди. Бундан ташқари деярли барча туманларимизда бозорлар қайта қурилди. Чойхоналар, ошхоналар ва шунга ўхшаш юзлаб ижтимоий объектлар ишга туширилди. Ислом Абдуғаниевичнинг бунёдкорлик ишлари ўша пайтдаям бор экан десак хато қилмаган бўламиз.     

Нима учун халқимиз Ислом Абдуғаниевични яхши кўради?

 Биринчидан: халқимизнинг ижтимоий аҳволини яхшилаш учун кечаю кундуз тинмадилар. У кишини бормаган қишлоқлари, бормаган шаҳарлари қолмади. Биз биламизки, эрталаб ҳеч кимнинг ҳамроҳлигисиз, ўзлари ҳоҳлаган туманга, ҳоҳлаган қишлоққа борардилар. Бир неча бор гувоҳи бўлганмиз, далага эрталаб кетсалар кечга бориб қайтардилар. Қайси далага борган бўлсалар, дала шийпонида макарон шўрва бўляптими ёки ёрма бўляптими, ўтириб одамлар билан биргаликда макарон шўрвани ёки ёрмани ичиб, мулоқот қилиб, уларнинг камчиликларини, етишмовчиликларини сўраб келардилар. Бундан ташқари, чекка-чекка қишлоқларгача борганлар. Мана биз ўтган йили ҳозирги вилоят ҳокимимиз Зафар Рўзиев бошчилигида бир гуруҳ вилоят раҳбарлари билан биргаликда – чекка қишлоқлардаги халқнинг яшаш шароити билан мустақиллик арафасида танишиш учун борилди. Ҳозир шулардан бири эсимга тушди – Китобда Деновбола деган қишлоқ бор.  Шу қишлоқга бориш учун Китобдан деярли бир кун юрасиз. Бу қишлоқ тоғлик қишлоқ бўлиб – Тожикистоннинг чегарасида. Шу қишлоққа борганимизда, қишлоқни кўриб ҳайрон бўлдик.

Шундай обод қишлоқ, уйлар янги қурилган, туникали томлар, томорқалар экилган, янги мактаблар, коллежлар қурилган. Бориб, меҳнаткаш одамлар билан йиғилиш қилинганда амин бўлдикки, муҳтарам  Ислом Абдуғаниевич сув чиқариб берган эканлар. Улар биринчи борганларида у ер ночор қишлоқ экан. “Нима қилиб берай?” деб сўраганларида, одамлар: “свет, сув ўтказиб беринг”, деб айтган эканлар. Кейин свет ўтказиб, насос қўйиб, пастдаги сойдан ўтадиган сувни чиқазиб берган эканлар. Натижада одамлар томорқага картошка ва бошқа экинларни экишган, турмуш даражалари ниҳоятда ўзгариб кетган экан. Бу воқеаларни халқимиз тилидан бол томиб эслади. Шу учрашувдан кейин, хонадонларни кўрайлик деб битта хонадонга кирдик. Қарасак, икки қаватли уй. Яхши деб қайтаётган эдик, уйга кирасизлар, кирмасанглар бўлмайди – деб қўймасдан олиб кирди уйнинг эгаси. Нима учун – деб  сўрасак, бу жойга Президентимиз Ислом Абдуғаниевич келганлар – деди. Кирсак, ҳақиқатда, иккинчи қаватдаги бола хонани шундай чиройли безатиб қўйилганки, музей дейсиз. “Ислом Абдуғаниевич шу ерга келганлар, мени отам билан чой ичганлар, ўтириб суҳбат қилганлар” – деб қолди.

Ислом Абдуғаниевич қайтаётганларида отам (у кишининг отаси оқсоқол, ақлли авлиё одам бўлган экан): “Болам – бу одамдан қўл узманглар, бу одам назарканда кўринади” – деб айтдилар. Биз улардан бу воқеа қачон бўлган эди, қайси ой эди – деб сўрасак, 1989 йилнинг апрелида деб жавоб берди. 1989 йилнинг 23 июнида Ислом Абдуғаниевич Ўзбекистон Республикасининг Биринчи секретари бўлиб кетдилар. Мана ўша одамнинг гапини рост чиққани. Ислом Абдуғаниевич 2015 йил келиб учрашув қилганларида менга сўз бердилар. Ўшанда мен шуни эслатдим. Сўнг, у киши ҳақиқатда у ерда менинг дўстларим бор деб хурсанд бўлдилар. Халқимиз уларни ниҳоят даражада яхши кўрар эди. Мана энди кейинги йиллардаги ўзгаришларни олинг. 2015 йилда келганларида у киши учрашувда айтдиларки: “Қарши шаҳрини республикамиздаги энг чиройли вилоятнинг марказига айлантирамиз, Шаҳрисабз шаҳрини эса дунёдаги энг чиройли туристик шаҳарлардан бирига айлантирамиз” – деб ваъда қилган эдилар.

Мана ҳозир кўриб турибсиз, Қарши шаҳрини қаранг! Қандай уйлар пайдо бўлди, Қашқадарёни соҳилини оладиган бўлсак, менимча Ўзбекистонда бундай ҳиёбон йўқ. Амир Темур кўпригини тузатиб, қайтадан реконстурция қилиб, мана шу ерда катта бир кўл пайдо бўлди. Қанчадан қанча ижтимоий объектлар қурилди. Халқимизнинг саёҳат қиладиган жойи йўқ эди. Мана энди катта бир ҳиёбон пайдо бўлди. Ёки мана Қарши шаҳрининг кўриниши. Бу ерда пастаккина уйлар эди. Янги шаҳарда 2-3 қаватли уйлар эди, холос. Мана ҳозир булардан биттаси ҳам қолмади. Уларнинг ҳаммаси тамоман янгича қурилди. Йўллар кенгайтирилди. Буларнинг барчаси Ислом Абдуғаниевичнинг қарорлари асосида амалга оширилди.

Қарши шаҳрида бир ярим йил ичида бир триллиондан ортиқроқ қурилишга пул сарфланди. Яна бир нарсани эсласак – мана ҳозир Шаҳрисабз-Китоб йўлини реконструкция қилиш, ҳамда Шаҳрисабз шаҳрини ободонлаштириш учун 129 километли йўл ва Шаҳрисабз шаҳрида қуриладиган уйларга бир триллиондан ортиқроқ пул миқдори ажратилган. 2016 йил раҳматли Ислом Абдуғаниевич келганларида буларни кўриб қанчалик хурсанд бўлдилар. Ислом Абдуғаниевичнинг қилган ишларини, сиёсатларини айтиб адо қилолмайсиз. Уларнинг яна бир жиҳатлари ёшларни яхши кўрардилар. Хар доим учрашув бўлганда, қандай ёшларни тарбиялашимиз керак? Биз мустақил фикрлайдиган ёшларни тарбиялаб  етказишимиз керак. Мустақил фикрлайдиган ёшлар бизнинг келажагимиз – деб доим эътироф қилардилар.

Қашқадарё вилоятимизнинг чекка-чекка қишлоқларида қанчадан қанча 200га яқин болалар спорти иншоатлари қурилди. Аввал масалан битта спорт тадбирини ўтказиш учун туманнинг марказига келиш керак эди. Ҳозир истаган қишлоғингизда 4-5 та қишлоқ биргаликда бемалол фойдаланиши мумкин бўлган иншоатлар бор. Қанча – қанча мактаблар коллежлар, лицейлар янгидан қурилди. Наинки, мана шу ёшлар учун жуда катта ишлар амалга оширилди.