ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Янги – 2024 йил муборак бўлсин!


30.12.2023

2023 йил Янги Ўзбекистон учун мисли кўрилмаган ғоя ва ташаббуслар, юрт равнақига хизмат қилувчи  ислохотларга бой, тинчлик ва барқарорлик йили бўлди. Пировард мақсад, инсоннинг қадрини улуғлаш, халқ турмуши фаровонлигини таъминлаш эди.

Қувонарли томони шуки, Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси фаолиятида ҳам  мазкур тамойиллар устувор масала сифатида тўлиқ қамраб олинди ва изчиллик билан амалиётга тадбиқ этилди.

Айни пайтда давлатимиз раҳбари  Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуганиевич Каримов хотирасини абадийлаштириш тўғрисида»ги қарори ижроси боскичма-босқич  амалга ошириляпти. Ислом Каримов музейини ташкил қилиш ишлари якунига етди.

Биринчи Президентнинг ҳаёти ва фаолиятига оид илмий, бадиий, маънавий жиҳатдан муҳим ахамият касб этувчи китоблар чоп этилди. Ўтаётган йилда кутубхона фонди  500дан зиед ноёб нашрлар  билан бойитилди. Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Акбаровна томонидан кутубхонага совға қилинган мазкур китобларнинг ноёблиги шундаки, уларнинг аксариятида муаллифларнинг шахсий дастхатлари битилган. Кутубхонанинг электрон каталогини яратиш буйича ишлар ҳам фаол тарзда давом эттирилмоқда.

«Бутун оламни жо қилган юрак» кўргазмаси фотоэкспозицияси тубдан янгиланди. Мустақил Ўзбекистоннинг якин тарихига оид воқеаларга янгича назар билан қараш имконияти кенгайди. 2023 йилда кўргазмага 50 мингдан зиёд ҳамюртларимиз ва хорижий меҳмонлар ташриф буюрди.

Ёдгорлик мажмуасида маърифий-маънавий тадбирлар: илмий анжуманлар, давра суҳбатлари, Хотира хафталиклари, Хотира кечалари, танловлар ва учрашувлар мунтазам равишда ўтказиб келинади.

Шу тариқа Мажмуа бой илмий-маърифий, маънавий  салоҳиятга эга зиё маскани сифатида, юртимизда рўй бераётган оламшумул ўзгаришларга дахлдор, ҳамнафас бўлиб ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Ишончимиз комил Янги Ўзбекистонда, Учинчи ренессанс даврининг  навбатдаги йили ҳам тинчлик, барқарорлик, фаровонлик ва юксалиш  йили бўлади.

Янги 2024 йил муборак бўлсин!