ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ТИМСОЛЛАР – МУҚАДДАС


19.11.2020

Давлатчилигимиз тарихининг қайси бир даврини олиб қарамайлик, давлат рамзлари Ватан тимсоллари сифатида ҳамиша азиз ва муқаддас саналган. Ҳамма замонда ҳам булар шунчаки давлат сиёсатини амалга ошириш воситасигина бўлиб қолмаган. Аксинча, жуда катта ижтимоий-маънавий аҳамият ҳам касб этган. Халқимизнинг буюк давлат барпо этиш ғояси, салоҳияти ва умуминсоний қадриятларга содиқлиги, энг аввало, давлат рамзлари ва тимсолларида ўз ифодасини топган. Шу боис аждодларимиз ҳаётида рамзлар ва тимсоллар жуда эъзозланган. Одамлар давлат тимсоллари учун ўз жонларини ҳам фидо этганлар. Жангу жадалларда байроқнинг қулаши ёки душман қўлига ўтиши мағлубият билан баробар турган. Бунга тарихимиздан жуда кўп мисоллар келтириш мумкин. Масалан, 1221 йилнинг кузида мўғул босқинчилари олти ойлик қамалдан сўнг Хоразм пойтахти Гурганжга ёпирилиб кирганида Шайх Нажмиддин Кубро шаҳар мудофааси раҳнамоларидан бирига айланади. Тенгсиз курашда ўз кўксини душман найзасига қалқон қилиб, юрт озодлиги йўлида шаҳид бўлади. Айтишларича, Шайх ўлими олдидан мўғул яловбардоридан байроғини тортиб олиб, ерга қулайди. Ёвга нисбатан нафрат шу қадар кучли эдики, мўғуллар кейинчалик Шайхнинг жонсиз қўлидан байроқларини тортиб ололмаган ва унинг панжаларини кесиб, ўз байроқларини ажратиб олган. Шайх Нажмиддин Кубронинг юрт озодлиги йўлидаги бу жасорати – мана, қарийб саккиз юз йилдирки, барча авлодларга зўр бир ибрат намунаси. Соҳибқирон Амир Темур даврида ҳам давлат байроғи катта ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий аҳамият касб этган. Шу сабабли жангу жадалларда давлат байроғини Амир Темурнинг энг ишонган баҳодир сипоҳийлари қўриқлаган. Темур тузукларида таъкидланишича, душман устидан шижоат ва мардлик кўрсатиб, ғалаба қозонган амирлар ва сипоҳийлар давлат тимсоллари – туғ ва ноғора билан мукофотланган. Бу – соҳибқирон салтанатида давлат рамзлари нечоғли баланд турганлигидан далолат беради. Хўш, бугунги кунда мустақил давлатимиз рамзлари, хусусан, миллат ғурури бўлган байроғимизга муносабат қандай? Келажаги буюк давлат барпо этиш ғояси мустақиллигимизнинг илк кунларидаёқ қабул қилинган давлатимиз рамзларида ҳам ўз ифодасини топган. 1991 йилнинг 18 ноябридаги қабул қилинган байроғимизда ҳам халқимизнинг хоҳиш-иродаси, ақл-салоҳияти, асрлар мобайнида топталган ғурури, кайфияти акс этган. Давлатимиз байроғидаги янги чиқиб келаётган ярим ой, юлдузлар, мовий, оқ, яшил ранглар ҳамда қизил ҳошия чизиқлар халқимиз ғурури ва келажакка бўлган ишончининг мужассам ифодаси ҳисобланади. Байроғимиз халқимизнинг ифтихор тимсолига айланди. Мамлакатимиз миқёсида ўтказила бошлаган ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий тадбирлар Давлат байроғини тантанали суратда кўтариш, мадҳиямизни куйлаш билан очиладиган бўлди. 1992 йилнинг 2 мартида БМТга аъзо мамлакатлар сафида Ўзбекистон байроғининг ҳилпираши миллий ғуруримизга ғурур қўшди. Давлат байроғининг ҳуқуқий асоси 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун билан мустаҳкамланган. Бу қонунда байроғимизнинг шакл-шамойили, фойдаланиш йўл-йўриқлари аниқ кўрсатиб берилган. Ўша пайтдан бошлаб болалар боғчалари, мактаблар, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида душанба кунги сабоқлар Давлат байроғининг тантанали суратда кўтарилиши, болаларимизнинг ўнг қўлини кўксига қўйиб мадҳиямизни куйлашидан бошланиши фарзандларимиз қалбида Ватанга, Давлатимиз рамзларига нисбатан илиқ муносабатнинг пайдо бўлишига олиб келди. (Султонмурод Олим ва Шамсиддин Жумаевнинг “Давлатимиз рамзлари” китобидан)