ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ТАВАЛЛУД КУНИНГИЗ МУБОРАК!


26.08.2024

Азалдан бир нақл бор, уни кўп эшитган чиқарсиз: “Ҳар бир буюк эркак ортида – буюк аёл туради”. Биз бу нақлни сал ривожлантириб, савол қўямизки, “Хўш, ўша эркак деганимиз – фақатгина буюк бўлиб қўя қолмасдан, у – миллат тақдирига дахлдор тарихий феномен бўлса-чи?.. У – даврни уйғота олган, том маънодаги етакчи бўлса-чи?..”

Татьяна Акбаровна Каримова... Бу номнинг ўзиёқ Сизга – шундоқ ҳам, таърифу тавсифни маромига келтирмасданоқ, кўп гапларни ифшо этмаяптими?

Бир ҳақиқат маълумки, дунёларга сиғмас иқтидор, чўнг тафаккур, зўр шижоат, кучли ирода, қатъийлик, узоқни кўра билиш қобилиятига эга бўлган буюк етакчиларнинг ҳаёти, фаолияти ҳамиша эл-улус назарида бўлади. Табиийки, унинг ҳасбу ҳоли, аҳвол-руҳиясидан тортиб, қандай кийинмаги-ю оиласи, рўзғори, бола-чақаси, аҳли аёли ҳам – ўшандоқ назардан пинҳон қолмаган.

Татьяна Каримова ҳам ана шундай – бир умрлик эл кўзида юрмоқ қисматидан қочиб қутулмаган, шу баробарда, ўша элнинг синчков наздида – мудом одми, камтар, жуфтига, бугун энди унинг хотирасига бўлган ботиний ва зоҳирий меҳри – нигоҳларида уфуриб турган ҳолда намоён бўлмоқни уддалаб келган ва келаётган аёлдир.

Ортиқча ҳашамсиз, бироқ дид билан кийиниб, сочлари содда турмакланган, меҳрга тўла кўзлари мудом кулиб, юзидан файз ёғилиб турадиган бу мўътабар аёлни одамлар – Ислом Каримовнинг хорижий сафарлари давомида, юртимизга чет эллик олий мартабали меҳмонлар ташриф буюрган пайтларда, унда ҳам аксар телевидение орқали кўришган, танийдилар.

Не тонгки, одамлар бугун ҳам уни яхши кўришади, унга талпинишади, суҳбатига интилишади. Бу эса унинг – садоқатни муқаддас билиб, уни ҳаётий мезонига айлантира олгани учун, эрининг хотирасини муқаддас санаб, ҳаётлигидаги маслакларини кўксида тумор қилиб асраб юргани учун, ва ниҳоят, унинг шунчаки она бўлиб, аёл бўлиб қола билгани учун!..

Бугун Татьяна Акбаровнанинг таваллуд куни. Шу муаззам кунда уни – ёр-биродарлари, яқинлари ва оила аъзолари муборакбод этишди. Кўплаб самимиятга қоришиқ дил изҳорлари янгради. Биз ҳам бу жонфидо, муҳтарама аёлни чин дилдан қутлаб, улуғ шоиримиз Эркин Воҳидов шеъридаги мана бу сатрларини дил изҳори ўрнида келтирмоқчимиз:

“...Даҳонинг уйини чароғон этган

Меҳру шафқатингиз, юрак тафтингиз,

У олам китобин битган чоғида,

Елкасида бўлган илиқ кафтингиз.

 

Севган ёрингизга жон фидо айлаб

Парвона бўлгансиз кечаю кундуз.

Сизнинг номингизни олса не ажаб

Осмон жадвалида бир талай юлдуз.

 

Кимёгар янги бир зарра кашф этса,

Бу ижод боиси бўлган ҳойнаҳой —

Столнинг четига сиз қўйиб кетган

Бир чақмоқ қанд билан бир пиёла чой...”

Таваллуд кунингиз қутлуғ бўлсин, қадрли Татьяна Акбаровна!