ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Охиратингиз обод бўлсин, ҳурматли Оқсоқол.


05.06.2022

2022 йил 4 июнь куни Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг сафдоши, давлат арбоби Георгий Алексеевич Крайнов вафот этди.

Георгий Алексеевич 1933 йил 21 ноябрь куни Андижон шаҳрида туғилган.

Андижон давлат педагогика институтини тугатиб “Андижанская правда” газетасида корректор, муҳаррир, масъул котиб, Бош муҳаррир ўринбосари лавозимларида фаолият юритган. Чуқур билимли, дунёқараши кенг, ўта масъулиятли инсон сифатида Георгий Алексеевични раҳбарият ва ҳамкасблари камтарлиги ва самимийлиги туфайли ҳамиша ҳурмат қилиб келган. Уни Андижонда кўпчилик танирди. Ёшлигидан ўзбек тилида равон сўзлашиб, ёшидан қатъий назар ҳаммага “Сиз” деб мурожаат қилган.

1976 йилда Крайнов Ўзбекистон компартияси МҚ тарғибот-ташвиқот бўлимининг газета ва журналлар сектори мудири лавозимига тайинланади.

Бир йилдан кейин уни Ўзбекистон Коммунистик партияси Мараказий Қўмитаси Бош котибининг ёрдамчиси этиб тайинлашган.  Крайнов узоқ йиллар Шароф Рашидов билан ишлаган.

Ўзбекистон Мустақиллигининг дастлабки йилларидан бошлаб Георгий Алексеевич юқори лавозимларда: Ўзбекистон Республикаси Президенти ёрдамчиси, Ўзбекистон  Республикаси Президенти қабулхонасининг Бош консультанти сифатида фаолият юритган. У сафдошларининг ҳурматини, Биринчи Президентнинг ишончини қозонган етук шахс сифатида элга танилган.

Георгий Алексеевич қандай лавозимда бўлмасин ўзидан ёши кичик бўлганларга ҳам “Ака”, “Опа” деб мурожаат қиларди. Охирги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти аппаратининг Ишлар бошқармаси умумий бўлимига қарашли протокол сектори мудири лавозимида ҳам ишлади.

2018 йилдан умрининг сўнгги кунигача Ислом Каримов номидаги Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида катта илмий ходим лавозимида фаолият юритди. Яъни, сўнгги нафасигача ўз Ватанига содиқлик билан хизмат қилди.

Меҳнат фаолияти давомида у бир қатор юксак мукофотларга сазовор бўлган.  “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони, “Дўстлик” ордени, “Меҳнат шуҳрати” ордени, “Содиқ хизматлари учун” медали соҳиби Георгий Алексеевич, Биринчи Президентнинг юксак ишончини ҳамда сафдошлари ва ҳамкасбларининг чексиз ҳурматини хаётидаги энг катта мукофот деб биларди.

У оилапарвар, рафиқасига содиқ елкадош, фарзандларига меҳрибон ота эди. Ҳурматли Оқсоқолимиз Георгий Алексеевичнинг ёрқин хотирасини доимо қалбларимизда сақлаймиз.

 
 

Ёдгорлик мажмуаси жамоаси.