ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ФЕВРАЛЬ ВОҚЕАЛАРИ: ЧОРАК АСР ОЛДИНГИ САБОҚ


16.02.2024

         Бундан роппа-роса 25 йил олдин – 1999 йилнинг 16 февраль куни Тошкентда мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк террористик хуруж содир этилган эди. Мамлакатнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳаётига тўғридан-тўғри суиқасд сифатида баҳоланган мазкур терактда 13 киши ҳалок бўлиб, 100 дан ортиқ киши жароҳатланган, Ўзбекистон раҳбарининг ўзи эса бу ҳодисани “давлат ва мустақилликка қарши қаратилган хуруж” деб айтган.

         Дарҳақиқат, пойтахтнинг 5 та жойида амалга оширилган бу қонли ҳодисалар – нафақат мамлакат барқарорлиги ва хавфсизлигини, балки унинг Биринчи Президенти шижоати ва қатъиятини, чинакам етакчига хос иродасини ҳам синовдан ўтказди.

         Ўша даврда Президент Матбуот котиби вазифасида ишлаган Азамат Зиё хотирлайди: “Президент кабинетидаги зирҳланган ойналар ҳам шикастланиб, тарам-тарам ёрилиб кетди. Шунда мен Ислом акага бошқа жойга кўчишни таклиф қилдим. Бу гапни бир марта менга гапирдинг, бошқа гапирмагин! Бу нафақат менга қаратилган, балки энг аввало, халқимизга, давлатимизга ва мустақиллигимизга қарши қаратилган хуруж. Нима бўлган тақдирда ҳам мен ўз ҳаётий принципларимдан кечмайман”, – деган Ислом Каримов.

         Биринчи Президентнинг шахсий фотографи Фарҳод Қурбонбоев ўша воқеаларни шундай ёдга олади: “Портлаш содир бўлиб, ҳамма ёқ остин-устун бўлиб кетган, денг. Содир бўлган воқеа мен учун “адреналин” бўлиб хизмат қилдими, ўша пайт тинмай суратга олаверибман. Шеригим, видео-тасвирчи Ғайрат Шукуровнинг камерасига алланарса учиб келиб тегди ва ускуна ишдан чиқди. Биз, яъни “Давр” тасвирчиси Андрей Слободкин билан иккаламиз, у шўрликнинг елкаси яраланиб, қонаб кетганига қарамай, фото ва видеога олаверганмиз. Дарвоқе, бугун, ўша кунлар ҳақида ҳикоя қиладиган тасвир ва фотолар – иккаламизнинг фавқулодда ижод маҳсулимиз ҳисобланади. Майдонга Ислом Каримов кириб келган пайтдаги ич-ичимдан пайдо бўлган хотиржамлик, қаноатни эсласам, ҳозир ҳам ҳаяжонланиб кетаман. Шунда гувоҳи бўлганим – фавқулодда оғир ҳолатларда – юрт етакчиси яқинингда турганлигининг ўзи одамлар учун далда бўлиб, куч бераркан”.

         Ўшанда воқеа жойидан туриб, телевидение орқали халққа қарата, “Ҳозирги пайтда энг асосий вазифамиз – ваҳимага тушмаслик. Бизнинг – тартибни тиклаш, керак бўлса, бу ярамасларнинг қўлларини кесиб ташлаш учун кучимиз етарли”, – дейди Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти.

         Табиатан ўта қатъиятли, боз устига, мустақиллигига бир неча йил тўлиб, тараққиёт йўлидан эндигина атак-чечак қила бошлаган Ўзбекистон аҳлининг – тинч-тотувлиги ва хавфсизлиги учун кафил сифатида сиёсат майдонига чиққан давлат раҳбари машъум воқеадан сўнг ҳам ўша кунги режалаштирган ишни ортга сурмайди. Яъни Вазирлар Маҳкамасининг йил якунларига бағишлаб ўтиши керак бўлган йиғилишини – Олий Мажлис биносида ўтказади. Буниси энди – чинакам жасорат эди.

         Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам – Биринчи Президентнинг йиллар оша қадр-қимматини йўқотмайдиган бу каби жасорати ва принципларини юксаб баҳолаб, шундай дейди: “Орадан йиллар, асрлар ўтади. Лекин буюк Йўлбошчимизнинг мустақил Ўзбекистон давлатини барпо этиш ва уни ҳар томонлама равнақ топтириш йўлидаги беқиёс жасорати ва тарихий хизматларини халқимиз ҳеч қачон унутмайди”.

         Чорак аср олдин кечган февраль воқеалари ёди эса – бу ҳақиқатнинг ўзига хос гувоҳи бўлиб қолажак.

Ф.Қурбонбоев фотолари