ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ВАТАНГА САДОҚАТ САБОҚЛАРИ


10.05.2024

Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси “Хотира ва қадрлаш куни” арафасида, айниқса, ғоят гавжум бўлди. Кўплаб юртдошларимиз “Оқсарой” қароргоҳи кираверишида – ҳайкали қад ростлаган, ватан мустақиллиги ва уни мустаҳкамлаш йўлида онгли умрини бағишлаган Биринчи Президент хотирасини ёдга олиш учун келишди.

Миллатнинг азалий қадриятларини тиклаб, унинг тарихий хотираси ва қадр-қимматини юксалтириш, ўзликни англаш борасида оламшумул ишларни амалга оширган инсон ҳайкали пойи шу куни гулларга тўлди. Зеро, ўн йиллар мобайнида “Ғалаба куни” дея нишонланиб келинган байрамни “Хотира ва қадрлаш куни” дея атаб, байрамга янгича маъно-мазмун берган тарихий шахснинг ўзини энг самимий хотиралар билан ёд этиш ҳам тасодиф эмасдек.

Мажмуанинг “Бутун оламни жо қилган юрак” кўргазмаси экспозициялари билан танишишаркан, Webster университетининг Тошкент филиали талабалари юзида ўзгача ҳайрат ва ҳавасни илғаш қийин эмас эди. Уларга мустақил давлат асосчиси ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ, шунингдек, мамлакатнинг энг янги тарихига оид қизиқарли ва жонли лавҳалар инглиз тилида сўзлаб берилди.

Бетакрор таасурот олган навқирон ёшлар бу масканда – ватанга фидоийлик билан хизмат қилиш борасида қимматли сабоқ олганликларини, айнан шу туйғу билан кўпроқ ошно бўлишлари учун ҳам мажмуага такрор келиш истаклари борлигини билдиришди.

 

 

Ф.Қурбонбоев олган суратлар