БМТ пештоқи узра Ўзбекистон байроғи қадалганига роппа-роса 32 йил бўлди. Айнан 1992 йил 2 март куни ватанимиз дунёдаги энг нуфузли ташкилот – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “1945 йилда ташкил этилганидан буён БМТ халқаро миқёсда тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, барқарор ривожланишни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришда марказий мувофиқлаштирувчи роль ўйнайдиган чинакам универсал халқаро тузилма” билан давом этаётган ҳамкорлигимиз ўзига хос динамикага эга.
Бу ҳамкорликка қўйилган тамал тоши эса бевосита Биринчи Президентимиз Ислом Каримов фаолияти билан боғлиқ. Унинг мамлакат мустақиллиги асосларини мустаҳкамлаш, жаҳон давлатлари билан тенг ва ўзаро манфаатли алоқаларни боғлаш йўлидаги қатъий саъй-ҳаракатлари боис, БМТга аъзолик ва ташкилот доирасидаги устувор йўналишлар 1992 йилданоқ белгилаб олинган эди.
И.Каримов тенг ҳуқуқли аъзоликка бир йил тўлган 1993 йилда БМТ Бош ассамблеясининг 48-сессиясида иштирок этиб, нутқ сўзлади. У ўзининг илк нутқидаёқ Марказий Осиё минтақасидаги ўша даврда ҳукм сурган нотинч вазиятга – бутун дунё эътиборини жалб этиб, “Минтақамизнинг ўзига хос хусусияти, унинг геосиёсий ўрнидан келиб чиққан ҳолда шуни айтиш жоизки, ҳодисаларнинг салбий тус олиши, минтақанинг дунёдаги “улкан беқарорлик омилига” айланишига туртки бўлиши мумкин” - дея куюниб таъкидлаган эди.
Дарвоқе, Биринчи Президентнинг Ўзбекистон етакчиси ўлароқ шундан кейинги қарийб чорак асрлик онгли умри – юрт тинчлиги, Ватан тараққиёти, халқ манфаати каби олий мақсадлар йўлида кечди.
Турли йилларда Ўзбекистонга олий ташриф билан келган БМТ бош котиблари – Кофи Аннан, Пан Ги Мун, Антониу Гутерришлар билан амалга оширилган музокаралар ва уларнинг натижалари ҳам – истиқлолнинг илк йилларида ўрнатилган ўша самимий алоқалар маҳсулидир.
Ф.Қурбанбаев суратлари