2025 йил 6 февраль куни Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида Хотира ҳафталиги доирасида “Ўзбекистоннинг истиқлол ва тараққиёт йўли: иқтисодий ва маънавий юксалиш сари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тарихчи ва сиёсатшунос олимлар, Биринчи Президент билан фаолият юритган шахслар, олий ўқув юртлари, жумладан, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирокида ўтган тадбирда Биринчи Президентимизнинг мамлакат тараққиёт йўлини белгилаш, тарихий ҳақиқатни тиклаб, миллий ўзликни англаш туйғусини шакллантириш ва мустаҳкамлаш борасидаги буюк хизматлари эътироф этилди.
Ёдгорлик мажмуаси раҳбари, тарих фанлари доктори, профессор Темур Ширинов анжуманни очиб бераркан, миллий тарихини, ўзлигини англаган, аждодлари билан фахр-ифтихор туйғуларини туйган халқгина миллий тараққиёт, иқтисодий ва маънавий юксалишнинг изчил йўлига ўтиши мумкинлиги, бу борада эса Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг улуғ хизматлари борлигини аниқ ҳаётий мисоллар билан сўзлаб берди.
Мажмуа Васийлик кенгаши аъзоси, Биринчи Президентнинг рафиқаси Татьяна Каримова Ислом Каримовнинг ҳаётий эътиқоди – Ватанга ва халқига садоқат билан хизмат қилишдан иборат бўлгани, бу борада у ўзини ҳам, атрофдагиларни ҳам аямай меҳнат қилгани ҳақида гапириб, Собиқ Иттифоқ қулаб, мустақилликка эришган мамлакат халқининг моддий ва маънавий эҳтиёжини қондириш йўлидаги заҳматли ва суронли йиллар хотиралари билан ўртоқлашди.
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
Шундан сўнг сўз олган – Ўзбекистон Миллий университети профессори, сиёсий фанлар доктори Бахтиёр Омон, Тошкент шаҳар ҳарбий кенгаши раисининг маслаҳатчиси Баҳодир Зуҳуров, Ички ишлар вазирлиги Академияси профессори Шариф Қодиров, Ислом Каримовнинг шахсий шифокори Ҳусниддин Муҳамедовлар ўз чиқишларида – мамлакат сиёсий етакчиси ўлароқ Биринчи Президентнинг том маънода миллат тимсолига айлангани, унда миллат яловбардори учун зарур бўлган барча фазилат, яъни ҳар томонлама чуқур билим, жасорат, миллат олдидаги масъулият каби хислатлар жамулжам бўлгани, мустақил Ўзбекистоннинг Биринчи Олий Бош қўмондони сифатида мамлакатнинг тинчлиги ва хавфсизлигини асраш йўлидаги буюк хизматлари, халқаро терроризм хавфи тўғрисида дунёда биринчилардан бўлиб, 1993 йилдаёқ БМТ минбаридан туриб, бонг ургани, халқининг фаровонлиги ва бахти учун ҳатто ўз саломатлигини ҳам ҳеч қачон аямагани тўғрисида тўлқинланиб гапиришди.
Ўта самимий ва илиқ руҳда кечган тадбир давомида иштирокчилар маърузаларда тилга олинган мавзулар, қолаверса, Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолияти бўйича ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олишди.
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
Анжуман сўнгида фаол маърузачиларга мажмуа номидан эсдалик совғалари тақдим этилди. Ўз навбатида иштирокчилар ҳам мажмуа кутубхонасига ўз китобларини тақдим этишди.
Тадбир якунланса-да, қатнашчилар, айниқса, ёшлар кетишга шошилмас, кимдир биров ўзи учун суюкли буюк инсоннинг яқин кишиси суҳбатини кўпроқ олиб қолгиси келар, бошқа бирлари эса суратга тушиб улгуриш учун жони ҳалак эди...
Шу кезда ўйлаб қоласанки, миллатни уйғотган, уни улуғ истиқболга бошлаган шахс – миллат хотирасида абадий яшайвераркан!..
Т.Қурбонбоев фотосуратлари