Ёдгорлик мажмуасидаги «Бутун оламни жо қилган юрак» кўргазмасининг экспозицияси вақти-вақти билан ўзгартирилиб, бойитилиб борилиши ҳақида аввал хабар қилган эдик.
Бу галги ўзгаришлар ҳам эътиборга молик. Ўзбекистоннинг Биринчи Президентига мамлакатимизда спорт соҳасини тараққий топтириш, халқаро миқёсда спортни ривожлантиришдаги роли, улкан хизматларининг эътирофи сифатида топширилган мукофотлар, орден ва медаллар кўргазма экспозициясидан ўрин эгаллади.
Яна бир эзгу амал Татьяна Каримованинг ташаббуси билан амалга оширилди. Қимматбаҳо экспозиция орқали кўргазмага ташриф буюрувчилар, Ўзбекистоннинг дунё миқёсидаги юксак нуфузи ҳамда спорт соҳасидаги улкан салоҳиятининг ёрқин намуналари билан бевосита танишиш имкониятига эга бўлдилар. Ислом Абдуғаниевич спорт билан ҳаёти давомида мунтазам шуғулланиб келган.
Биринчи Президентимизнинг севимли машғулотлари қаторида катта теннис, шахмат, футбол, сузиш, баскетбол каби спорт турлари алоҳида ўрин эгаллаган. Оилавий спорт, болалар спортини ривожлантириш, спорт мактабларини ташкил этиш, ўқуви-ёшлар ўртасида уч босқичли мусобақаларни ўтказиш, жаҳон ва олимпия мусобақалари иштирокчиларини рағбатлантириш мамлакатимизда давлат сиёсати даражасидаги устувор масала бўлиб келган. Ислом Каримов Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ҳомийлик кенгашига ўзи раислик қилгани ҳам бежиз эмас. Табиийки, мана шу ишларнинг самарали натижаси сифатида, кўргазмада намоён этилаётган мукофотлар ватандошларимиз қалбидаги ғурур ва ифтихор туйғуларини янада кучайтиради.
Фарход Курбонбоев олган суратлар